Get Mystery Box with random crypto!

Бу йил буғдой нархи қандай бўлади? Ўзбек фермерининг шўр пешо | bakiroo

Бу йил буғдой нархи қандай бўлади?

Ўзбек фермерининг шўр пешонасига ўтган йили буғдой нархлари анча паст бўлди (илк марта бозорга ўтилган 2022 йилга нисбатан). Энг максимумларда ҳам буғдойнинг тоннаси 3 млн.сўмга бормади. Мавсум авжига чиққан кунларда ўртача нархлар 2,5-2,6 млн.сўм атрофида бўлди.

Бу йил ҳам аҳвол шунга қараб кетаётгандек эди. Март ва апрель ойларида буғдойнинг глобал котировкалари 200 доллардан паст даражада турди. Лекин охирги кунларда Россия жанубида ёғингарчиликлар кутилганидек бўлмаётгани туфайли АҚШда ҳам, Европада ҳам нархлар секин-аста кўтарилмоқда. Кеча тоннага ўгирганда буғдой нархи 260 доллардан ошди.

Янгиланган энергетика тарифлари, монополлашган кимё ва ёқилғи харажатлари ошишдан тўхтагани йўқ. Ўрим мавсумида агарда нархлар ўтган йилдагидек даражада қолса, жуда кўп фермерларнинг молиявий аҳволи оғирлашади. Ғаллачиликка нисбатан рағбат синади.

Қишлоқ хўжалигида нархларнинг ҳаддан зиёд ошиб кетишининг салбий оқибатлари қанчалик ёмон бўлса, нархларнинг ҳаддан зиёд пасайиб кетиши ҳам шунчалар ёмон.