2022-09-10 09:47:04
ҲАЗРАТИ УМАР ДАВРИДА давоми
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу яна бир бор Шомга келганларида Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу билан охирги марта учрашдилар. Аммо икковлари ҳам бу охирги учрашувлари эканлигини билмас эдилар.
Имом Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар Шом томон сафарга чиқди. Токи у Сарғ¬га етганда унга Ажноднинг аҳли – Абу Убайда Жарроҳ ва унинг асҳоблари учрадилар ва Шомда вабо воқеъ бўлганининг хабарини бердилар. Шунда Умар Ибн Аббосга:
«Менга биринчи муҳожирларни чақириб кел», деди.
Мен уларни чақириб келдим. У уларга масла¬ҳат солди. Улар эса ихтилоф қилишди. Баъзилари:
«Сен бир иш учун чиқдинг. Энди ундан қайтишингни маслаҳат бермаймиз», дедилар. Бошқалари эса:
«Сен билан бирга одамларнинг қолганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳо¬балари бор. Уларни манави вабога олиб боришинг¬ни маслаҳат бермаймиз», дедилар.
«Жўнанглар олдимдан! – деди-да, сўнгра: – Менга Ансорийларни чақириб қўй юбор», деди.
Мен уларни чақириб келдим. Бас, уларга ҳам маслаҳат солган эди, улар ҳам муҳожирларнинг ихтилофдаги йўлини тутдилар. Уларга ҳам:
«Жўнанглар олдимдан! – деди-да, сўнгра: – Менга ҳов анави ердаги Қурайш шайхларидан фатҳ муҳожирларини чақириб кел», деди.
Уларни чақириб келдим. Уларнинг иккиси ҳам ихтилоф қилмади. Улар:
«Одамлар билан орқага қайтишингни, уларни вабо томон олиб бормаслигингни маслаҳат берамиз», дедилар.
Умар одамлар орасида жар чақиртириб:
«Албатта, мен тонг чоғида уловимни минурман», деди.
Шунда Абу Убайда:
«Аллоҳнинг қадаридан қочибми?» деди.
Умар унга:
«Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди!? (Умар унга хилоф қилишни ёқтирмас эди.) Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан Аллоҳнинг қадарига қочамиз. Айт¬гин-чи, агар сенинг туяларинг бўлса-ю, улар иккига бўлинган бир водийга тушсалар. Бўлакларнинг бири серҳосил бўлса-ю, бошқаси қуруқ бўлса, ҳосилдорида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан, қуруғида боқсанг ҳам Аллоҳнинг қадари ила боқасан. Шундай эмасми?!» деди.
Шу пайт Абдурроҳман ибн Авф келиб қолди. У ўзининг баъзи ҳожатлари ила кетган эди.
«Бу ҳақда менда илм бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачон унинг бирор ерда борлиги ҳақида эшитсангиз, у томон борманг. Қачон сиз турган ерда у воқеъ бўлса, ундан қочиб чиқмангиз», деганларини эшитганман», деди.
Шунда Умар Аллоҳга ҳамд айтди ва ортига қайт¬ди».
Бу ривоятдан кўплаб маълумотлар олиш мумкин. Шунинг учун уни шошилмасдан, бирма-бир таҳлил қилиб чиқсак, яхши бўлади.
«Умар Шом томон сафарга чиқди».
Ҳазрати Умарнинг бу сафари 17-сана охири, 18 ҳижрий сана аввалида бўлган. У киши Шомдаги мусулмонларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида бир қанча саҳобаларни ўзлари билан олиб, йўлга чиққанлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Шомга қараб йўлга чиққанлари ҳақидаги хабар ҳамма томонга тарқалган. Жумладан, бу хабарни ўша даврдаги Шомнинг волийси Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ҳам эшитиб, ўз одамлари билан халифани кутиб олиш учун йўлларига чиққанлар.
Давоми бор...
#HadisvaHayot #ҲадисваҲаёт
Яқинларингизга ҳам улашинг!
3.4K views06:47