2021-06-11 07:01:11
Бюджетдан ташқари “катта чўнтаклар” ҳақидаМудофаа вазирлигининг кечаги муносабати яна ўша эски мавзуни ёдимизга солади. Кўплаб давлат ташкилотларининг алоҳида “чўнтак”лари бор, яъни
бюджетдан ташқари жамғармалари. Ва улар бу жамғарма пулларини истаганча ишлатишга ҳаққимиз бор деб ўйлашади, агар жамоатчилик катта харажатлардан норози бўлса, “бу сизларнинг пулингиз эмас, кўп гапирманглар” дегандай жавоб берилади.
Масалан, ўтган йили карантин пайтида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг 84 нафар ходими 22 кун меҳмонхонада тургани учун
2 млрд сўм пул сарфланганди. Кейинчалик вазирнинг биринчи ўринбосари бу харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилмаганини айтганди.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов бу каби ҳолатларни мантиқсизлик деганди.
“Халқ пулини мингта чўнтакка солиб, биттасини кўрсатиш яхши амалиёт эмас. Бу чўнтакларни бир нарса деб санамаслик — мантиқсиз.
Қисқаси, яширин бюджет — йўқ қилиниши керак, бу тарихимиздаги қора хотира бўлиши керак. Шундан сўнг, солиқ юки, божхона тўловлари ҳам камаяди. Одамлар оз бўлса ҳам, молиявий аҳволлари яхшиланишига имконият туғилиши мумкин бўлади”, - деганди Ҳошимов.
Тўлиқ пост:https://t.me/xushnudbek/7387
Бундан ташқари 2019 йили Молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам бюджетдан ташқари жамғармаларга қаршилигини, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, бунақа жамғармаларга тушадиган маблағлар бюджетга консолидация қилиниши кераклигини айтганди.
“Улар давлат биносида ўтирибди, давлат хизматини кўрсатаяпти. Тўғри, бу маблағларни тушириш учун меҳнат ҳам сарфланади, масалан, жарима ундириш учун жаримани аниқлаш ва расмийлаштириш керак. Лекин барибир бу тушумлар давлатники.
Биз жорий йилда жисмонан улгурмадик, аммо келаси йил давомида бундай хос жамғармалар тўлиқ назоратга олинади. Шунда адолатдан бўлади”, - деганди Жамшид Қўчқоров.
Батафсил:https://t.me/xushnudbek/3730
2020 йил балки карантин бўлгани учун “чўнтак” жамғармаларнинг бюджетга тўлиқ консолидация қилиниши яна қолиб кетди, шекилли. Ҳозирги молия вазири Тимур Ишметов Жамшид Қўчқоров бошлаган бу масалани охирига етармикин, ёки унинг бу борадаги позицияси бошқачамикин?
Бюджетдан ташқари жамғармалар деса, кўз олдимга одатда сигир соғувчилар келади. Айрим ташкилотлар мана шу “чўнтак”ларини қаппайтириш учун ҳам халқ елкасига янгидан-янги тўловлар ўйлаб топиб, ундириш ёки тўловлар миқдорини баланд қилиб белгилаш пайида бўлади.
Масалан: ДТМнинг жамғармасини тўлдириш учун тест топширувчилардан олинадиган тўловни дастлаб 223 минг сўм (1 баробар) этиб белгилашмоқчи эди. Жамоатчилик эътирозидан кейин ярим “минимал”га
(ҳозир 122,5 минг сўм) туширишди. Аммо ярим минимални ҳам қиммат деб ҳисоблайман, уни яна 2 баробар камайтирса бўлади.
ИИВ ЙҲХББ ўзининг жамғармасини тўлдириш учун тонировка ўрнатиш тўловини ҳамда унинг жаримасини ўта мантиқсиз равишда баланд қилиб белгилаб қўйган. Жазирама иссиқда қийналсанг, қийналиб кет, асосийси бизнинг “чўнтак” тўлсин, деган принцип. Жамоатчиликнинг эътирозидан кейин нархлар бир неча бор камайтирилди. Лекин ҳозиргиси ҳам ўта баланд деб ҳисоблайман.
Бундан ташқари жарима миқдорлари ҳам ўта кулгили.
Ахборот технологиялари соҳасининг “чўнтак” жамғармасини тўлдириш учун UZIMEI тизими ўйлаб топилди. Моҳиятан фойдали тизим учун халққа қўшимча “телефон солиғи” солинди, одамларни қийнайдиган бюрократик тўсиқлар ўйлаб топилди.
Йўл фондининг пуллари бюджетдан ташқари жамғармага тушармиди ёки йўқ, ҳозир аниқ эслолмадимку, лекин машиналар олди-сотдисини расмийлаштиришда отнинг калласидай тўлов ўйлаб топилди. Шунга яраша йўлларимиз яхши бўлиб қолган бўлса ҳам майли эди. Халққа солинган бундай йирик адолатсиз тўловни айланиб ўтиш учун, одамлар ёппасига “генеральная доверенность” қилишга ўтди. Натижада минглаб инсонлар ёки алданиб, ёки бошқа сабаблар билан машинасига куйиб қолмоқда.
Хуллас, қиссадан ҳисса шуки, давлат ташкилоти топган пул ҳам давлатники - халқники бўлиши керак. “Чўнтак” жамғармаларни тўлдириш иштиёқи баъзан халқ зиёнига абсурд қарорлар қабул қилишга олиб келади. @xushnudbek
115.6K viewsedited 04:01