Get Mystery Box with random crypto!

Ёмон хабар: Ёпиқ протокол билан тухум экспорти тўхтатилган У | bakiroo

Ёмон хабар: Ёпиқ протокол билан тухум экспорти тўхтатилган

У қутбдан бу қутбга сакрашлар масаласида Ўзбекистонга, айниқса қонунлар эмас, оғзаки топшириқлар ва ёпиқ протоколлар амал қиладиган Янги Ўзбекистонга тенг келадиган мамлакат топилмаса керак.

Кўп ўйлайман, шунақа ёпиқ қарорлар қабул қилишда, тўхта, бунинг зиёни қанча, фойдаси қанча, деган фикрлар янгрармикан? Бизнинг вазифамиз қўшилган қийматни кўпайтириш, иқтисодиётни ўлдириш эмас, деган ўзгача фикрлар чиқармикан кимдандир?

Ўйлаб ўтирмай, тухум экспорти тақиқини қилибсизлар, хўб, бу ҳақда ҳеч қурса, жамоатчиликни, боринг ана бизнесни огоҳлантириб қўйишнинг иложи йўқми? Ҳамма ҳам сизларнинг кабинетингиз эшигини тепиб кириб, исталган ҳужжатларга, имтиёз ва преференцияларга қўл қўйдириб оладиган корчалон ва олигарх ё дўстларингиз эмас. Ўзбекистон фақат сизларнинг дўстларингиз, олигарх валийнеъматларингиз ва корчалон шерикларингиздан иборат эмас.

Кейингиси, умуман ўзи бирон бир соҳага ё бизнесга оид қарорлар чиқаришда ўша соҳа ё бизнес вакилларини эшитиш имкони борми? Чигитни вилоятдан чиқаришга тақиқ қўйишдан аввал кластерлар билан, ип-калава экспортини тўхтатишдан аввал текстилчилар билан мулоқот қилса бўладими? Чунки сизлар эмас, айнан ўшалар қўшилган қиймат яратаяпти.

Ҳа, айтгандай. Рост ва Ёлғонни ажратиб олиш осон. Ёлғончида ёлғон билан боғлиқ бир нечта версия бўлади, версиялар тинимсиз алмашаверади.

Мана масалан, "Чигитлар ҳукмдори" Қашқадарё ҳокимлигининг аслиятини 2 январдан буён тинимсиз ўзгараётган версияларидан билиб олиш мумкин.

Тухум экспорти тақиқи масаласида ҳам шу. Ветеринария қўмитасининг баёноти ҳали охирги версия эмас. Ҳали товуқ вазирлиги дейиладиган Паррандачилик уюшмаси (шўринг қурғур паррандачилар шулардан экспорт учун рухсат олиш керак) чиқади яна битта версия билан, у ёқда ҳали Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳам версияси бор. Битта маслаҳат-да, аввал ёлғонларингни ўзаро келишиб олинглар.