2023-04-16 20:23:19
Бугун мана шу твитни ўқиб, бир асабим бузилиб ўтиб кетдим. Жамиятимизда “ҳақиқий эркак” култини ясаган мана шунақа бир тоифа бор. Улар ҳақиқий эркак деганда қовоғини осиб жиддий юришни, оиласига доимий бақиришни, чойхонада ҳеч кимга гап бермасликни тушунишади.
Улар учун эркак киши ўз фарзанди билан паркда ўйнаши, эркак очилиб ўз аёли билан суҳбатлашиб сайр қилиши, ёки шунчаки аёли билан ёнма-ён кетганда коляскани итариши уят ҳолат. Бу ҳақиқий эркак, бу жиддий бўлиши керак.
Ўзи чойхонада калорияга тўла ошни еб турган пайтда, шунақаларнинг хонадонида кўпинча аёли ва болалари гўштсиз овқат еб ўтирган бўлади. Бирор жойда кийик ёки кенгуру гўштидан қозон кабоб қилибди деса, бориб еб кўрмаса хаёли жойига тушмайди. Лекин, оиласи билан ўтириб, маза қилиб бир дастурхон атрофида очиқ самимий суҳбатлашиб овқатланолмайди. Эр-хотин, болалар бир-бирига ҳазиллашиб дардини айтиб, чин кўнгилдан суҳбатлашиши нима эканлигини булар ҳеч қачон тушунмайди.
Ундан оиласи қўрқиши керак, бўлмаса ҳурмат қилмайди. Ўз ҳурматини ундан қанча қўрқишлари билан ўлчайди. Ўзича ҳаммасини дўндириб қўйган бўлсада, оиласи бахтсиз, ота ва эр меҳрига зор. Иккинчи хотиндан керилиб гапиради, лекин пастелда ўша биринчисини ҳам ҳеч қачон қондирмаган. Аксар ҳолатда 2-3 дақиқалик сексдан аёл оргазм нима эканлигини билмасдан бахтсиз ўтиб кетади.
Буларнинг бир қисми шу даражадаги, ҳовлида яшаса, ҳовли меҳнатини қилишни ўзига уят деб билади. Бу оила боши, бу буйруқ бериши, болалар томорқага қараши, ер ағдариши, юк кўтариши керак.
Бу учун энг муҳими ана у Жентра. Керак бўлса совуқ ҳавода болалари ва аёли ювади. Бу ҳақиқий эркак кўчада қўлни ойнадан чиқариб керилиб қора Жэнтрада юриши керак.
Хуллас, бунақа типлар бир аёлни ва оилани бахтли қилолмаган, ўз боласига ва оиласига меҳр беришни уят деб биладиган бадбахт одамлар бўлади.
Постни ўқиётган орасида ёш укаларимиз бўлса, билсин. Ҳақиқий эркаклик бу оиласини, ота-онаси, аёли ва боласини севиш, уларга нисбатан масъулиятни ҳис қилиш, уларга меҳр беришдир. Мактабда ёш қизининг байрами бўлаётганда бориб меҳр бериб мухлислик қиладиган эркак ҳақиқий эркакдир. Аёли қўрққанидан эмас, севиб ҳурмат қиладиган эркак ҳақиқий эркакдир. Ҳақиқий эркак у учун ҳар қанақа ҳолатда оила устунлигини билади ва уни манфаатини кўчадан, чойхонадан, Жентрадан ва одамларнинг гапидан устун қўяди. Ҳақиқий эркак буюм ёки жиддийлик орқали эмас, шахс сифатида юксалиб, ниманидир дўндириб ҳурмат топишга ҳаракат қилади. Сен ҳақиқий эркак бўл, шахс сифатида юксал, оилангни бахтли қил, фарзандларингга меҳр бер, самимий бўл. Сени Жэнтрада ўтирган қовоғи осилган, дўқ уриб гапирадиган жиддий одам бўлганинг учун эмас, самимий, ўз устида ишлайдиган, ўтириб маза қилиб суҳбатлашса бўладиган одам бўлганинг учун ҳурмат қилишсин.
Хуллас, бир гуруҳ тилидаги эмас, ҳақиқий “ҳақиқий эркак” бўлгин.
6.1K views17:23