Get Mystery Box with random crypto!

Асанов формати

Kanal manzili: @asanoveldar
Toifalar: Bloglar
Til: Oʻzbek tili
Mamlakat: Oʻzbekiston
Obunachilar: 14.94K
Kanalning ta’rifi

Канал муаллифи, тилшунос, журналист ва блогер Эльдар Асанов тиллар, тарих, антропология мавзуларида таҳлилий ва оммабоп материаллар бериб боради.
Канални қўллаб-қувватлаш: tirikchilik.uz/AsanovEldar
Тижорий ҳамкорлик учун: @AshiVanghuhi

Ratings & Reviews

4.33

3 reviews

Reviews can be left only by registered users. All reviews are moderated by admins.

5 stars

2

4 stars

0

3 stars

1

2 stars

0

1 stars

0


Oxirgi xabar 4

2022-08-25 12:55:53 Ўшда яшовчи бошқа этник ва маданий гуруҳлар ҳақида қисқача. Қисқачалигига сабаб – мен асосан ўзбеклар билан мулоқотда бўлдим, қолганлар ҳақида кўпроқ сўраб-суриштириб, маълумот тўпладим.

Сон жиҳатдан ўзбеклардан кейинги ўринда қирғизлар туради. Қирғизларнинг Ўшга миграцияси СССР таркибида шу номли давлат ташкил топганидан сўнг бошланиб, 1990-йилларда айниқса кучайган (оммавий кўчиб кетган русларнинг ўрнини қирғизлар тўлдирган) ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Бугунги кунда улар асосан шаҳарнинг янги қисмларида, микрорайонларда истиқомат қилади, лекин эски маҳаллаларга ҳам муаммосиз кўчиб ўтишади, яъни кескин чегара йўқ, аммо бу чегара тўлиқ ювиб кетилмаган ҳам. Маҳаллада юрсангиз, жуда кам қирғиз учратасиз, бозорда ва марказий кўчаларда элликка эллик бўлиб қолади.

Қирғизлар ичида талабалар, давлат ишчилари, савдогарлар кўпчиликни ташкил қилади. Шунингдек, улар ўзбеклар кам бўлган айрим соҳаларни эгаллаган (хизмат кўрсатишнинг баъзи тармоқлари, спортзаллар, автосервис ва ҳ.к.).

Иккинчи ва учинчи авлодда шаҳарда яшаётган қирғизлар орасида руслар билан қўшилиб яшаётган, руслашган, либерал ёки русча қадриятларга эга одамлар жуда кўп. Ўзбеклар билан қўшилиб яшайдиган, маданияти бироз ўзбеклашган, ўзбекчани яхши биладиган қирғизлар ҳам анчагина.

Охирги йилларда қирғизлар орасида ҳам динга қизиқиш анча ўсган, динга амал қилиб яшовчи қатлам шаклланган. Аммо Ўшдаги қирғиз жамияти кўпроқ дунёвий бўлиб қолмоқда, консерваторларнинг ҳам позицияси унча кучли эмас.

Хуллас, бир томондан, Қирғизистон жамияти – анчайин очиқ жамият, қатъий чегаралар йўқ, бошқа томондан, ҳали ҳам ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида масофа борлиги сезилади. Улар яшайдиган ҳудудлар, ишлайдиган соҳалар фарқ қилади. Мени ҳайрон қолдирган нарса ҳатто дам олиш масканлари ҳам фарқ қилиши бўлди. Менга айтишларича, Оқбура боғини ўзбеклар очган, унга кўпроқ ўзбеклар боради. Қирғизлар эса Тўхтагул боғига кўпроқ боради.

Қирғизлар ҳақидаги ҳикоямни бир қизиқ кузатиш билан якунлайман. Диний ҳаётда ўзбекларнинг маданий таъсири устун, шу боис қирғизлар ҳам динни, қўпол қилиб айтганда, ўзбеклардан ўрганмоқда: ўзбек тилида диний адабиёт, маъруза кўп, билимли диний арбоблар бор, қирғиз тилидаги диний таълим энди-энди оёққа туряпти. Мен Ўшдалигимда маҳалладошимиз шайх Шомуҳаммад Шоюнус домланинг дафн маросими бўлиб ўтди. Маросимда сўзга чиққан қирғиз диний арбоблари ўз нутқида ўзбекча кўп қўшиб гапирди, умуман, диний истилоҳларни ўзбек тилидан олишганини пайқадим. Бу якуний хулоса эмас, тилшунос ўлароқ кичик бир кузатувимдир.

@AsanovEldar
3.6K viewsedited  09:55
Ochish/sharhlash
2022-08-25 10:26:47
Oyina.uz'да билимингизни синаб кўринг ва Iphone 13 Pro Max ютиб олинг!

Oyina.uz портали Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан ютуқли викторина эълон қилади! Сиз ушбу танловда қатнашиб, Iphone 13 Pro Max, Vivobook Pro 15 ёки смартфоннинг эгасига айланишингиз мумкин!

Бунинг учун Oyina.uz порталининг телеграм каналига аъзо бўлинг ва @oyinauztanlovbot ботига ташриф буюринг. Саволларимизга аниқ ва биринчилардан бўлиб жавоб бериб, қимматбаҳо совғалардан бирини қўлга киритинг!

Танлов 30 август соат 23:00 гача давом этади. Эслатиб ўтамиз, Oyina.uz порталининг Telegram-каналига дўстларини энг кўп аъзо қилган 100 нафар иштирокчигина танловнинг иккинчи босқичига ўта олади!

Шундай экан, шошилинг! Сиздан билим, биздан совғалар!

Расмий саҳифаларимиз

Web-site | Telegram | Facebook | YouTube
3.2K viewsedited  07:26
Ochish/sharhlash
2022-08-25 09:40:20 Қариндошларимдан ичадиганлар ёки ўранмаганлар қолмадими, деб сўрасам, 5-10 фоиз бор, мана кеча фалон маҳаллада ароқли ўзбек тўйи бўлиб ўтди дейишди.

Хуллас, Ўшда бутун ўзбек жамиятига хос бўлган дунёвий консервативлик диний консервативликка жойини бўшатиб берган кўринади. Бу эврилиш жуда қисқа муддатда рўй бергани мени ҳайратлантирди.

Бу ҳолат турмуш тарзида, кундалик ҳаётда қандай ўзгаришларга олиб келган? Очиғи, оламшумул ўзгаришларни сезмадим. Ўзбеклар шусиз ҳам консерватив экани туфайли бўлса керак. Диний ҳаёт ҳукмрон бўлмаган жойларда ҳам ёши катта аёллар рўмол ўраб юришини, айниқса чекка ҳудудларда эркаклар ва аёллар орасида масофа борлигини биламиз, масалан.

Ўшда ҳаёт илгаригидай давом этмоқда, одамлар олдин нима билан шуғулланган бўлса, шу билан шуғулланмоқда. Ўзбек аёллар ҳали ҳам ишлаяпти, ўқияпти (фақат баъзи соҳаларга чеклов бор), ўзимиздаги каби юбилейларда, тўйларда, гап-гаштакларда ўйин-кулги қилиб, рақс тушиб юрибди, бегона эркаклар кўзидан панада бўлса бас. Ёш йигитлар илгаригидай чиройли кийиниб, қизлар билан гаплашиб юрибди. Тўй чоғида келин-куёв фотосалондан чиққунига қадар вақт ўтказиш учун аёллар танцполга кириб кетгани мени ҳайрон қолдирди.

Шаҳарда Оқбура сингари хусусий боғлар пайдо бўлган, у ерда ҳам аёллар ва эркаклар турли аттракционлардан фойдаланяпти, ролик ва конькида учяпти. Баланд мусиқа садолари ҳамма ерда эшитилади, кинотеатрлар ишлаб турибди.

Қолаверса, жамиятнинг ичида ҳали ҳам баҳслар бор. Ўшда яшовчилар Россияда яшовчилар ўта динийлашиб кетганини айтади (гарчи уларнинг ўзи менинг кўзимга ўта динийлашиб кетгандай кўринса-да), яна кимлардир домлалар жамиятда ҳукмрон бўлиб олганидан кескин норози, кимлардир ёшлар тоқатсизлашиб бораётганидан хавотирда.

Ўшлик ўзбеклар замонадан узилиб қолмасликка ҳаракат қилади: болаларини қорилик курсларига юбориш қаторида уларни рус мактабларида ўқитади, бизнесларини ўстириш, замонавийлаштириш устида ўйлайди, янги технологиялар олиб киради, жуда чиройли, зўр хизмат кўрсатиладиган ресторанлар ва дўконлар очади ва ҳ.к.

Дин уларнинг ҳаётига биздагидан кўра чуқурроқ кириб борганига қарамай, балки Қирғизистондаги очиқлик ва демократия туфайлидир, диний қатламни ёки диний ҳаётни танқид қилиш осон. Очиқ-ойдин танқидий фикр билдирувчилар жуда кўп (айниқса қирғизлар ичида), уларни кофир ва исломофобга чиқариб, жамиятдан ажратиб қўйишмайди, алоқани узворишмайди. Ўшдаги диний фаоллар бундай баҳсларда диний ҳукм ўқиб юбормай, мантиқий аргументлар ёрдамида баҳслаша олади ва умуман у ерда қарши фикр мавжудлиги нормал қабул қилинади. Ҳар хил одам бор албатта, бунинг тескариси ҳам кузатилади. Лекин ноадекватлик ва агрессияни камроқ учратдим. Ўшда бу каби баҳслар олдинроқ бошланиб, тажриба ҳосил бўлгани сабаб бўлса керак.

@AsanovEldar
3.3K viewsedited  06:40
Ochish/sharhlash
2022-08-25 08:15:09 Ҳадеб шаҳарларнинг қиёфасига баҳо беравермай, одамлари ҳақида ҳам ёзинг, дейишди. Хўп, ўшликлар ҳақида гаплашамиз.

Ўш аҳолиси иккита катта этник гуруҳдан – ўзбеклар ва қирғизлардан иборат. 2009 йил статистикасига кўра, шаҳар аҳолисининг 48 фоиздан кўпроғини ўзбеклар, 43 фоиздан кўпроғини қирғизлар ташкил қилади. 2010 йил воқеаларидан сўнг шаҳарга кўп миқдорда қирғизлар кўчиб келиши кузатилди, дейишган эди. Аммо Ўшда бўлганимда, катта ўзгариш сезмадим: ҳали ҳам шаҳар марказидаги маҳаллаларда деярли 100 фоиз аҳоли ўзбек, чеккалардаги микрорайонларда қирғизлар кўпчилик, шунингдек, ўзбеклар, уйғурлар, руслар ва бошқа этнослар вакиллари бор.

Ўшлик ўзбекларнинг айтишича, аслида статистика ёлғон, ўзбеклар янаям кўпроқ. Статистика қай даражада сохталаштирилганини билмадим, лекин этнослар улушини тенглаштириш учун шаҳарнинг маъмурий чегаралари бошқачароқ чизилгани, тарихан шаҳар билан боғлиқ кўплаб ўзбек маҳаллалари шаҳардан ташқарида қолиб кетгани – бор гап. Бундан ташқари, 11 та қирғиз қишлоғи шаҳар маъмуриятига бўйсундирилган.

Ўзбеклар асосан бизнес – ишлаб чиқариш, савдо, рестораторлик билан шуғулланади. Қирғизларнинг ҳамма катта қисми бозорда савдо билан машғул. Шунингдек, улар орасида давлат хизматчилари ва талабалар кўп. Чет давлатлардан – Покистон, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан келган талабалар ҳам анча катта гуруҳни ташкил қилади.

Илгариги замонда Ўш ўзбек миллатчилигининг марказларидан бири бўлган, ҳатто шаҳар фаоллари ўз вақтида Марказга хат йўллаб, Ўш вилоятининг ўзбеклар кўпчиликни ташкил этадиган қисмларини Ўзбекистонга қўшишни сўраган. Аммо охирги сафаримда қандайдир жиддий миллатчилик кайфиятини сезмадим. Бир томондан қирғиз миллатчилигининг босими, бошқа томондан диннинг кундалик ҳаётга чуқур кириб келиши миллий кайфиятни анча заифлаштирган кўринади.

Ўшнинг ўзбек жамияти мисолида диний жамият қандай бўлишини кўриш мумкин. 2010 йилдан олдин бу жамиятда биздагидек статус кво ҳукмрон эди – аҳолининг кўпчилик қисми дунёвий консерватор, анъаначи, либерал қатлам жуда кичкина, деярли йўқ, ҳозирча кичик, лекин жуда фаол диний қатлам шиддат билан ўсиб бораётган эди. Орадан бор-йўғи 10-15 йил ўтиб, диний турмуш тарзи тўлиқ ғалаба қозонганига гувоҳ бўлдим. Жуда кўпчилик намоз ўқийди, суҳбатларда доим диний мавзу қўшиб гапирилади, домлаларнинг жамиятдаги роли жуда юқори, уларнинг гапига амал қилинади, тўй-маросимларда, оилавий масалаларда, бизнесда домлаларнинг маслаҳат ва талабларига риоя этишга уринишади, эркаклар оиласидаги хотин-қизларни имкон қадар уйда ишлатишга ёки ишлатмасликка ҳаракат қилади. Ҳамма тўлиқ динга берилиб кетган деб бўлмайди, аммо бу қатлам шу даражада устунликка эришганки, қолганлар ижтимоий ҳаётда уларнинг қонун-қоидаларига амал қилиб юришга, кўзга ташланиб қолмасликка ҳаракат қилади. Бундай кайфиятдаги одамлар Ўзбекистон ёки Россияга бориб қолганда ўзини бемалолроқ тутади, хотинига рўмолсиз юришга рухсат беради, спиртли ичимликлар ичиши мумкин ва ҳ.к.

Кўчада боши очиқ аёл учрамайди (вояга етмаган қизларни айтмаганда) – ҳижоб ўрамаганлар ҳам рўмол ўраб юради. Бунга фақат тинч йўл билан эришилган эмас: 2005 йил инқилобидан сўнг Ўшда бир гуруҳ агрессив ёшлар фаоллашиб, боши очиқ қизларга ҳужум уюштира бошлаган эди. Таниш-билишларимнинг айтишича, ўшанда ўнлаб қизнинг юзига кислота сепиб юборилган экан. Шу воқеалардан сўнг кўчага чиққанда рўмол ўраб чиқиш урфга кира бошлаган. Айтишларича, ароқ дўконларини ёқиб юбориш, эгаларини қўрқитиш ҳолатлари ҳам бўлган.

Эркакларга келадиган бўлсак, уларнинг орасида динга берилиб, барча диний расм-русумга амал қиладиганларни кўп учратдим, аммо тўлиқ амал қилмаса ҳам, оиласидаги хотин-қизларни ўратган, ўқишдан ва ишдан чиқариб олганлар ҳам анчагина экан. Очиғи, бундайлар диний риторикадан аёлларни уйда олиб ўтириш ёки иккинчи марта уйланиш учун фойдаланади, деган таассурот уйғонди. Икки-уч марта уйланган эркаклар ўзларининг қизлари ёки сингиллари устига хотин олинишига тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатиши буни қисман тасдиқлайди.

@AsanovEldar
3.4K viewsedited  05:15
Ochish/sharhlash
2022-08-24 09:04:19 ​Бир неча кун олдин гуруҳимда саргузашт жанри ҳақида гурунг кетиб қолди. “Капитан Грант болалари” романи эсга олинди. Тавсия учун яхши баҳона.

Жюль Верн кимлигини менга танитган илк китоблардан бири “Капитан Грант болалари” бўлган. Унинг эски ўзбекча нашрини уйимиздаги каттакон китоб коллекциясидан топиб олганман. Ҳа, интернет йўқ замонларда мен ва дўстларимнинг асосий хоббиси китоб ўқиш эди.

Роман биринчи бобиданоқ ўзига тортади – болға-балиқни тутиб, ундан хат топиб олиш саҳналаридан кўз узиб бўлмайди. Айниқса ўша пайтданоқ тилларга қизиққаним боис бу хатлар дешифровкаси мени қаттиқ қизиқтирган. Ўша кезлари қадимги тилларга, ёзувларга, уларнинг қандай ўқилишига қизиқиб юрардим, бу ҳақда маълумот топишга уринардим. Яқиндагина Миср ҳақидаги “Страна большого Хапи” номли болаларга мўлжалланган илмий-оммабоп китобни ўқиб чиқиб, дешифровка ҳақида тасаввурга эга бўлгандим. Ундан сўнг Эдгар Аллан Понинг “Тилла қўнғиз”ида, шунингдек, “Капитан Грант болалари”да дешифровка билан яқиндан танишдим.

Романни ўқимаганлар бўлса, кичик спойлер бериб кетаман: болға-балиқ ичидан шиша чиқади, шишадан уч тилда – инглизча, немисча ва французча ёзилган хат топилади. Матннинг катта қисми ўчиб кетгани боис “Дункан” кемаси йўловчилари турли тиллардаги матнларни солиштириб, уни тиклашади шу асосда капитан Грантни қутқариш учун сафарга отланишади. Хуллас, роман воқеаларининг бошланиши бевосита лингвистикага алоқадор деталлардан иборат, мана шу мени ўзига мафтун қилиб қўйганди.

Йўл-йўлакай матн нотўғри ўқилгани маълум бўлади, янги талқинлар илгари сурилади, шунга қараб қутқарувчилар янги географик манзилларга сафар қилади, янги саргузаштларга йўлиқади. Хуллас, китоб Жюль Верн даврига хос денгиз саёҳатлари романтикасини, янги ўлкаларни кашф этиш иштиёқини зўр акс эттиради.

“Капитан Грант болалари” юқорида тилга олинган бошқа матнлар қаторида менинг дешифровкага қизиқишимни алангалатган асарлардан бири эканини ҳам айтмай иложим йўқ. Мана бугун тилшуносман, соҳам бевосита қадимий матнларни дешифровка қилиш ва ўқиш билан боғлиқ.

Дарвоқе, “Капитан Грант болалари” Asaxiy Books томонидан лотин графикасида қайта чоп этилди. Нархи қиммат эмас (китобнинг ҳажмига қарайдиган бўлсак) – 50 000 сўм. Китобга қуйида буюртма беришингиз мумкин: asaxiy.uz/u/62f60302e0f9e

@AsanovEldar
3.8K viewsedited  06:04
Ochish/sharhlash
2022-08-24 06:59:43 Бир мулоҳаза.

Абитуриентларнинг ярмидан кўпроғи икки баҳога ҳам илина олмагани даҳшатми?

Уларнинг 90 фоизи хоҳласа ҳам ўқишга кира олмаслигини инобатга олсак, унча даҳшат эмас.

Синов тизимининг ўзи тўғри эмаслигини, билимга объектив баҳо бера олмаслигини инобатга олсак, унча даҳшат эмас. Нормал давлатлардагидек тил сертификати, эссе ва суҳбат талаби қўйилса, билимли ёшлар ўйлаганимиздан анча кўпроқ бўлиб чиқишига аминман.

Университетларнинг даражасини, уларда ўқиш унча катта капитал ва имконият бермаётганини инобатга олсак, даҳшат эмас. Зўр тайёрланишга мотивация топиш осон эмас бундай вазиятда, номига топшириб кўрадиганлар кўп.

Мактаб таълимининг аҳволини инобатга оладиган бўлсак, натижа эмас, унинг сабаблари даҳшат.
2.9K views03:59
Ochish/sharhlash
2022-08-23 20:58:14 ​Ўшга боришни режа қилаётганларга тавсиялар.

Шаҳарнинг диққатга сазовор объектлари асосан Тахти Сулаймон тоғи ва унинг атрофида жойлашган. Булар: Ўш музейи, тоғ тепасидаги Бобур ҳужраси, тоғ этагидаги асрга оид Работи Абдуллахон масжиди, Ўш археологик манзилгоҳи, тоғ устидаги табиий объектлар (белтош, қўлтош, ғорлар ва ҳ.к.). Бобур ҳужраси XV асрда Бобур томонидан, Работи Абдуллахон XVI асрда Абдуллахон II томонидан қурилган. Биноларнинг отидан буни билмай қолган бўлсанглар деб айтиб қўймоқдаман. Де факто бу икки бино ҳам реконструктдир, яъни XX асрда қайта қурилган (ёки тикланган).

Айтгандай, тоғ этагида XVIII асрга оид Осаф ибн Бурхия мақбарасиям бор. У ҳам кўп реставрация қилинган.

Тахти Сулаймондан узоқроқда жойлашган тарихий бинолардан XX аср бошига оид Рус православ черковини айтиш мумкин. Шаҳар марказидаги Ленин ҳайкалини ҳам тарихий объект деб ҳисобласак бўлади.

Шаҳар муҳитини ҳис қилишни истаганларга Ўш бозорида ёки бирор ўзбек маҳалласида (масалан, Имом ота маҳалласида, Шаҳидтепада, Асқар Шокиров (собиқ Демократ) кўчасида) кезишни тавсия қилган бўлардим. Маҳаллалар тарихий қиёфасини йўқотиб бормоқда – янги бинолар, дўконлар ўсиб чиқяпти, эски ҳовлилар ўзимиздаги каби бир хил модада қиёфасиз қилиб таъмирланяпти.

Кўнгилочар масканларнинг асосийси – Оқбура боғи шу номли сой бўйида жойлашган (“Бобурнома”ни ўқиганлар уни Бурасой сифатида билади). Эски боғлар – Навоий ва Тўхтагулга бориш имкони бўлмади. Эшитишимча, Тўхтагул боғида анча ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, чиройли кезиш боғи яратилибди. Навоий боғининг асосий диққатга сазовор объекти – самолёт макети олиб ташланибди. Илгариги Навоий ўзига хос атмосферага эга эди – фаввора бўйида музқаймоқ, боғ ичида кичкина манти, газета ва журналлар қатори, дарахтлар сояси, самолёт макети. Ҳозир қанақа, билмадим. Лекин ўшликлар асосан Оқбурада вақт ўтказишяпти, билишимча.

Ўш шоппинг учун ҳам қулай шаҳар – янги савдо марказлари кўпайиб қолибди, уларда сифатли маҳсулотларни арзон нархда топиш мумкин, Туркия, Россиядан кўп сифатли маҳсулотлар арзонга кириб келади, машҳур брендлар ишлайди. Аммо мен фақат Globus СКМда бўлдим, қолганларини билмайман.

Айтгандай, Оқбура бутун шаҳардан оқиб ўтади, маҳаллалар ичкарисида сой бўйида дам олиш, чўмилиш мумкин. Олой тоғлари ҳам яқин. Умуман, Қирғизистонда экотуризм анча яхши ривожланяпти, аммо бу бошқа, кенгроқ мавзу.

Қуйида: Ўш музейининг ичидан кадр. Жуда сеҳрли кўринади!

@AsanovEldar
3.7K views17:58
Ochish/sharhlash
2022-08-23 19:11:27 ​Қуйидаги суратда – Ўш шаҳрининг Сулаймон тоғидан кўриниши. Кўриб турганингиздек, шаҳар маркази ҳали ҳам асосан маҳаллалардан, оз сонли совет даври биноларидан иборат.

Қирғизистонда давлат, Ўзбекистон ва ҳатто Тожикистондагидан фарқли ўлароқ, шаҳарларда кенг миқёсли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари кўп пул ва вақт ажратмайди. Шунга бўлса керак, ўн йил ичида шаҳар қиёфасида қандайдир жиддий ўзгариш бўлганини пайқамадим.

Бунинг яхши томони “ободонлаштириш” баҳона дарахтлар кесиб ташланмаётгани, эски, тарихий аҳамиятга эга бинолар бузиб ташланмаётганидир. Салбий томони эса шаҳар табиий йўл билан тартибга келиб, ривожланмаётганидир. Шаҳарнинг у ер-бу ерида бетартиб янги бинолар пайдо бўлмоқда, асосий қисми – янги дўконлар, ресторанлар, хусусий кўп қаватли уйлар. Менимча, мувозанатни топиш керак, шунда Ўшни жуда чиройли ва қулай шаҳарга айлантириш мумкин бўлади. Унинг ҳудуди ва аҳоли сони Брюссель, Гент, Бонн каби шаҳарларга яқинлиги боис уларнинг тажрибасидан фойдаланиш мумкин деб ўйлайман.

Ўш тарихан Қўқон хонлигининг (ва Фарғона водийсининг) типик шаҳри бўлган – шаҳар майдонининг асосий қисмини маҳаллалар эгаллаган. Марказ бозор, майдон, жоме масжиди ва ёндош бинолардан иборат бўлган. Совет даврида шаҳар марказида маъмурий бинолар, университетлар ва янги реалликнинг бошқа атрибутларидан иборат комплекс яратилган, аммо маҳаллаларга, кўчаларга тегилмаган. Асосан шаҳар четида микрорайонлар яратилиб, кўп қаватли биноларга рус тилли аҳоли кўчиб ўтган. Руслар кўчиб кетгач, уларнинг ўрнини қирғизлар эгаллаган. Шаҳарда бу бўлиниш ҳали ҳам сақланмоқда: ўзбеклар асосан марказдаги маҳаллаларда, қирғизлар асосан эски ва янги қурилаётган микрорайонларда яшайди. Албатта, қатъий этник чегара йўқ: ўзбекларнинг ҳовлиси бўлмаса, шаҳарнинг янги қисмларидаги квартирага кўчиб ўтади, қирғизларнинг имконияти туғилса, маҳалладан ҳовли сотиб олади. Лекин умумий манзара ҳозирча юқоридагидек.

Шаҳар марказидаги кўчалар тор, аммо машина кўп, тез-тез тирбандликлар келиб чиқади. Жамоат транспорти яхши ривожланмаган, асосан микроавтобуслар ва эски троллейбус чизиғидан иборат. Шаҳар марказида тезлик 40 км/соат билан чекланган, аммо ҳамма ҳам бунга амал қилмайди.

Бир сўз билан айтганда, Ўш Марказий Осиёнинг жуда кўп шаҳарларидаги жиҳатларга эга – ривожланиш учун яхши салоҳият, совет давридан қолган, янги даврда ёмонлашиб бораётган шаҳарсозлик ва транспорт муаммолари.

@AsanovEldar
3.4K views16:11
Ochish/sharhlash
2022-08-23 18:22:19 ​Водийга сафарим якунланди дўстлар. Тўрт кун ичида Қўқонда, Ўшда ва Андижонда бўлдим. Водийга ҳар сафар борганимда бир нарсага қайта амин бўламан – Фарғона водийсини бекорга Марказий Осиёнинг юраги деб аташмайди: ҳаммаёқ яшил (бошқа минтақаларга нисбатан сув…
3.4K views15:22
Ochish/sharhlash
2022-08-23 07:04:54 ​Водийга сафарим якунланди дўстлар. Тўрт кун ичида Қўқонда, Ўшда ва Андижонда бўлдим. Водийга ҳар сафар борганимда бир нарсага қайта амин бўламан – Фарғона водийсини бекорга Марказий Осиёнинг юраги деб аташмайди: ҳаммаёқ яшил (бошқа минтақаларга нисбатан сув кўпроқлигидан бўлса керак), шаҳарлар, йўллар озода, одамлари ҳаракатчан, илғор. Жуда кўнгилга яқин, ажойиб минтақа хуллас.

Сафар чоғида яна бир нарсага эътибор бердим. Ўн йиллик танаффусдан сўнг Ўшга бориб, шу йиллар ичида Ўзбекистонда сезиларли ўзгаришлар бўлганини сездим. Тўғри, бу ўзгаришлар даражасини Бельгияга қиёсласа, ҳеч нарсага арзимайди; Ўзбекистоннинг ичида туриб баҳо берсак ҳам, кўпинча ҳали жуда кўп камчилик борлигини, ҳали ҳаётимиз тубдан ўзгармаганини пайқаймиз ва тинимсиз танқид қиламиз. Аммо Қирғизистонга таққосласа, ўзгаришлар каттароқ бўлиб кўринаркан. Хуллас, қайси бурчакдан қарашга қараб миқёс ўзгаради.

Асосий ўзгариш ҳатто бизнинг ҳаётимизда эмас, Ўзбекистоннинг қўшнилар орасидаги имижида рўй берган. Илгари ўшликлар билан гурунглашганимда, Ўзбекистон нуқул масхара объектига айланарди: стикерсиз четга бора олмаслигимиз, ўз машинамизни уч баравар қимматга сотволишимиз, кўчаларимиз Nexia-Matiz'ларга тўлиб кетгани, банкда доллар ололмаслигимиз, давлат раҳбариятини танқид қила олмаслигимиз, қўрқоқлигимиз, қирғизистонликлардай осон бойий олмаслигимиз, пул кам, нарх қимматлиги, чегарачиларимизнинг қўполлиги – шунга ўхшаш мавзулар тинимсиз муҳокама қилинарди.

Бу сафар эса ким билан суҳбатлашсам, "Ўзбекистон зўр бўп кетди, зўр ўзгаришлар бўлди"дан бошланяпти гап. Қирғизистонликларнинг кўзига тўғри йўлга тушиб олиб, илғор ривожланаётган, майда порахўрликни енгиб ўтган, қўшниларга ёрдам бераётган (Ўшда қурилишлар қилаётган, масалан) давлат бўлиб кўриняпмиз. Тошкент гуркираб ривожланаётган гўзал шаҳар (Tashkent City кўпчиликка ёқяпти, рост) сифатида таърифланмоқда. Бир сўз билан айтганда, ўзбекистонликлар бойроқ ва илғорроқ қўшнилар имижига эга бўлиб қолибди, ҳатто илгари кулгига сабаб бўлган жиҳатлар ҳам ижобий қабул қилиняпти. Масалан, машиналар ва GM монополияси масаласида ўшликларнинг ўзи "зато ўзларинг ишлаб чиқаряпсизлар", "зато Тошкентда иномарка тўлиб кетибди", "зато шунча қиммат мошинагаям пул топяпсизлар" деб ўзларининг эски аргументларига контраргументлар топиб беришяпти.

Дарвоқе, чегарадан ўтишда ҳам ўзгариш бор: ўзбек божхоначилари хушмуомала, ишига уста, анча тартибли ишлашяпти, жиддийроқ текширишяпти. Қирғизистон чегарачиларига таққосласа. Бельгия чегарачиларига таққосласа, ўртамиёна кўриниб қолишар. Аммо буни ҳам Subyektiv каналининг Истанбул ҳақидаги видеоси масаласидаги каби субъектив фикрим деб қабул қилинг.

@AsanovEldar
3.6K viewsedited  04:04
Ochish/sharhlash