2023-04-21 09:52:59
АЛВИДО, ГУНОҲ АМАЛЛАР!
Яратган Роббимизга беадад ҳамду санолар бўлсинки, мана, моҳи Рамазонни имкон қадар муносиб ўтказиш насиб айлади. Аллоҳ таоло бандаларига марҳамат қилиб, савоблар захирасини кўпайтирадиган, гуноҳларга тавба қилиб, маъсиятлардан тийилишга ёрдам берадиган муборак Рамазон ойини ато қилди. Дарҳақиқат, Рамазон мўмин-мусулмонлар учун ҳақиқий чиниқиш, тобланиш мактаби ҳисобланади.
Азиз биродарим, айтинг-чи, бу ой давомида қанчалар савобсевар бўла олдингиз, гуноҳлардан тийилишга, Аллоҳнинг қайтариқларидан ҳазар қилишга қанчалик ўргандингиз?
Келинг, бугундан бошлаб гуноҳ, маъсиятларга, Яратган қайтарган ҳаром ишларга «алвидо!» деймиз! Рамазонга эмас, айнан бизни залолатга бошлагувчи амалларга алвидо дейлик!
Рамазонни, яъни унда адо этиб, ўрганиб, кўникиб қолган солиҳ амалларимизни йил давомида ўзимизга ҳамроҳ қилиб олайлик!
Атрофимиздагиларга меҳр кўрсатиш, саховатда пешқадам бўлиш, Қуръон ва ҳадисларни ўқиб-ўрганиб, уларни ҳа-ётга татбиқ этиш, ота-онамизга ғамхўрлик, аҳлимиз, биродарларимиз, дўсту ёрларимизни эъзозлаш, умуман, ҳақиқий мўминга хос си-фатлар билан хулқланиш бизлар учун дастуриламалга айлансин! Бу борада шижоат кўрсатайлик, жидду жаҳд қилайлик!
Зеро, Рамазонда ҳам, қолган ўн бир ойда ҳам Роббимиз ягона, Рамазонда солиҳ амалларга ундаган Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам битта, у зотнинг кўрсатмалари ҳам айнан бир хил. Биз фақатгина Рамазонда намозга буюрилмаганмиз, Роббимиз бизга намозни доимий фарз қилган. Ҳаромдан тийилиш, етим-есир, бева-бечора, фақир инсонларга саховат кўрса-тиш, меҳр-шафқатли бўлиш ва бошқа хайрли амаллар ҳам худди шундай. Шундай экан, Рама-зондаги барча солиҳ амалларимизни кейин ҳам йил давомида тўхтатиб қўймасдан, давом этти-ришимиз лозим.
Биз учун ҳақиқий байрам қачон бўлади?
Гуноҳлардан тийила олган кунимиз, маъсиятларга алвидо деган онимиздан биз учун ҳақиқий байрам бошланади!
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазондан онадан янги туғилган чақалоқдек гуноҳлардан фориғ бўлган ҳолда чиқишимизни насиб қилсин!
Яратган Эгам нуқсонлик билан қилган барча солиҳ амалларимизни Ўз фазли ва карамига мос тарзда қабул қилсин!
Ҳайит айёмингиз муборак бўлсин, азизлар!!!
«Рамазон соғинчи» китобидан
Дўстларингизга ҳам улашинг:
https://t.me/joinchat/AAAAAEGj0hkBXGlopIDbXA
3.4K views06:52