2023-03-21 14:39:25
АРОСАТДАГИ АЪЛОЧИЛАР
(ЁХУД ЯНА ДОН КИХОТ ҲАҚИДА)
Ижтимоий тармоқларда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони хусусидаги мунозаралар яна бошланиб, айрим ўқитувчилар:“Туман миқёсидаги иншолар танловида ўқувчиси иккинчи ўринни олган ўқитувчига имтиёз берилса-ю, вазир буйруғи билан берилган ҳужжатнинг битта иншочалик қадри йўқми?”, - дея саволни кўндаланг қўйган.
Бу борада сурхондарёлик блогер ўқитувчи, таълим соҳасида ўнлаб ижтимоий каналлар яратиб, ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиб келаётган Йигитали Раджапов ҳам кескин чиқишлар қилган.
Тўғриси, бу жонкуяр ўқитувчини Сервантеснинг Дон Кихотига ўхшатдим. Дон Кихот: “Дунёда ҳалиям мазлумлар, азоб чекаётганлар, мададга муҳтожлар бор экан, уларни озод қиладиган жўмард ва олижаноб рицарлар бўлиши керак. Улар йўқолиб кетган бўлса ана шу анъаналарни қайтадан тикламоқ лозим”, дея кураш учун йўлга чиқади. Аммо бу йўлда нимаики қилмасин бариси сароб бўлиб чиқади.
Йигитали Раджапов ҳам Ўзбекистоннинг тўрт тарафидан ўзига мурожаат қилаётган юзлаб ўқитувчиларнинг норозиликларини, ҳақли талаб ва таклифларини зўр бериб тепага етказишга уринаяпти-ю, аммо акс садоси фақат ўзига қайтаётганидан хуноб бўлиб, бу борадаги постлари янада кескинлашмоқда.
Ижтимоий тармоқлардаги бу мунозараларни таҳлил қилган ҳолда “Имтиёзсиз нишон – отсиз эгардир”, “Аълочилар имтиёздан маҳрумми?” сарлавҳали мақолаларим ижтимоий тармоқларда, “Аълочига имтиёз беринг” сарлавҳали мақолам эса “Маърифат” газетасида босилиб чиққан эди.
Бунга расмий муносабат билдириш ўрнига соҳадаги қуйи раҳбарлардан бири: “Бу масалани бекор кўтариб чиқибсиз, ўқитувчилар шу нишон билан алданиб, хурсанд бўлиб юришганди. Буни ҳам бермай қўйишса нима бўлади?” , дея таъна қилди.
Аслида эса бу масала Ўзбекистоннинг тўрт тарафидан юзлаб ўқитувчилар томонидан халқаро ижтимоий тармоқларга, блогерларга қилинаётган мурожаатлар, норозиликлар орқали юзага чиқиб келаётганди. Уларнинг чиқишлари таҳлил қилинган, ҳақли талаблари ижобий ҳал қилиниши сўралган мақолаларим эса ана шу норозиликларнинг ҳовурини босишга, халқаро тармоқларда бу каби чиқишларга барҳам беришга сабабчи бўлганди.
Аммо орадан ойлар ўтиб юқоридаги иншо каби мисолларнинг ижтимоий тармоқларга сизиб чиқилиши ва бу ўз ўрнида вазирлик нуфузига соя солиши ташвишли ҳолдир.
Мақолаларимга изоҳ қолдирганлардан бири шундай савол берибди: Улар таълим аълочиси экан нимага қўрқади, олий тоифани билими билан олса бўлмайдими?
Айнан мана шу саволни тўрт вилоятдан тўрт нафар “Халқ таълими аълочиси”га бердим. Ишонасизми, тўрт нафарининг ҳам жавоби бир хил бўлди: “Мен “Халқ таълими аълочиси” нишонига билимим, тажрибам, эришган ютуқларим, йигирма-ўттиз йил ҳалол меҳнат қилиб, соғлигим, кўз нуримдан ажралиб эришганман. Шунинг ўзи Олий тоифа учун асос бўлигши лозим эди. Аммо Олий тоифани эса йигирма –ўттиз кун тутуриқсиз тест ёдлаб, уни йигирма-ўттиз дақиқада белгилаб чиққаним учун олганман. Қорнимга эмас – қадримга йиғлайман”
Ҳа, устоз қадри ҳақида гапирар эканмиз, ҳурматли президентимизнинг “Нажот – мактабда, нажот – таълимда, нажот – билимда” деган гаплари беихтиёр эсга тушади.
Шундай экан, аввало, шахсан Халқ таълими вазири имзоси билан берилган ҳужжатни ҳар қандай танлов, ҳар қандай сертификатдан устун қўйиб, унинг нуфузини оширмас эканмиз фидоий, аълочи нажоткорларимизнинг ўзи нажотга муҳтож бўлиб қолаверади! Алал оқибат эса фидоийлик, аълочиликдан кўра – тест ёдлаш, сифатли таълим беришдан кўра - танловларга қатнашиш афзалга, анаънага айланиб қолиши шубҳасиз...
Мирзабек ЖАПАҚОВ, ҳуқуқшунос журналист. Хоразм.
2.5K views11:39