2023-04-11 08:38:53
Тез-тез «нима учун биздан ҳозирда Ибн-синолар, Улуғбеклар чиқмаяпти» деган саволни эшитамиз. Бу ҳақида ТВда ток-шоуларда, тарбия дарсларида, мажлисларда, матбуотда гапирилади, муаммонинг ечими ғоявий томондан қидирилади. Аксар ҳолатда ечим маънавиятда ёки бошқа қайсидир ғояда эканлиги айтилади, шеърлар ўқилади, жадидлар ёки бошқа алломалардан иқтибослар келтирилади. Кимлардир бу учун шунчаки ватанварвар бўлиш етарли деган жойларини ҳам кўрдик. Хуллас, бу саволни муҳокама қилишни яхши кўрамиз.
Лекин, вазиятга реал қарасак аввало саволнинг ўзи хато. Биздан янги Ибн-Синолар эмас, янги дунё тан олган олимлар чиқиши керак. Ибн Сино ва бугунги олим имижи, малакаси, руҳий ҳолати, приоритетлари, вазифаси кескин фарқ қилади. Шу учун ҳам саволни бошқача қўямиз: Биздан нима учун буюк олимлар чиқмаяпти?
Инсоният ривожланиб борган сари илм-фан ҳам ривожланиб боряпти. Дастлабки даврда буюк олим бўлиш учун ёзишни билиш, маълумотлар ёки ўйлаганларини қайд этиш етарли бўлган. Ривожланиш тезлашиб борган сари олим бўлиш талаблари ўзгарган. Энди ниманидир кашф қилиш ёки янги ғоя тақдим этиш учун кўп ўқиш, яна кузатишлар олиб бориш ва ундан кейин айтганини асослаш керак. Илм-фанни ўрганишнинг ўзи даврдан-даврга мураккаблашиб бормоқда.
ХХI асрга келиб илм-фанни ўрганиш узоқ муддат, кучли тизим ва инфраструктура талаб қиляпти. Энди Ибн-Сино каби қайсидир ҳайвонни операция қилиб кўриб янги кашфиёт қилиб бўлмайди. Янги олимлар учун боғчадан бошлаб кучли мактаб, ундан кейин кучли олий таълим, кучли лабораториялар, илмий муҳит, патентлаш жараёнлари бўйича қонунчилик, сиёсий эркинлик ва яна юзлаб шартлар жамланиши керак. Аниғи бугунги илм-фанда янгилик қиладиган олим етиштириш қиммат ва мураккаб инфраструктура талаб қиладиган жараён. Тизим ва инфраструктурадан ташқари олимлар учун илмий муҳит мавжудлиги, олим ҳеч бўлмаси инглиз тилини зўр билиши, имтиёз ва имкониятлар сиёсий садоқатга эмас, малакага қараб бериладиган адолатли тизим яратилиши ҳам зарур ҳисобланади. Мана шундагина жиддий олимлар чиқариш имконияти пайдо бўлади.
Ҳамма шартлар бажарилган тақдирда ҳам, олим жиддийроқ нарса чиқаргунча йиллаб умрини тадқиқотларга сарфлаши зарур бўлади. Бу инсон умрининг деярли ярмини яъни 40 йилни еб қўйиши мумкин. Рўзғор ва орзу - ҳавас бўлса 40 йил кутмайди. Лабораториялар, изланишлар, умуман илм-фан бугун пул туради. Уни совет давридагидек ёки давлат ёки Ғарбдагидек бизнес молиялаштириши, ёки иккаласи ҳам молиялаштириши керак бўлади. Бугунги иқтисодий реаллик билан, бизда на давлат, на бизнес илм-фанга хоҳласада миллиардлаб доллар инвестиция кирита олмайди. АҚШда бўлса биргина Амазон бир йилда тадқиқот ва ишланмаларга 28 миллиард АҚШ доллари сарфлайди.
Демак, хулоса осон, бизда ҳозир жаҳон даражасидаги олим етказадиган инфратузилма ва муҳит, шунингдек олимни ўша даражага ўстирадиган молиявий имконият йўқ. Эйнштейндан кучли 200 IQга эга бўлган болани қишлоғидан Нобел мукофотига олиб борадиган йўл ва транспорт қурилмаган. Йўлни қуриш бўлса жуда қиммат, қийин ва ўн йиллаб ўзгариш, реформалар талаб қилади. Ана у қишлоқдан чиққан боланинг қўлига кетмон эмас, миллион-миллион долларлик ускуналар тутилмас экан, биздан Ибн-Сино у ёқда турсин, ҳатто янги Шерали Жўраев ҳам чиқмайди.
@allaevuzb
2.4K views05:38