2024-05-01 18:05:13
Бугун пластик карталардан p2p ўтказмалар йилига 100 млн сўм билан чекланади, деган янгилик ўқиб қолдим. Бунга уч хил реакция билдирдим (ичимда). Чунки турли ҳис-туйғуларни келтириб чиқарди менда. Қайси бир реакциям тўғрироқ ва самаралироқ бўлганига ўзингиз баҳо беринг.
1.
Facebook реакцияси: бу юлғуч давлат фақат халқни юлишни билади! Энди одамга ўхшаб пластикдан ўтказолмаймиз! Ҳамма нарсага аралашади, ҳар қаердан пул қилай дейди ҳаромхўрлар! Давлат айниди, халқ хор бўлди!
2.
Telegram реакцияси: аҳмоқона қарор. Биринчидан, p2p ўтказмалар фақат даромаддан дарак бермайди — одамлар қарз олади, қарз қайтаради, яқинларига ёрдам ёки бирор харажат учун пул юборади, хуллас, бу бир замонавий қулайлик. Бунга қараб зинҳор даромадга баҳо бериб бўлмайди. Алоҳида одамлар бу тизимни суиистеъмол қилаётгани бутун тизимни йўқ қилиш керак дегани эмас. Қолаверса, қарор терс натижа беради — яна ҳамма нақд пулга ўтиб кетади, давлат ташкилотлари молиявий оқимларни назорат қилиш имкониятидан маҳрум бўлади, пул ишлари анча қийинлашади. Замонавий технологиялар замонида бундай аҳмоқона чекловлар ўрнатиш жамиятни орқага тортади,
Каримов замонларидаги шубҳачиликни, пул топишдан қўрқишни ва қора пулга талабни кучайтириб юборади. Ҳафтафаҳм чаламутахассисларгина ўзининг оёғига бундай болта уриб, тараққиётни тўхтатадиган ва ишлаб турган тизимни бузадиган ташаббусни жиддий кўриб чиқиши мумкин.
3.
Жамшид Акбаров реакцияси:
Термуламан бир картага, бир йўлга.
Қўлнинг кири пул ўлсин-а, пул ўлсин!
Пул ўтказма, нақдин беравер қўлга.
Ўтказмалар чеклангани рост бўлсин!
@AsanovEldar
9.9K viewsedited 15:05