Get Mystery Box with random crypto!

Мен нима контент қилишни ўйлаб-ўйлаб топдим — ўзбек фильм ва с | Асанов формати

Мен нима контент қилишни ўйлаб-ўйлаб топдим — ўзбек фильм ва сериаллари ҳақида видеолар қиламан! Шунчаки уларни қўйиб қўйиб, ҳар дақиқада "Ияҳ, аҳ, аҳ, аҳҳ..." деб ўтираман.

Адашиб кўзим қандайдир сериаллар-у "Оталар сўзи" стайл телефильмларга тушиб қолади-да, экранда бўлаётган порнога асабим чидамайди. Бугунам шунақа бўлди — нонушта пайти асабийлашиб, ўрнимдан туриб, даҳлизда озгина у ер-бу ерга юрволдим, тинчлантирувчи дори-пори ичволдим.

Хуллас, бир йигит ишламай, уйда ўтирибди. Тирикчилик учун хотини вайн олишни бошлайди. Машҳур бўлиб кетиб, оилани боқа бошлайди. Аммо муаммолар бошланади — уйни йиғиштиришга вақти йўқ, овқат қилишга вақти йўқ. Қайнонаси норози бўлади, блогер бўлиб кетиб, менга монти қиппермади, кўчадан заказ қилди деб; эри хафа бўлади, уй йиғиштирилмаган, овқат қилинмаган, тамом ажрашаман деб.

Энг майда маиший муаммоларни оламшумул даражага кўтариб, фожиага айлантириб, ёш оилани ажрашиш даражасига олиб бориш, шу баҳона замонавий турмуш тарзини тепкилаб ўтиш қайси ақлсиз сценаристнинг хаёлига келди? Шу замонавий касблар ортидан тирикчилик қилиб юрган телеканал нега бунақа трешни суратга олишга пул ажратяпти?

Юқорида тасвирланган сюжетда менга келин жабрдийда бўлиб кўринди — ўзи хоҳлаган касб билан шуғуллана олмайди, майда-чуйда маиший ишларни бажаришга мажбуран боғлаб қўйилган, ундан фойдалироқ иш қилаётганиям қўйкалла эрининг кўзига кўринмайди (бўлмаса ўзи хотинининг орқасидан яшаб юрибди). Қайнона абьюзер, эр ўқимаган чаласавод абьюзер қилиб тасвирланган (лекин киночиларнинг ғояси бўйича негадир ижобий қаҳрамонлар ҳисобланади).

Мундай олиб қараганда, жамиятимизда кўп учрайдиган оила модели тасвирланяпти бундай кино-сериалларда. Фақат деконструкция қилинмаяпти, балки "ҳаммаси аслида шунақа бўлиши керак, бари тўғри" деган мессиж бериляпти. Аслида бунақа бўлиши керак эмас. Бу хато, эскирган оила модели. Аёл блогерлик ёки бошқа касбдан келтираётган фойдаси уйда монти қилгани кеткизган вақтидан бир неча ўн баравар самаралироқ, фойдалироқ. Қолаверса, аёл монти қилишни билиши шарт, бўлмаса оила бузилади деган аҳмоқона қарашларни тарғиб қилиш ғирт бузғунчиликдир. XXI асрда яшаяпмиз, имконияти бўлса, умуман уй ишини қилмасин, буюртма қилсин, ишчи ёлласин, вақтини самаралироқ сарфласин, ўзини реализация қилсин. Аёлларни уй ишига боғлаб қўйилган қул қилиб тасвирлаш аслида ҳеч қанақа оилавий қадрият ҳам эмас, маънавият ҳам эмас, шунчаки қолоқлик, ҳаётни, замонни, инсонни тушунмасликдир.

PS: "Уй қўқиб ётибди, овқат қилмаяпсан, кўчадан заказ қиляпсан, мен эса уйда пиширилган монти егим келяпти! Бўлди ажрашаман!" Эээ ўйлаб топган драмангга Аристотелнинг қонуни. Юнончада қонун (κανών) узун таёқ дегани, билмаганлар бўлса.

@AsanovEldar