2023-02-01 14:14:13
У киши бой эдилар, аммо...
Абдурраҳмон ибн Авф (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ҳаётлик чоғида жаннат башорати берилган саҳобалардан бири эдилар. Исломни саккизинчи бўлиб (Абу Бакр Сиддиқ қўлларида) қабул қилганлар. Мадинага ҳижрат қилиб келганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у киши билан ансорийлардан Саъд ибн Рабийъ (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ўрталарида муохот (биродарлик риштасини) боғладилар. У киши Абдурраҳмонга “Сизга молимнинг ярмини бераман, сизни уйлаб қўяман”, дедилар. Абдурраҳмон ибн Авф эса:
“Аллоҳ сизнинг аҳлингизга ҳам, молингизга ҳам барака берсин. Менга бозорни кўрсатиб қўйинглар”, дедилар. Ўша ердан савдо қилиб аҳли байтлари учун қурт ва сарёғ орттириб келардилар. Кейинроқ ансорийлардан бир аёлга уйланганларида Расулуллоҳ кийимларидаги сариқликни кўриб:
“Бу нима?”, дедилар.
“Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллага бир аёлга уйландим”, дедилар. Расулуллоҳ:
“Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қилгин”, дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу дуолари билан Аллоҳ таоло Абдурраҳмон ибн Авфнинг савдосига кенг баракани бериб қўйди. Имом Аҳмад қилган ривоятда Абдурраҳмон ибн Авф (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин):
“Агар бир тошни кўтарсам ҳам унинг тагидан тилла-кумуш топиб оладиган бўлдим”, деганлар.
Ҳаётларининг асл моҳияти: У киши жуда ҳам иши юришган савдогарга айландилар. Аста-секин моллари ҳисобига етиб бўлмайдиган даражада кўпайди. Аммо у киши Ислом тарбияси асосида бой бўлган зот эдилар. Шунинг учун бошқа бойлардан тубдан фарқ қилар, тижорат ва мол топиш у киши учун ҳаёт-мамот иши эмас, балки жамиятга хизмат қилиш йўлидаги топшириқни бажариш, Аллоҳнинг розилигини топиш воситаси эди. Шунинг учун ҳам Абдурраҳмон ибн Авф (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) бирор марта ҳам Ислом жамияти фойдаси учун ўтказилган оммавий сафарбарликлардан четда қолмаганлар. Ўша сафарбарликларга ўз моллари билан иштирок этиш билан бир қаторда, жонлари билан ҳам иштирок этганлар.
У кишининг ўша даврдаги мол-мулкларининг бугунги кундаги қиёси ва ҳисоблаш мушкул бўлган катта рақамлар даражасида бўлгани яна бир алоҳида мавзу.
Аллоҳ Ўзи мулк берганларнинг инфоқларига барака берсин!
Дўстларингизга ҳам улашинг
╰───➤
t.me/OlimjonAllohquli
telegram | instagram | facebook
1.1K views11:14