Get Mystery Box with random crypto!

Тарихдаги ёки яқин ўтмишдаги бирор-бир қарорни муҳокама қилиш | Allaev Uz

Тарихдаги ёки яқин ўтмишдаги бирор-бир қарорни муҳокама қилиш осон. Қарор ортидан қанчадир вақт ўтиб, натижалар кўрингандан кейин унинг тўғри ёки нотўғри эканлигини баҳоласа бўлади. Муаммо томони шундаки биз қарорни ҳозирги ҳолдан, қўлимизда бор маълумотлардан келиб чиқибгина баҳолаймиз.

Лекин, тарихда у қарор қилинган қарор қилувчилар ўз қўлидаги бор маълумотлар, умумий руҳий ҳолат ва ўзи вазиятни қанақа кўрганидан келиб чиқиб қарор беради. Бу анча мураккаброқ жараён. Масалан, сиз ҳам ўша ўтмишдаги ҳолатни бугунги ракурсдан кўрмасдан, айнан ўша вақтда ўша ҳолатда кўрганингизда адашиш имкониятингиз кўпроқ бўлади. Чунки қўлда амалда бор маълумотлар ва умумий руҳият реалликдан анча узоқ бўлиши мумкин.

Буни маълумот етишмовчилиги синдроми деса ҳам бўлади. Шу учун ҳам маълумот кўпроқ бўлиши, сифатли бўлиши, қарор ҳиссиётдан эмас, аниқ мантиқдан келиб чиқиши жуда муҳим. Йирикроқ кўплаб миллион инсоннинг ҳаётига таъсир қиладиган қарор берадиган ҳолатда бўлса тийиб турувчи тизим ишлаши, қарор берувчининг ҳаракатлари қонун билан рамкага солинганлиги муҳим бўлади. Шунингдек авторитар бўлмаган эркин муҳитда қарор берувчи унга етиб келган маълумотларни нотўғри талқин қилишига ҳам атрофдагилар йўл қўймаслиги мумкин.

Тарихни баҳолаганда, қарорларни баҳолаганда бугунги ракурс билан эмас, ўша даврдаги ракурс билан қараб билиш жуда аҳамиятли. Бугунги қарорларни ҳам биз қўлимизда бор маълумот ва умумий руҳиятдан келиб чиқиб қиляпмиз. Унинг қанчалик тўғри эканлигини бўлса вақт кўрсатади.