2023-03-18 16:03:00
ВАЗИРЛИКДАН ЎҚУВ МАРКАЗИ УСТУНМИ?
(ёхуд имтиёздан маҳрум таълим фидоийлари ҳақида)
Халқ таълими вазирининг шахсан ўзи чеккан имзо билан бериладиган “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳадаги энг фидоий ва камдан кам ўқитувчиларга насиб қиладиган олий мукофотдир. Бу мукофотга эришиш осон эмас. Аммо таълим соҳасида йиллар давомида асабидан, кўз нуридан айрилиб эришган бу мукофот ортида фақат меҳнатни эътироф этишдан бўлак ҳеч қандай рағбатлантириш, ҳеч қандай имтиёз йўқлиги кўпчиликни ўйлантиради.
Бу борада ўтган йили ҳам ижтимоий тармоқлар орқали сурхондарёлик ўқитувчи Йигитали Раджабов, андижонлик устоз Каримжон Мадаминовлар юзлаб ўқитувчилар номидан вазирликка таклиф ва мурожаат чилан чиққан, уларга муносабат билдириб ижтимоий тармоқлар орқали: “ИМТИЁЗСИЗ НИШОН – ОТСИЗ ЭГАРДИР” сарлавҳали мақола ҳам чиқаргандим. Аммо, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони бўйича Ўзбекистоннинг уч тарафи: шарқ, жануб ва ғарбидан минглаб ўқитувчилар номидан билдирилган таклиф, мурожаат, мақолаларга расмий равишда ҳеч қайси мутасадди на муносабат билдирмади ва на унинг ижобий ҳал қилинишига мужда бермади.
Йигитали Раджабов билан боғланганимизда эса шундай деди: “Қарийиб йигирма тўрт йил кеча кундуз соҳа ривожи учун хизмат қилдим. Меҳнатларим эътироф қилиниб “Халқ таълими аълочиси”га эришдим. Бу мукофотни олган бошқа устозлар ҳам мендан кўп заҳмат чеккан. Аммо...”
Шу ўринда мантиқий савол туғилади;
1.Нима учун йигирма ўттиз йиллаб самарали меҳнат қилган аълочи устозга олий тоифа учун имтиёз берилмаган-у, йигирма ўттиз кун тест ёдлаб, уни йигирма ўттиз дақиқада белгилаб чиққан ўқитувчи олий ва бошқа тоифалар дарҳол берилади?
2.Нима учун бир ой қандайдир ўқув марказида ўқиб, унинг оддий қоғоз-сертификатини олган ўқитувчига тоифа берилиб, камида эллик фоиз устама тайинланади-ю, нима учун бир умр меҳант қилиб Вазирнинг имзоси ва муҳри қўйилган гувоҳномага эришган аълочи устозлар булардан маҳрум қилинган?
3.Нима учун мактаблар рейтингини белгилашда қандайдир ўқув марказнинг сертификати инобатга олинади-ю, Вазир имзо чеккан “Халқ таълими аълочиси” гувоҳномаси инобатга олинмайди?
4.Нима учун аттестация бўйича Вазирлар маҳкамасининг 572-сонли қарорида бошқа унвонларга имтиёз берилгану, айнан Халқ таълими вазирлигининг юксак мукофотига имтиёз берилмаган?
5.Нима учун “2022-2026 йилларда Халқ таълими тизимини ривожлантиришнинг Миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳасида “Халқ таълими алочиси” эсланмаган ҳам???
6. Мантиқан ўйлаб қарасак, бутун жамоа, ота-оналар назарига тушган, меҳнатини Вазир эътироф қилиб, муҳри ва имзоси билан “Халқ таълими аълочиси” эканлиги тасдиқланган устозга автоматик равишда олий тоифа берилиб, устама белгиланиши керак эмасмиди, аслида?
7. Наҳотки, Вазир муҳр қўйиб, имзо чеккан гувоҳноманинг оддий ўқув маркази директори томонидан бериладиган оддий сертификатчалик қадри бўлмаса???
Аслида таълимдаги ислоҳотларни Вазирлик нуфузини оширишдан, унинг муҳри билан берилган ҳужжат соҳадаги ҳар қандай сертификатдан устун туришини амалда кўрсатишдан бошлаш керак эмасмиди? Биринчи ўринда миллатнинг аълочи устозлари қадрини жойига қўйишдан, уларнинг йиллар давомида соғлигини йўқотиб қилган меҳнатларини эътиборга олишдан бошлаш керак эмасмиди? Буни ўрнига қўя олмасак, қолган ўқитувчиларнинг қадрини қандай кўтариш мумкин? Ўқитувчилар жон куйдириб ишлаб аълочи бўлишдан кўра, фақатгина тест ёдлаб сертификат олишни маъқул кўришмайдими?
Умид қиламизки, мамлакатимиздаги юзлаб “Халқ таълими аълочи”лари, таълимда аълочи бўлишга интилаётган минглаб ўқитувчиларини қийнаётган бу саволлар ҳукумат доирасида кўрилиб чиқилиб, миллатнинг аълочи устозлари қадри жой-жойига қўйилади.
Мирзабек ЖАПАҚОВ, ҳуқуқшунос журналист.
@pedagoglarmiz
2.3K views13:03