2022-01-20 13:44:07
Яна банкомат комиссиялари тўғрисида
Одатда, Марказий банк анжуманларида ОАВнинг, айниқса давлат ОАВларининг энг кўп сўрайдигани
"нега кредитлар фоизи қиммат ва нега банкоматлардан нақд пул ечиш комиссиялари бор", деган саволлар бўлади.
Бу сафар ҳам истисно бўлмади.
Аввал ҳам бу саволга жавоб берилгани учун бунга муносабатимни қайта жойлаштиришни лозим топдим.
Албатта ҳар бир фикр ўринга эга, энг асосийси билдирилаётган хоҳиш-истаклар вақти келиб амалга ошади ҳам.
Келинг, нега ўзбек банкларида мижозлар ҳатто ўз банкининг картасидан ўзи банки банкоматидан ҳам пул ечишда комиссия мавжуд, ўйлаб кўрайлик.
Биринчидан, банклар аъзо бўлган процессинг марказлари комиссиялари мавжуд ва комиссиялар сезиларли даражада юқори. Уни бекор қила олиш ёки пасайтириш банклар ихтиёрида эмас.
Иккинчидан, ривожланган мамлакатларда нақд пулнинг манфий нархи бўлса, бизда унинг нархи мусбатлигича қолмоқда. Иқтисодиётимизнинг ҳозирги аҳволи, нақдсиз тўловлар инфратузилмаси, серхаражат инкассация, нақд пул фетишизми унга бўлган талабни юқори даражада қолаётганини белгиламоқда. Буни ҳам инкор этиб бўлмайди.
Учинчидан, ўзбек банклари банкомат бозорига охирги 3-4 йилда фаол киришни бошлади. Яъни бозорга киришнинг дастлабки харажатлари ривожланган ва банкомат бозори аллақачон шаклланган ҳудудларга нисбатан юқори. Банкоматлар сотиб олиш ва жойлаштириш ўзбек банклари асосий фондга харажатларининг энг сезиларли моддаси бўлиб қолмоқда.
Бу билан банкоматлардан нақд ечиш амалдаги комиссияларини оқламоқчи эмасман. Лекин ўзбек банкларининг очкўзлиги туфайли комиссиялар мавжуд деган фикрдан йироқман.
Бозор, ҳа айнан бозорнинг кенгайиши ва Рақобат банкоматдан нақд пул ечиш комиссияларини пасайиб боришига замин яратади. Ҳа, бунга яна вақт керак, лекин агар шошилиб бунга маъмурий таъсир кўрсатмоқчи бўлинса, зарарли натижаларга келинади.
Энг асосийси, унутманг, бозорда текин, бепул нарса бўлмайди. Регулятор банкоматдаги нақд пул таннархини 0,65% атрофида эканини маълум қилди (бу ўртача, айрим ҳудудларда таннарх 1%дан зиёд). Кимдир бунинг учун тўлаши керак. Масалан, сизнинг хоҳишларингиз учун регулятор эртагаёқ директив тарзда банкомат комиссияларини ноль қилдиришга кучи етади. Лекин бунинг оқибатларида ё банклар банкомат бизнесини тўхтатади ёки банкомат харажатларини бошқа маҳсулот нархига қўшиб юборишга мажбур бўлади. Оқибатда барибир истеъмолчи тўлайди.
Эсланг, 2017 йилгача банкоматлардан нақд пул ечиш бепул эди, банкоматларда нақд пул бормиди ўшанда?
Мен бунга ишонаман, яқин 2-3 йилда банкоматлар комиссияларини пасайишига ва ҳатто ўз банкининг банкоматидан бепул нақдлик ечишга етиб борамиз.
Бозоргача йўл доим узун ва мураккаб бўлади.
@the_bakiroo
12.0K viewsedited 10:44