2022-10-12 18:37:14
Анъанавий ва исломий лизинг ўртасидаги асосий фарқлар
Лизинг – молиявий ижара битимининг бир тури бўлиб, бугунги кунда тадбиркорлар томонидан кўп фойдаланиладиган хизмат туридир. Лизингда бирор мулк (ускуна, транспорт воситаси, техника ёки кўчмас мулк) ижарага олиниб, ижара муддати охирида ушбу мулк ижарага олувчининг мулкига ўтиб кетади. Бундай битимлар тадбиркорлар учун керакли асосий воситалар ва бошқа қимматбаҳо мулкларни муддатли ижара тўлови асосида қўлга киритиш имконини беради.
Бироқ аксар анъанавий лизинг шартномаларида томонларнинг исломий молия тамойилларига зид шартлар ҳам учрайди. Шунинг учун халқаро амалиётда исломий молияси тамойилларига мувофиқ лизинг битимини («ижара мунтаҳия бит-тамлик») тузиш қоидалари қўлланилади.
Анъанавий ва исломий лизинг шартлари асосан қуйидагиларда фарқ қилади:
1. Анъанавий лизингда лизинг шартномаси тузилгани учун комиссия тўлови ундирилиши мумкин, исломий лизингда бу жоиз эмас.
2. Анъанавий лизингда мулкнинг нобуд бўлиши ёки зарар кўриши хавфи тўлиқ лизинг олувчининг зиммасига ўтказилади. Исломий лизингда эса лизинг олувчи мулк унинг айби билан зарарланган тақдирдагина жавобгар бўлади. Форс-мажор ёки бошқа сабабларга кўра мулкнинг зарар кўриш хатари лизинг берувчининг зиммасида қолади.
3. Анъанавий лизингда ижара тўлови вақтида тўланмаса, қўшимча фоизлар (пеня) ҳисобланади. Исломий лизингда бу каби қўшимча фоизлар ҳисоблаш тақиқланган.
4. Анъанавий лизингда шартноманинг баъзи шартларини бузганлик учун жарималар белгиланиб, бу жарималар лизинг берувчининг даромади сифатида тан олинади. Исломий лизингда бундай жарималар тўланган тақдирда ҳам, уларни тўғридан-тўғри хайрия мақсадларига йўналтириш талаб қилинади, бу тўловлар лизинг берувчининг даромадига олинмайди.
5. Анъанавий лизингда мулкни суғурталаш харажатлари лизинг олувчининг зиммасига юклатилиши мумкин. Исломий лизингда мулкни суғурталаш харажатлари фақатгина лизинг берувчининг зиммасида бўлади.
6. Анъанавий лизингда мулк шартнома муддати тугамасидан аввал лизинг олувчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра нобуд бўлса, зарар лизингга олувчининг зиммасида бўлади. Исломий лизингда бундай ҳолат юз берган тақдирда аввал тўланган ижара тўловлари оператив ижара бўйича бозор нархида қайта ҳисоб-китоб қилинади. Агар лизинг олувчи тўлаган тўловлар кўпроқ чиқса, ортган маблағ унга қайтариб берилади.
Исломий лизинг шартномасини тузишда бундан бошқа яна бир қатор шартлар ҳам бор бўлиб, уларни ҳам исломий молия тамойилларига мослаштириш керак. Бу борада маслаҳатлар олиш учун «ASSOODIQ CONSULT» компаниясига мурожаат қилишингиз мумкин.
Телефон: 55 500 5995
Яқинларга ҳам улашамиз.
@assoodiqconsult – обуна бўлинг
1.4K views15:37