2023-04-02 18:30:28
Миллиардернинг устози
Миллиардер Рожиҳий айтади: “Шу даражада фақир эдимки, мактаб маъмурияти томонидан ташкил этилган, иштирок этиш баҳоси бир риёл бўлган саёҳатда қатнаша олмадим. Қаттиқ йиғлаганимга қарамай бир риёл ҳам пули йўқ оилам ҳеч нарса қилолмади. Саёҳатдан бир кун олдин мактабда фаластинлик устознинг саволига тўғри жавоб берганим учун синфдошларимнинг қарсаклари садоси остида устозим менга бир риёл мукофот берди. Ўшанда бу ҳақда ўйламай дарҳол бориб саёҳатда иштирок этдим. Қаттиқ йиғи-сиғиларим бир неча ойлик саодатга айланди.
Улғайдик, кунлар ўтиб мактабни якунлаб катта ҳаётга қадам қўйдик. Мустақил ҳаётда яшаб, ишимизни топганимиздан бир неча йиллар ўтиб, Аллоҳ таолонинг фазли ила хайру саховат қилиш қандай улуғ амал эканини билдим. Ана шу онларда менга бир риёл берган фаластинлик мударрисни эсладим. “Устоз бир риёлни менга садақа сифатида бердимикин ёки чиндан мукофот сифатидами” деб ўзимдан сўрай бошладим, барибир тагига етолмадим. Қандай ниятда берган бўлсалар ҳам ўша пайтдаги катта бир муаммо ҳал бўлган эди… Мана шундай ўйлар мени фаластинлик устозни излаб мактабга боришга ундади. Манзилларини суриштириб билдим. Устоз билан учрашиш ва аҳволларидан хабар олишни кўнглимга тугдим.
Ниҳоят устоз билан кўришдим. Қийин аҳволда, ишсиз, кўчиб кетишга ҳозирлик кўриб яшаётган эканлар. Ҳол-аҳвол сўрашгандан сўнг “Устозим, менинг устимда сиздан бир неча йиллар олдин олган катта қарзим бор” дедим. Устоз қатъият билан “Ҳеч кимнинг мендан қарзи йўқ” дедилар. “Саволингизга тўғри жавоб бергани учун талабангизга бир риёл бергансиз. Ўша талабани эслай оласизми?” деб сўрадим. Устоз бироз ўйланиб туриб, кулган ҳолда “Ҳа, ҳа, бир риёлни қайтариш учун мени изладингизми?” дедилар. “Ҳа” дедим. Қаттиқ илтимосимдан сўнг устозни ўзим билан машинага ўтқизиб жўнаб кетдик ва чиройли вилла олдида тўхтадик. Машинадан тушиб, ичкарига кирдик. Устозга қараб, “Эй фазилатли устозим, мана шу вилла, анави машина ва бутун умр тўланадиган маош сиздан олган қарзимнинг тўловидир” дедим. Устоз ҳайрон бўлиб, “Бу жуда кўп” дедилар. “Ишонинг, менга бир риёл берган вақтингиздаги туйган қувончим сиз уй ва машина сабабли ҳис этаётган қувончдан анча кўп эди. Ўша қувончни ҳамон унутганим йўқ” дедим.
Мусулмонларнинг қалбларига қувонч улашинг, ташвишларининг аришига сабабчи бўлинг ва мукофотни Карийм Зотдан кутинг”
Аллоҳ таоло мударриснинг бир риёл сарф этиб қилган эҳсонини бир бандасининг қўли орқали уй, машина ва бир умрлик маош ила мукофотлади.
Эслатиб ўтамиз, дунёдаги энг катта вақф этилган хурмозор Рожиҳий фондига тегишли бўлиб, бу боғ Саудия Арабистонининг Бурайда шаҳрида жойлашган. У дунёдаги энг катта майдонни эгаллаган хурмозордир.
Бу боғ Гиннеснинг рекордлар китобига кирган.
Майдони 54.660 донум*дир.
Боғда 45 навдаги хурмолар етиштирилади.
Ҳар йили Рамазон ойида Макка ва Мадинадаги намозхонларга ўнлаб тонна хурмолар текинга тарқатилади.
*Донум — майдон ўлчов бирлиги бўлиб, 910 квадрат метрга тенг.
Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
@pedagoglarmiz
8.0K views15:30