2021-12-07 18:46:41
Шавкат Мирзиёев конституциявий ислоҳотлар учун 9 та заруратни санади
Президентнинг байрам табригида конституциявий ислоҳотларнинг объектив зарурат сифатида қуйидагилар санаб ўтилди:
илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини
“инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш;
иқтисодий ислоҳотлар жараёнида
инсон манфаатларини таъминлаш бош мезон бўлиши керак. Бу – халқпарвар давлат барпо этишнинг энг муҳим шартидир;
“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунимизда
фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳам давр талабидир;
Бош қомусимизда
оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларимизни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйишимиз зарур;
Конституциямизда
ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари конституциявий даражада ўз аксини топиши керак;
“Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилни конституциявий қоида сифатида муҳрлашнинг вақти-соати етди;
инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституциямизда
болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари ҳам ўз аксини топиши зарур;
ҳозирги вақтда кўплаб ривожланган давлатлар ўз конституциясига
экологияга оид махсус боблар киритмоқда. Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масала устувор ўрин эгаллаши лозим;
Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш
боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш ҳам мақсадга мувофиқдир.
«Олий Мажлис палаталари, ҳурматли депутат ва сенаторларимиз, муҳтарам нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар жамоатчилиги, ҳуқуқшунос ва сиёсатшунос олимларимиз, илм-фан намояндалари, ижодкор зиёлиларимиз, бутун халқимиз бу масалада ўзининг аниқ фикр ва қарашларини билдирадилар, деб ишонаман», - дейилади табрикда.
@xushnudbek
81.1K views15:46