2021-12-10 11:00:52
«Оллоҳ мен билан бирга, Оллоҳ менга назар солувчи, Оллоҳ мени кўриб турувчи Зотдир» Саҳл ибн Тустарий шундай ҳикоя қилади: «Уч ёшимда эдим. Тунлари уйғониб кетиб, тоғам Муҳаммад ибн Сиворнинг намоз ўқишини кузатардим. Бир куни тоғам менга:
— Сени яратган Зот — Оллоҳ таолони зикр қилмайсанми? дедилар.
—
Қандай зикр қиламан? деб сўрадим.
—
Ётаётганингда тилингни қимирлатмасдан, қалбдан «Оллоҳ мен билан бирга, Оллоҳ менга назар солувчи, Оллоҳ мени кўриб турувчи Зотдир» деб уч марта айтасан, дедилар.
Бу сўзларни кечалари айтаётганимни тоғамга билдирдим. У киши ҳар куни кечаси шу сўзларни етти марта қайтаришимни айтдилар. Буни ҳам бажардим.
Кейин тоғам бу зикрни ҳар кечаси ўн бир марта такрорлашимни айтдилар. Такрорладим, қалбимда бу сўзларнинг ҳаловатини туйдим. Бир йилдан сўнг тоғам менга: «Ўргатганларимни ёдингда сақла, то қабрга киргунингча бу сўзларни канда қилма. Чунки, бу зикрлар сенга дунё ва охиратда фойда беради» дедилар.
Икки йилдан сўнг бу зикрлардан ҳосил бўлган ҳаловат қалбимга сиғмай, тошиб чиқаётганини ҳис қилдим.
Кунларнинг бирида тоғам
: «Эй Саҳл, Оллоҳ билан бирга, Оллоҳнинг назари остида, Оллоҳ уни кўриб турган қалб Оллоҳга итоатсизлик қилиши мумкинми?! Оллоҳга осий бўлишдан сақлан» дедилар.
Шундан сўнг ўзим билан ўзим ёлғиз қолдим. Кейин мени мактабга берадиган бўлдилар. Мактабга борсам, фикру ёдим ҳар хил нарсаларга сочилиб кетишидан қўрқишимни айтдим. Яқинларим муаллим билан келишиб, бир соат таълимдан сўнг уйга қайтишимга рухсат олиб беришди. Олти-етти ёшларимда Қуръонни ўрганиб, ёд олдим.
Доимий рўза тутардим, емишим арпа нони бўлиб, ўша пайт ёшим ўн иккида эди. Ўн уч ёшимда бир масалага жавоб тополмай қолдим. Саволимга жавоб топиш учун мени Басрага жўнатишларини сўрадим. Басрага бордим, олимлар билан учрашдим. Негадир жавоблар мени қониқтирмасди. Сўнг Абадон шаҳридаги Абу Ҳабиб Ҳамза ибн Абу Абдуллоҳ Абодоний ҳузурларига бориб, саволимга жавоб топдим. Абу Ҳабиб
ҳузурларида бир муддат қолиб, у зотнинг сўзларидан манфаат олдим, одобни ўргандим.
Кейин Тустарга қайтдим. Озиғимдан иқтисод қилиб, бир дирҳамга қолган-қутган арпалардан сотиб олдим. Арпа унидан ўзимга нон ёпиб, ҳар куни саҳарда тузсиз ва зираворсиз саҳарлик қилардим. Шундай қилиб, ўша дирҳам менга бир йилга етарди.
Сўнг пайдар-пай уч кеча-кундуз оч юришга азм қилдим. Тўртинчи куни ифтор қилардим. Шу тарзда оч юриш муддатини беш кун, етти кун, охирида йигирма беш кунга етказдим. Йигирма йил шундай умр кечирдим. Кейин сафарга отландим. Бир неча йиллар ер юзини саёҳат қилдим. Сўнг Тустарга қайтдим ва у ерда тун бўйи Оллоҳ таоло хоҳлаганича бедор бўлиб, ибодатга машғул бўлдим».
Аҳмад ибн Ҳанбал айтади:
«Саҳл Тустарийнинг то Оллоҳ таолога йўлиққунча(яъни ўлимигача) туз тотганини кўрмадик».Имом Ғаззолий «Риёзатун-нафс» китобидан.АЛБАТТА ЯҚИНЛАРИНГИЗГА ҲАМ ТАРҚАТИНГ!!
Улашинг | @QURONTVUZ
Линкни босинг ва «Qur'on•Tv» га қўшилинг! https://t.me/joinchat/UcAmGHd-Zbv7RVYl
6.5K viewsAlhamdulillah, 08:00