2021-06-02 16:41:45
Халқ таълими вазири ўринбосари имконияти чекланган болаларни байрам билан табриклаш учун Жиззахда бўлди
Халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов имконияти чекланган болаларни 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан табриклаш учун Жиззах вилоятига борди.
Вазир ўринбосари вилоят масъуллари билан биргаликда халқ таълими бошқармасига қарашли Заиф эшитувчи болалар махсус мактаб интернатининг очилиш маросимида қатнашди.
Ушбу масканда 20 та синф хоналари, математика, физика, география, кимё-биология, тарих, рус тили, тасвирий санъат, она-тили ва адабиёт фанларини ўқитишга ихтисослаштирилган хоналар, 8 та коррекцион йўналишдаги якка машғулотлар олиб бориладиган хоналар, 10 та касбга йўналтирувчи ўқув хоналари, 100 ўринли фаоллар зали, спорт зал, сунъий қопламали очиқ спорт майдони, замонавий электрон кутубхона ва инновацион компьютер хонаси мавжуд.
Шунингдек, ўқувчиларга қулай шароит яратиш мақсадида 3 та бинодан иборат 200 ўринли барча қулайликларга эга шинам ётоқхоналар, 200 ўринли ошхона, ўқитувчилар хонаси, ёшлар етакчиси хонаси, психолог, сурдолог-дефектолог ҳамда маъмурий-бошқарув хоналари ташкил этилди.
Шу куннинг ўзида Темур Комилов Кар болалар махсус мактаб интернатида бўлди. Жиззах вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан мазкур мактаб интернатига маҳаллий бюджет ҳисобидан қарийб 6 млрд. сўм маблағ ажратилиб, махсус мактаб интернатида замонавий дизайн асосида замон талабига жавоб берадиган махсус хоналар, спорт зали, ошхона, 160 ўринга мўлжалланган ётоқхона ва ювиниш хоналари капитал реконструкция қилинганлигини алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Халқ таълими вазирлигининг расмий саҳифаларига уланиш
Telegram
| Youtube
| Facebook
| Instagram
10.9K views13:41