Get Mystery Box with random crypto!

bakiroo

Telegram kanalining logotibi the_bakiroo — bakiroo
Kanal manzili: @the_bakiroo
Toifalar: Bloglar , Siyosat
Til: Oʻzbek tili
Obunachilar: 50.44K
Kanalning ta’rifi

Ўйиндан ташқари фикрлар
Твиттер: https://twitter.com/the_bakiroo

Ratings & Reviews

5.00

2 reviews

Reviews can be left only by registered users. All reviews are moderated by admins.

5 stars

2

4 stars

0

3 stars

0

2 stars

0

1 stars

0


Oxirgi xabar 256

2022-01-06 16:30:00 Ёмон хабар: Ёпиқ протокол билан тухум экспорти тўхтатилган

У қутбдан бу қутбга сакрашлар масаласида Ўзбекистонга, айниқса қонунлар эмас, оғзаки топшириқлар ва ёпиқ протоколлар амал қиладиган Янги Ўзбекистонга тенг келадиган мамлакат топилмаса керак.

Кўп ўйлайман, шунақа ёпиқ қарорлар қабул қилишда, тўхта, бунинг зиёни қанча, фойдаси қанча, деган фикрлар янгрармикан? Бизнинг вазифамиз қўшилган қийматни кўпайтириш, иқтисодиётни ўлдириш эмас, деган ўзгача фикрлар чиқармикан кимдандир?

Ўйлаб ўтирмай, тухум экспорти тақиқини қилибсизлар, хўб, бу ҳақда ҳеч қурса, жамоатчиликни, боринг ана бизнесни огоҳлантириб қўйишнинг иложи йўқми? Ҳамма ҳам сизларнинг кабинетингиз эшигини тепиб кириб, исталган ҳужжатларга, имтиёз ва преференцияларга қўл қўйдириб оладиган корчалон ва олигарх ё дўстларингиз эмас. Ўзбекистон фақат сизларнинг дўстларингиз, олигарх валийнеъматларингиз ва корчалон шерикларингиздан иборат эмас.

Кейингиси, умуман ўзи бирон бир соҳага ё бизнесга оид қарорлар чиқаришда ўша соҳа ё бизнес вакилларини эшитиш имкони борми? Чигитни вилоятдан чиқаришга тақиқ қўйишдан аввал кластерлар билан, ип-калава экспортини тўхтатишдан аввал текстилчилар билан мулоқот қилса бўладими? Чунки сизлар эмас, айнан ўшалар қўшилган қиймат яратаяпти.

Ҳа, айтгандай. Рост ва Ёлғонни ажратиб олиш осон. Ёлғончида ёлғон билан боғлиқ бир нечта версия бўлади, версиялар тинимсиз алмашаверади.

Мана масалан, "Чигитлар ҳукмдори" Қашқадарё ҳокимлигининг аслиятини 2 январдан буён тинимсиз ўзгараётган версияларидан билиб олиш мумкин.

Тухум экспорти тақиқи масаласида ҳам шу. Ветеринария қўмитасининг баёноти ҳали охирги версия эмас. Ҳали товуқ вазирлиги дейиладиган Паррандачилик уюшмаси (шўринг қурғур паррандачилар шулардан экспорт учун рухсат олиш керак) чиқади яна битта версия билан, у ёқда ҳали Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳам версияси бор. Битта маслаҳат-да, аввал ёлғонларингни ўзаро келишиб олинглар.
15.1K views13:30
Ochish/sharhlash
2022-01-06 14:37:40 Ўзбекистон газ экспортини тўхтатди

Ҳарқалай, Энергетика вазирлиги Россиянинг "Интерфакс" агентлигига шундай тарзда баёнот жойлаштирган.

Очиқланишича, газ экспортининг тўхатилиши ички истеъмолдаги мавсумий максимумларни қоплаш учун амалга оширилмоқда.

Шунингдек, 2022 йилда Росссияга газ экспорти режалаштирилмаганлиги маълум қилинган (ўзи 2020 йилдан буён Россияга газ экспорти тўлиқ тўхтаган, Шимолга қараб йўналган магистрал трубалар Туркманистондан газ импорти учун ишлатилмоқда).

Расмий статистикага кўра, Ўзбекистон 2021 йилнинг 11 ойида қарийб 685 миллион долларлик газ экспортини амалга оширган.

Газ экспортининг тўхтатилиши тўғрисидаги баёнотлар Қозоғистонда газ нархи ошиши билан боғлиқ норозиликлар фонида янграётганига эътибор қаратмаслик мумкин эмас.

Демак, Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларида яқин ойларда бизнес ва аҳоли учун газ таъминоти нисбатан яхшиланишини кутса бўлади.
16.2K viewsedited  11:37
Ochish/sharhlash
2022-01-06 11:00:52 Қозоғистондаги беқарорлик рубль курсига таъсир кўрсатаяпти

Қарийб беш кундан буён давом этаётган норозилик акциялари ва кеча атайин мақсадли тарзда уюштирилган провокацияларга қарамай қозоқ тенгесининг долларга нисбатан курси барқарор қолмоқда. Банкларда (онлайн) ҳам, айирбошлаш шохобчаларида ҳам доллар/тенге жуфлигининг котировкалари 435-437 оралиғида ўзгармай турипти.

Лекин Россия рублига нисбатан бундай дейиш мумкин эмас. Доллар/рубль жуфти 2021 йилни 74,5 атрофида тугаллаган бўлса, бугун тонгда ОДКБ интервенцияси хабарлари ортидан мазкур жуфтлик 77,30гача кўтарилди.

Ҳатто нефть нархларининг ошаётганлиги ҳам рублга ёрдам бера олаётгани йўқ.

Халқаро инвесторлар Қозоғистонда бўлиб ўтаётган воқеалар ва воқеаларга ОДКБ ниқоби остида Росссиянинг аралашуви риск оқибатларини асосан рубль ва рус қоғозларида кўришмоқда. Бугун эрталабдан Газпромдан тортиб Яндексгача бўлган акциялар 4-5% атрофида арзонламоқда.

Тўғри, халқаро майдончаларда савдо қилинадиган қозоқ акциялари ва облигациялари қийматида ҳам йўқотишлар мавжуд. Душанбадан буён Kazatomprom 10 % атрофида, Halyk Bank 20%, Kaspi эса 30% атрофида бозор қийматини йўқотди.

Шунингдек, Миллий банк ва Молия бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги тарқатган маълумотга кўра бугундан бошлаб тижорат банклари ва фонд биржаси фаолияти номаълум муддатгача тўхтатилган.
16.8K viewsedited  08:00
Ochish/sharhlash
2022-01-06 07:43:04 Қадим Туркистон тарихидаги энг оғир кунлардан

Кутилган энг ёмон оқибат, афсуски юз берди.

Қозоғистонда юз берган норозилик ва кейинги провокацион тартибсизликлардан, эски ва янги элитанинг ҳокимият учун бошланган яширин курашидан қўшни агрессор давлат ўта устамонлик билан фойдаланди.

Бу ниқобланган оккупация. Ўта оғриқли якун.

Афсуски, тарихимизда бўлган шундай дарслардан хулоса чиқарилмади. Муаллим тарих биз ёмон ўқувчиларни жазолашда давом этмоқда.

Қозоқ Халқига матонат ва куч-қувват яна керак бўлади.

ОДКБ ва ЕОИИ аслида нима эканини тушунмаганлар энди тепада қолмади, деб умид қиламан.

Шу бироз тасалли беради.
16.5K viewsedited  04:43
Ochish/sharhlash
2022-01-05 18:54:48 Қозоғистондаги беқарорлик чўнтакларимизда акс этади

Қозоғистон бизнинг учинчи рақамли ҳамкоримиз. Ўтган 11 ойда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 3,5 миллиард доллардан ошган. Шундан 2,5 миллиард долларлик қисми импорт.

Биз Қозоғистондан йирик миқдорда ун, буғдой, бошқа озиқ-овқатлар ҳамда нефть маҳсулотлари харид қиламиз.

Қозоғистон буғдой ва ун экспортининг ярмидан кўпини Ўзбекистон истеъмол қилади. Бозорларимиздаги нарх-наво қўшниларимизга ҳаддан зиёд боғлиқ.

Қозоғистондан нефть экспортида ҳам Ўзбекистоннинг ўрни юқори (бензин экспортига чекловлар қўйилгач, нефть импорти янаям ошди). Бу борада йил статистикаси очиқлангани йўқ, лекин МДҲда қозоқ нефтини энг кўп истеъмол қиладиган айнан Ўзбекистон ҳисобланади.

Шу маънода, бизнес ривожида ҳам, оддий одамларимиз ҳаёти ва турмуш тарзида ҳам қўшниларимизда барқарорлик бўлишининг ўрни жуда юқори.
11.0K viewsedited  15:54
Ochish/sharhlash
2022-01-05 16:38:23 Қозоқ сайтларини очишда муаммолар пайдо бўлмоқда

Айни пайтда Ўзбекистонда туриб қатор kz доменидаги сайтларни очиш имконсиз қолмоқда.

Нафақат муҳим янгиликлар сайтлари zakon.kz, kursiv.kz, www.inform.kz, tengrinews.kz каби, балки ҳатто мамлакат Президентининг www.akorda.kz сайти ҳам очилмаяпти.

Лекин масалан, Россия пропагандаси учун хизмат қилувчи ва бўлиб ўтаётган воқеаларни бузуқ контекстда кўрсатаётган қозоқ доменидаги спутник сайти маълумотларидан бемалол фойдаланиш мумкин бўлмоқда.
11.9K viewsedited  13:38
Ochish/sharhlash
2022-01-05 15:53:38 Ёмон хабар: қисқа кунларда пахта ёғи ва озуқа нархлари ошишини кутинг. Бу ҳаммаси эмас

Қашқадарёча эмбарго авж олса олаяптики, тинай дегани йўқ.

Қашқадарё ҳокими бутун Қашқадарёни абгор қилса қиладики, бутун Қашқадарёдан бизнесни тумтарақай қочирса қочиради-ки, «маним айтганим, талабим, хоҳишим тўғри, ноҳақ бўлсам ҳам уни наказать қилишим керак», деган истак ва деструктив эгосида маҳкам тураверади.

Ҳокимни тийиб туриши ва Қашқадарё Ўзбекистоннинг бир бўлаги ва унда Ўзбекистон қонунлари ишлашини эслатиб қўйиши лозим бўлган ягона институт эгаси - Давлат раҳбари таътилда. Таътилдаги Раҳбарга, назаримда, фақат ёқимли сўзлар ва хабарлар етказилади.

Бугун мамлакатда аслида нима бўлаётганини деярли кўрмаётган (реалликни кўрмаслик қандай оқибатларга етаклашини қўшни мамлакат мисолида кўраяпмиз), айни пайтда ўтмишга тош отишдан ҳузур оладиган Сенат жим. Тўртта ва яримта сайланган депутати бор Қонунчилик палатаси жим. Қонунчилик борасида одатда энг авангард ва ёқимли гаплар чиқадиган Адлия вазирлиги жим. Зўравонларни чиққан жойига, қонун ижросини эса ҳаётга қайтариши лозим Прокуратура ҳам жим. Ваҳшатли Автопромга қарши охирги жангдан кейин суннатланган Антимонополия ҳам жим.

Мана шу фонда биз ўзи қаёққа қараб кетаётганимизни аниқлаб олишимиз даркор. Бунга ва оқибатларга тайёрмизми?

Ўтган йили апробациядан ўтган ва бу йил роса авжига чиқаётган чигит эмбаргоси қора халқнинг асосий истеъмоли пахта ёғи нархларини, кейин эса озуқа нархини, ўз навбатида гўшт ва сут нархини оширишига розимизми?

Чигит эмбаргоси Ўзбекистон реклама ҳуқуқида Ғарбнинг олиймақом журналларида миллионларни сарфлаб чоп этилаётганидек очиқ ва эркин эмаслигини кўрсатиб беришига, бадбашара феодал башарамизни намоён этишига олиб келишини биламизми?

Чигит эмбаргоси ўз ортидан, эртага ёзда ва кузда ғалла ва пахта эмбаргосини яратишига, вилоятлар эмас, буёғига туманлар ўз чегарасидан қўшни туманларга пахта ё ғалла чиқармай қўйишига қандай қараймиз?

Ҳа, бу мавзуда охирги реплика:

Қўшилган қиймат яратиш мумкин бўлган жойда манфий оқибат яратиладиган маконда жон бошига ЯИМ 4000 долларга етмайди. Кутманг. Умид қилманг.

@the_bakiroo
12.8K viewsedited  12:53
Ochish/sharhlash
2022-01-05 15:27:24 Яхши хабар: Генерация ошаяпти

Биз орзу қилаётган энергетика бозори етарли қувватларсиз ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди. Бозорда талабни қаноатлантирадиган даражада етарли таклиф бўлиши керак. Шу мақсад йўлида янги электр станциялари ишга туширилаётгани қувонарли.

Янги йил арафасида Бухорода Туркиянинг “Aksa Enerji” компанияси билан хусусий шериклик тамойиллари асосида янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилди. Янги станция деярли бутун вилоятнинг хонадонлари учун керакли ҳажмда электрни генерация қила олади.
11.8K views12:27
Ochish/sharhlash
2022-01-05 06:00:06 2022 йил учун уч тилак

Одатда, ҳар йили янги йил таътили кунлари кириб келган йил бўйича кутилмалар ҳақида бўлишардик. Бу йил кутилмалар ҳақида бўлишмаймиз. Йўқ, гап кутилмаларнинг ижобий эмаслиги ёки уларнинг юз беришидан чўчишда эмас гап. Шунчаки бу сафар йилни кутилмалар билан эмас, тилаклар билан бошлаш маъқулроқдек кўринди.

Энг катта тилак шуки, Ўзбекистон ЕОИИ сафига қўшилмасин. Яна бир йил, балки икки йил, яна бир оз масалани чўзиб тура олсак, кифоядек, худонинг ўзи асрайдигандек кўринади. Яратганнинг инояти бўлган мустақиллигимизни ва давлатчилигимизни кейинги авлодга заха етказмай, соя солдирмай етказишимиз зарур.

Иккинчи тилак Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиб кириш билан боғлиқ. 27 йиллик биқиқликка чек қўйиш вақти етди. Эркин бозор йўлида Ўзимизни ўзимиз тарбиялай олмас эканмиз, келинг бизни глобал қоидалар тартибга солсин. Ўзбек халқи ва аждодларимиз минг йиллар давомида эркин савдо билан ўзини ҳам қўшниларини ҳам бойитган, токи ўзимизнинг қобиғимизга ўзимиз ўралиб олмагунимизгача. Қобиғдан қайта чиқиш вақти келди.

Учинчи тилак шуки, Конституцияга кутилаётган ўзгартиришлар ҳокимиятларни ўзаро тийилиши ва мувозанатлашишига олиб келсин, парламент ва суднинг мустақиллиги кучайсин, ўзгаришлар инсон ҳақлари, сўз эркинлиги ва мулк ҳимояси учун ишласин. Лекин Конституцион ўзгартиришлар зинҳор ва зинҳор ҳокимиятнинг умрбодлигини таъминлаш учун баҳона-и сабаб бўлмасин. Биз бу оғир хатодан бир марта ўтдик. Қайтиб ўтгулик қилмасин.

@the_bakiroo
13.7K views03:00
Ochish/sharhlash
2022-01-04 22:27:55 Токаев миллатга мурожаат қилди

Қозоғистоннинг ғарбий ва марказий вилоятларида газ нархларининг оширилиши муносабати билан янграётган қонуний талабларнинг барчаси эшитилиши ва тегишли қарорлар қабул қилиниши айтилган.

Кеча ва бугун бўлиб ўтаётган воқеалар ҳақида икки оғиз. "Шал кетсин" деяпти қозоқлар.

Газ нархини Назарбаевга не алоқаси бор дерсиз?

Бор алоқаси.
Газ монополисти Казтрансгазга Дарига Назарбаеванинг фуқаровий эри Қайрат Шарипбаев бошчилик қилади.
Ҳеч бир мулоқот ва келишувларсиз газ нархларини ошириш ҳаракатида Халқ Назарбоевнинг қўлини кўраяпти.

Президент Токаев талабгорларнмнг илк истагини бажарди, нархлар аввалги даражасига қайтарилди, лекин бироз кеч қолди. Шунинг учун энди талабгорлар ҳукумат истеъфосини сўраяпти.

Бўлаётган воқеаларда албатта ички омил ва йўл қўйилган хатолар асосий, лекин ташқи триггерни эсдан чиқармаслик лозим.

Кремль назорати остидаги ОАВлар, гарчи Россияда узун таътил бўлишига қарамай, воқеаларни фаол, ҳатто иштиёқ билан ёритаетгани сергаклантиради.

Дўст ва биродар қозоқ халқи ва раҳбарияти ташқи кучлар ташвиқоти ва таъсирисиз ўзаро мулоқот ва компромисс йўлини топа олади. Мен бунга ишонаман.
5.6K viewsedited  19:27
Ochish/sharhlash