2023-01-28 07:02:29
Масалан, ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишда меҳнат дафтарчасига «Иши тўғрисидаги маълумотлар» бўлимида қуйидаги ёзувлар киритилади: 1-устунда ёзувнинг тартиб сони, 2-устунда меҳнат шартномасининг бекор қилиниш санаси, ойи ва йили, 3-устунда «Меҳнат шартномаси бекор қилинди» деб ёзилади, 4-устунда буйруқнинг санаси ва сон рақами кўрсатилади
Иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади. Бундай ҳолда ишдан бўшаш куни, меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшаган кунининг янги санаси тўғрисида буйруқ берилиб, ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзиб қўйилади. Бўшаган куни тўғрисида илгари киритилган ёзув, ушбу Йўриқноманинг 2.8 бандида белгиланган тартибда бекор қилинади (Йўриқноманинг 3.1.-банди).
Ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишда меҳнат дафтарчасига киритилган ҳамма ёзувларни солиштириш, корхона раҳбари ёки кадрлар бўлими хизматининг имзоси билан ҳамда корхона ёки кадрлар бўлимининг муҳрини қўйиб тасдиқлаш керак.
2. Шахсий варақага (Т-2-сон шакл) ҳам ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ёзув меҳнат дафтарчасидаги ёзувга тўлиқ мувофиқ киритилади.
Масалан, ходимнинг шахсий варақаси III «Лавозимга тайинлаш ва бошқа лавозимларга ўтказиш» бўлимига шундай ёзувлар киритилади: 1-устунга – ёзув киритилган сана; 2-устунга – «Меҳнат шартномаси бекор қилинди» деб ёзилади; 5-устунга – ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ санаси ва рақами; 6-устунга ходим танишиб чиққанлиги ҳақида имзо қўяди.
Шунингдек, V «Қўшимча маълумотлар» бўлимининг охирида ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ санаси ва рақами қўйилади ва кадрлар хизмати ходимининг имзоси билан тасдиқланади.
9-қадам. Ходимга меҳнат дафтарчаси ва буйруқ нусхасини беринг
Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт (МК 108-моддаси).
Сўнг ходим Меҳнат дафтарчалари ҳаракати ҳисобини олиб бориш журналига ўз меҳнат дафтарчасини олгани ҳақида имзо қўяди.
Ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда, таътилнинг ишланмаган даврга тегишли кунлари учун ходимнинг розилигидан қатъи назар, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади. Меҳнат шартномаси 100-модда иккинчи қисми 1-бандида кўрсатилган асослар бўйича бекор қилинганда бундай ушлаб қолинмайди (МК 164-моддаси 4-банди).
10-қадам. Ходим билан ҳисоб-китоб қилинг
Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда ходимга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:
1) меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар ишлаётган ходимга, – меҳнат шартномаси бекор қилинган куни;
2) меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаётган ходимга, – у ҳисоб-китоб қилишни талаб этган куни тўланиши керак (МК 110-моддаси 1-қисми).
Ходимга шунингдек: фойдаланилмаган таътиллар учун, агар шундай таътиллар берилиши керак бўлса, компенсация, шунингдек ўртача бир ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб берилиши керак (МК 109-моддаси).
Бундан ташқари, ходимнинг ишга жойлашиш даврида ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, аммо икки ойдан ошмайдиган муддатга. Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўн календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтса, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўлади (МК 67-моддаси 3-қисми).
* Ишсизлар – ўн олти ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар (бундан таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно) (МК 60-моддаси).
312 viewsХонмирзо-Шерзодбек Хакимович, 04:02