2024-06-29 19:45:00
#Расулуллоҳ_мўъжизалари
149-мўъжиза
Дуо билан қўлнинг шол бўлиб қолиши
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишлари юксалаётганини, мусулмонлар кўпайиб кетаётганини кўрган Қурайш аҳли токи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таслим бўлмагунларича Бани Ҳошим, Бани Абдулмутталиб ва Бани Абдуманнофлар оиласига қарши келишишди. Улар билан олди-сотди қилмаслик, никоҳ тузмаслик, гаплашмаслик, ўтирмасликка аҳд қилиб, уларга шарт қўйишди, бу тўғрида саҳифа ёзиб, Каъбанинг деворига осиб қўйишди. Бу саҳифани Мансур ибн Икрима ибн Омир ибн Ҳошим ёки Назр ибн Ҳорис ёзган дейилади.
Аслида, уни Буғайз ибн Омир ибн Ҳошим ёзган эди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни дуоибад қилдилар, қўли шол бўлиб қолди.
Илм аҳлидан баъзиларининг келтиришича, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам амакилари Абу Толибга: “Эй амаки, Раббим Аллоҳ таоло Қурайшнинг саҳифасига бир қуртни қўйди. У қурт саҳифадаги бўҳтон, зулм, қариндошлик алоқаларини узиш ҳақидаги барча сўзларни йўқ қилди. Унда фақат Аллоҳнинг исми қолади”, дедилар. Абу Толиб: “Сенга бу ҳақда Раббинг хабар бердими?” деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа”, дедилар. “Аллоҳга қасам, сенинг олдингга ҳеч ким кирмайди”, дея Абу Толиб Қурайшнинг олдига чиқди. “Эй Қурайш аҳли, укамнинг ўғли хабар берди. Кўрайлик-чи, агар саҳифаларингиз жияним айтганидек бўлса, қариндош-уруғчиликни узишдан қайтинглар ва қўйган шартларингизни бекор қилинглар, агар ёлғон бўлса, жиянимни сизларга топшираман”, деди. Шунда қурайшликлар: “Розимиз”, дейишди. Бориб қарашса, саҳифа Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек бўлиб чиқди. Буни кўриб, уларнинг ёмонлиги ортди. Қурайш аҳли бир жамоа тузиб, тузган шартномаларини бекор қилишди.
@mehrob_uz
40.2K views16:45