2022-04-23 18:15:03
#танқид
#Ёшкитобхон
"
ЁШ КИТОБХОН": ТАНИШ ЧЕҲРАЛАР, ДОИМИЙ ИШТИРОКЧИЛАР“
Ёшлар ижод саройи”. "Ёш китобхон" танловининг Республика босқичи бўлиб ўтмоқда.
Жараённи кузатарканман, баъзи иштирокчилар, уларнинг бераётган жавоблари кўп асл китобхонларнинг ҳисларини шамолларга учирганмикан дейман гоҳида?! Балки саволлардир, балки танлов шартларидир уларни фикрлаш эмас, китоб сўзларини кўр-кўрона ёдлашга ундаётган.
Тошкент вилоятидан келган китобхоннинг бир эмас, икки бора “
Шартга тайёр эмасман” дея саҳнани тарк этишини-чи, қандай изоҳлаш мумкин?!
Тайёр бўлмаган иштирокчини ким финалга юборган? Уни оқлаганлар ҳам бўлди, унга қўштирноқ ичида “раҳмат” айтганлар ҳам бўлди.
Тўғри, у иштирокчилар орасида нисбатан ёшроқ бўлиши мумкин. Буни баҳона қилсак, ақл бошда, деган қараш қаерда қолади? Вилоят шарафини ҳимоя қилаётган вакил ўз ҳиссиётларига енгилишини оқлай олмайман...
Иштирокчиларнинг аксарияти иккинчи, учинчи, ҳатто тўртинчи йил қатнашаётганлигини кўп айтишади. Бу йил “
Спарк” ютаман, деб келади ҳаммаси ҳам. Аммо биласанми, бу танловнинг асл мақсадини унуттирмоқда. Китоб ўқишни рағбатлантириш, ёшларни қизиқтириш ўрнига ишончини ўлдирадиган бир сабаб бор бу ерда.
Бир иштирокчининг ҳар йил қайта-қайта танловга чиқиши, мукофот олиши тўғримикан?! Бир йил олдин “Ёш китобхон оила” танловида автомашина билан тақдирланган бир оила бу йил 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида “Спарк” талашди. Ўтган йили 50 миллион сўм олган китобхон бу йил яна 50 миллион сўм пул олиб кетди вилоятига. Танлов фақат мана шу бир гуруҳ ёшларни рағбатлантириш учун ташкил қилинадигандек кўринмаяптимикан?Эсиз! Танловга кўпроқ ёшларни қизиқтириш керак. Республика босқичи иштирокчиларини эса иккинчи бор танловда қатнашишини чеклаш керак. Шундоқ ҳам улар яхшигина пул маблағи билан тақдирланишади.
Албатта, бунга иштирокчилар қарши бўлиши мумкин. Ахир ҳар йили республика босқичида қатнашиб, ғолиб бўлса, машина бўлмаса ҳам 10 миллион сўм пулни олиб кетаверади-да! Танлов ташкилотчиси, молиячиси, рағбатчиларига гап йўқ, улар астойдил ҳаракат қилишган китобхонларга зўр шароитлар яратиб беришган: 5 юлдузли меҳмонхона, бепул овқат...
Иштирокчилар бўлса жойини бўшатишни истамаган пенсионер каби йўл тутмаслиги, керак бўлса шогирдлар тарбиялашга киришиши керак. Улар китоб ўқигани учун рағбатлантирилганининг (аслида китоб ўқиш ҳар кимнинг ўзига керак) жавобини қайтармоқ вақти келмадимикан?
Ҳеч йўқ ўзидан кичикларга ўргатиш, ўзи каби ғолиб бўла оладиган ёшларни тарбиялаш лозимлигини аллақачон тушуниб етишлари керак эди.
Танлов низомида Республикадаги энг катта танлов, деган сўзларни ўқиб, бошқа кўрик, танловларда қандай вазият эканлигини ўйламасликнинг иложи йўқ...
Мадина АБДУСАМАТОВА,
журналист
Каналга уланиш:https://t.me/+tcc8Accr_k80OGNi
11.4K viewsedited 15:15