2023-04-23 18:35:03
#МУТОЛАА_ВАҚТИ
Абу Омир майдонга чиққан одамни олдинига Исломга чақирди. Қабул қилмагач, олиша кетди. Ниҳоят Абу Омир: «Аллоҳим, бу одамга қарши шоҳид бўл», дея бир солган эди, рақиби ўлди.
Кейин унинг ўчини олишга бирин-кетин чиққан тўққиз ака-укани ҳам айни шаклда ер тишлатди. Ўнинчи ука чиқди. У ҳам мусулмонликка чақирилди, бўлмади. Шунда Абу Омир:
- Аллоҳим, бунга қарши ҳам шоҳид бўл! – дея ҳамла қилди.
Рақиби:
- Аллоҳим, менга қарши шоҳид бўлма! - дея ҳайқириб юборди. Абу Омир уни ўлдиришдан воз кечди ва у қочиб қутулди...
Кейинчалик бу мушрик Исломни қабул қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўрсалар: «Мана у, Абу Омирдан қочиб қутулиб қолган одам», деб ҳазиллашар эдилар.
Бу орада Алаъ ва Авфо исмли икки ака-ука бараварига ёй тортиб, бири Абу Омирнинг кўксига, иккинчиси тиззасига ўқ санчишди. Абу Омир салгина олдин ўзи ер тишлатган рақибларининг ёнига йиқилди.
Унинг яраланганини узоқдан кўриб қолиб, Абу Мусо югуриб келди. Амакисининг аҳволи оғир эди. Дарҳол унга ўқ отганларнинг изига тушди. Биттаси жанг майдонида у ёқдан-бу ёққа қочиб юрарди.
- Қочишга уялмайсанми, эй номард?! - дея бақирди.
Одам тўхтади. Оркaсига қайтиб, Абу Мусога ташланди. Бир неча зарбадан сўнг Абу Мусо амакисининг ўчини олди. Сўнгра Абу Омирнинг олдига келиб:
Аллоҳ душманингдан ўч олишимни насиб этди, - деди.
Шу ўқни суғуриб ташла, - деди Абу Омир.
Абу Мусо ўқни суғуриб олди. Ярадан иликка ўхшаш бир суюқлик оқди.
- Эй акамнинг ўғли, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мендан салом айт ва менга мағфират тилаб дуо қилишларини сўра. Мен тугадим, шекилли. Сени ўрнимга қўмондон этиб тайинлайман, - деди. Сал ўтмай жони узилди. Раҳмат фаришталари ҳамроҳлигида ўткинчи дунё билан видолашди.
Аҳмад Лутфий Қозончи “Саодат асри қиссалари”
Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.me/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
3.3K views15:35