2022-01-11 06:00:06
2022 йилда чигит учун кураш яна кучаяди
2021 йилнинг охири ва 2022 йилнинг боши ўзбекистонликлар учун қашқадарёча чигит эмбаргоси воқеалари билан эсда қолди.
Ўтган ҳафтада вазият бирмунча юмшагани, асосий чигит минтақаси Қашқадарёдан нафақат қўшни самарқандлик, балки водийлик тадбиркорлар ҳам биржа орқали сотиб олинган чигитни олиб чиқишга муваффақ бўлишди.
Лекин бу статус-кво узоқ давом этмаслиги мумкин. Ўзини чигитлар ҳукмдори деб ҳисоблайдиган ҳокимлар реванш олишга ҳаракат қилишади.
Чунки чигитга норасмий хўжайинлик ва уни кимга сотишни маъмурий ҳал этиш жудаям соққали масала, бир сўм сарфламай миллиардлар ишлаб топиш мумкин шу йўл билан.
Гарчи ноқонуний бўлса-да, ҳокимларда кластерларга зўравонлик ва босим ўтказиш ричаглари, афсуски, ҳалиям мавжуд. Биринчи ричаг бу кластерлардан ерни тортиб қўйиш таҳдиди билан боғлиқ. Биз яқин тарихимизда бундай воқеаларни кўп кўрдик. Хоҳиш бўлса бас, жойлардаги судларимиз ҳокимлар ноғорасига ўйнашдан бош тортишмайди. Янги қоидаларга кўра кластер билан ишлаётган 66% фермер кластердан норози бўлса, кластер тугатилиши мумкин. Фермерларни кластерга, ҳатто энг самарали кластерга қарши қандай уюштириш мумкинлигини Ўзбекистонда, айниқса Қашқадарёда жуда яхши билишади.
Қолаверса, апрель-май ойларига бориб чигит дефицити ва пахта ёғи, озуқа нархи ўсиши шароитида кластерларга мавжуд чигитни биржага эркин нархларда эмас, "бошқариладиган", "халққа ёқадиган" нархларда чиқариш мажбурияти юкланиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Нима қилмоқ керак? Энг осон йўлини 2022 йилдан кучга кирган қоидаларимиз таклиф этган. Ўтган йилги қарорга кўра,
2022 йил 1 январдан бошлаб пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар томонидан пахтадан олинган чигитни тайёр маҳсулотни қайтариш шарти асосида ёғ-мой ташкилотларига бериш фақат бир пахта-тўқимачилик кластери доирасидаги ташкилотлар ўртасида амалга оширилиши белгиланган.
Яъни кластерлар чигитга чигитни биржага чиқариб сотмасдан эгалик қилиши учун ёғ-мой ишлаб чиқаришни ташкил этишлари керак. Айрим узоқни кўра билган кластерлар аллақачон шу йўлдан юришни бошлаган.
Яна бир йўл хусусийлашириш учун савдога чиқарилган ёғ-мой заводларини сотиб олиш. Тўғри, бу қимматроққа тушиши мумкин. Лекин келажакда ўзини албатта оқлайди.
Шундай экан, чигит ғамини ҳозирдан ўйлаш ва бу бўйича режаларга ҳозирдан киришиш лозим.
@the_bakiroo
14.7K views03:00