2022-09-04 07:09:01
УСТОЗ давоми
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
2984- عَنْ أَنَسٍ أَنَّ أَهْلَ الْيَمَنِ قَدِمُوا عَلَى النَّبِيِّ فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ ابْعَثْ مَعَنَا رَجُلاً يُعَلِّمْنَا السُّنَّةَ وَالإِسْلاَمَ قَالَ: فَأَخَذَ بِيَدِ أَبِي عُبَيْدَةَ فَقَالَ: هَذَا أَمِينُ هَذِهِ الأُمَّةِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.
2984. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Яман аҳли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Биз билан бизга суннатни ва Исломни таълим берадиган кишини юборинг», дедилар.
Бас, у зот Абу Убайданинг қўлидан ушлаб туриб:
«Мана бу ушбу умматнинг амийнидир», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу икки ривоятдаги гаплар ўша яманлик мусулмон бўлган Саййид ва Оқиб билан бўлиб ўтган гаплардир. Чунки Нажрон Ямандаги бир диёрдир.
Ушбу икки ривоятдан Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг ҳақиқий амийнликларини Набий алайҳиссаломнинг ўзлари алоҳида таъкидлаганликларини билиб оламиз. Айни ана шу сифатларни эътиборга олиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини бошқа юртдаги янги мусулмон бўлганларга Исломдан дарс бериш учун устоз қилиб юбормоқдалар.
Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуда устозлик қобилиятлари олий даражада эканлигини бошқа бир ривоятдан ҳам билиб оламиз.
Ибн Асокир келтирган ривоятда Абу Саълаба розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени яхши таълим одамга юборинг» дедим.
Бас, у зот мени Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга юбордилар ва:
«Мен сени таълимингни ва одобингни яхши қиладиган кишига юбордим», дедилар».
Имом Тобароний ҳам Абу Саълаба розияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни қуйидаги зиёдаси билан келтирган:
«Борсам, у билан Башир ибн Саъд Абу Нўъмон гаплашиб ўтирган экан. Икковлари мени кўриб, сукут сақлашди. Мен:
«Эй Абу Убайда, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бундай демаган эдилар», дедим.
«Сен аввал ўтир, кейин сенга гапирайлик», деди у ва:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сизларда ҳозир нубувват бор. Кейин нубувват йўлидаги хилофат бўлади. Сўнгра подшоҳлик ва жабрлик бўлади», дедилар», деди».
Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг кишиларга таълим ва одоб ўргатишда зўр қобилиятли устоз эканликларини таъкидламоқдалар. Бу катта фазлдир.
#HadisvaHayot #ҲадисваҲаёт
Яқинларингизга ҳам улашинг!
2.3K views04:09