2021-12-16 14:17:05
Отинойилар малака оширди Бугун, 16 декабрь куни пойтахтимизнинг “Шайх Зайниддин” жоме масжиди мажлислар залида “Отинойиларнинг хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий фаолиятни янада такомиллаштириш, уларни тарғибот гуруҳлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳғкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мутасаддилар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойилар иштирок этди. Одатдагидек, Қуръони карим тиловати ва дуолар билан бошланган тадбирни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов олиб борди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 ноябрдаги Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида илгари сурилган “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” ғоясидан келиб чиқадиган вазифаларни Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Ж.Мелиқўзиев йиғилганларга эслатиб ўтди.
Ўқув-семинарда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Абдуқаҳҳор домла Юнусов “Никоҳ, талоқ ва идда” ҳамда “Таъзиядаги бидъатлар ва жаноза масалалари” ҳақида маъруза қилиб берди.
Тадбир сўнгида отинойиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтарилди.
Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати
T.me/muslimaat.uz
10.8K views11:17