2023-05-12 15:01:32
#ислом_тарихи
АЙЮБ АЛАЙҲИССАЛОМ
Ана шундай мураккаб бир даврда Аллоҳ таоло Бану Исроилга Айюб алайҳиссаломни набий қилиб юборди. У зотнинг мол-мулклари, аҳли аёллари кўп эди. Аллоҳ таоло Айюб алайҳиссаломдан уларнинг барчасини олиб қўйиб, бошларига турли балоларни солди ва баданларига ҳам дард бериб, синади. Айюб алайҳиссаломдан барча юз ўгирди, фақатгина жуфти ҳалоллари – аёллари ҳар қандай вазиятда ҳам у зот алайҳиссалом билан бирга бўлди.
Айюб алайҳиссалом Суриянинг шимолий ўлкаларида бир жойдан иккинчисига кўчиб юриб, кишиларни Аллоҳ таолонинг ибодатига даъват қилдилар.
Айюб алайҳиссалом Исҳоқ алайҳиссаломнинг авлодидирлар.
Қуръони Каримда ҳам, суннати мутоҳҳарада ҳам Айюб алайҳиссаломнинг ўзларига етган мусибатга сабр қилганларидан бошқа ҳаётлари, қавмлари ёки даъватлари ҳақида маълумотлар келган эмас. Шунинг учун биз у зотнинг зикрлари келган ояти карималарни ўрганиш ила кифояланамиз.
«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (Нисо сураси, 163-оят).Демак, ҳамма пайғамбарларга ваҳий юбораётган, уларни бандалар ичидан танлаб олаётган Зот битта – Аллоҳ. Мазкур пайғамбарларга ваҳий юборган ўша Зот уларнинг қаторида Айюб алайҳиссаломга ҳам ваҳий юбориб, у зотни ҳам Ўзига пайғамбар қилиб олди.
«Биз уни сабрли топдик».Синов келганда, Айюб гўзал тарзда сабр қилди. Бизга бўлган ишончи сусаймади. Бизнинг розилигимизни топишдан бир лаҳза ҳам умидини узмади».
«У қандай ҳам яхши банда».Айюб ниҳоятда яхши бандадир.
«У сертавба эди».Ҳар бир нарсада Аллоҳ таолонинг Ўзигагина қайтади.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Айюб алайҳиссаломнинг фарзандларидан бири Зулкифл алайҳиссаломдирлар.
("Ислом тарихи" китобидан)Telegram | YouTube
1.9K views12:01