Get Mystery Box with random crypto!

Нугманов LIVE

Telegram kanalining logotibi ngmnvlive — Нугманов LIVE Н
Telegram kanalining logotibi ngmnvlive — Нугманов LIVE
Kanal manzili: @ngmnvlive
Toifalar: Bloglar
Til: Oʻzbek tili
Obunachilar: 175
Kanalning ta’rifi

Бекзод Нугманов телеграм-канали.

Ratings & Reviews

3.33

3 reviews

Reviews can be left only by registered users. All reviews are moderated by admins.

5 stars

1

4 stars

0

3 stars

1

2 stars

1

1 stars

0


Oxirgi xabar

2022-05-13 17:13:24 Яна қанча одам ўлиши керак?

Охирги кунларда энг кўп ўқиётганим авариялар, уларнинг оқибатида одамларнинг ўлиб кетаётгани ҳақида хабарлар бўлмоқда. Уларнинг аксарида ҳайдовчилар тезликни ошириши, бунинг оқибатида бошқарувни йўқотиши, қоидаларга амал қимаслиги нохуш ҳолатга сабаб бўлган.

Ҳар куни оддий бир хатони деб йўлларда одамлар ўлиб кетмоқда. Кимлардир бутун умр ногирон бўлиб қолмоқда. Шошма-шошарлик, қоидаларни менсимаслик ва бошқа қилиш шарт бўлмаган ҳаракатлар бир оилани фарзанддан ёки отадан, онадан айирмоқда. Бу жуда ачинарли, аммо аччиқ ҳақиқат.

Автомобиль 1 тонна металлдан иборат техника бўлса. Биз эса уни қўрқмасдан, ўйламасдан соатига 100 км тезликда ҳайдаймиз. Қони қайнаган ёшларимиз понт учун гўёки пойга ўйнагандек машинани тест қилиб кўрамиз, аслида бу бутун бошли ҳаётга нуқта қўяётган тест бўлиб чиқади... Рулга ўтирганимизда инсон эмас, гўёки қутурган одамларга ўхшаб қоламиз: оқибатларни ўйламаймиз, ўзимизни худдики Шумахердек ҳис қиламиз.

Етар энди. Қачон хулоса чиқарамиз? Ўзимизга келиб олишимиз учун яна нечта одам ўлиши керак? Нега авариялар биз билан содир бўлмайди деб ҳисоблаймиз? Вируслар, эпидемиялар эмас, авариялар кўпроқ одам ўлдирадиган жамият номидан қачон қутуламиз?
2.5K views14:13
Ochish/sharhlash
2022-05-11 16:45:11 ​​«Жавоблани додаси»

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ярим тунда халқ билан учрашувлар ташкил қилиши мавзуси сўнгги бир ойда энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлган мавзу бўлди. Соат кечаси 12, 1 да халқни чақириб учрашган ҳоким бу вақтда меҳнат қонунчилигини бузаётганини қанчалик билган ёки билмаган — бундан хабаримиз йўқ, лекин журналистлар ҳақли саволларни ўртага қўйиб, ҳолатни танқид остига олди. Блогерлар ёзди.

Кеча ва бугун эса ушбу вазиятга жавоб сифатида номи ошкор қилинмаган, аноним бир ёзувчи ҳокимнинг қилаётган ишларини оқлаб, уни танқид қилган журналистларга «жавоб» қайтарган. Ёзғирма (мақола, ҳатто юмалоқ хат ҳам деб бўлмайди) ҳокимнинг қилган ишларини оқлаш ва тўлиқ форматда журналист ҳамда блогерларни ҳақоратлашни ўз ичига олган. Журналистлар кеткавлаш касаллигию ичи қоралик, пора талаб қиладиган шахсларга тенглаштирилган. Умуман, у ерда бошқа ҳеч нарса йўқ. Ўқиб, тавба дейиш мумкин холос. Лекин мен шунда ҳам бир ижобийлик кўрдим.

Мансабдор (биз айтишга ўрганиб қолганимиз: чиновник) ёзилган мақолалар учун журналистларга, босим қилиши ёки шу каби таҳдид йўлларигача ҳам ўтиши, буни амалга ошириш балки «шессекунд»лик иш ҳам бўлиши мумкин эди. Аммо бори шу бир аноним ҳақоратларга тўла материалнинг чиқиши ва унинг тарқалиши билан чекланибди. Ҳозирча шунақа. Фақат улар бир нарсани унутмаслиги керакки, бугунги қайтар дунё 40 йилни кутиб ўтиргани йўқ, 40 кунда, 40 соатда қайтяпти. Ўзича сазойи қилмоқчи бўлиб, бел боғлаганлар ўзлари учун буни билиб қўйишса, ёмон бўлмасди.

Албатта, муаллифи ва манзили (Telegram’нинг Telegraph аноним хизмати орқали юкланган) йўқ материал ўша чиққан жойида қолиб кетиши мумкин эди. Лекин кеча ва бугун ушбу мақола Ўзбекистондаги оммабоп Telegram каналларда роса айлантирилди. Реклама материали сифатида борича тарғиб қилинди. Буюртма экани шундоқ билиниб турганди. Қизиқ, ким шунақа буюртма берган экан-а?
1.6K views13:45
Ochish/sharhlash
2022-05-07 15:14:45 ​​Зарари кўпроқ ёрдамчилар

Деярли ҳар куни ҳоким ёрдамчиларининг ер олиб бериш ёки шунга ўхшаш сабаблар билан пора олиб қўлга тушгани ҳақида ўқияпмиз. Ўзбекистонда янги лавозим бўлган ушбу мансаб эгалари яхши ниятлар билан ишга олинган бўлса, бугун уларнинг аксари бу масъулиятни суиистеъмол қилиш билан банд.

Албатта, ҳоким ёрдамчиси ғояси кўзланган мақсадига қаралса, яхши лойиҳа эканини кўриш мумкин. Аммо тизимни ўзгартирмасдан, унда ҳақиқий ислоҳотларни амалга оширмасдан туриб, уларга масъул ишларни топшириб бўлмаслиги аён бўлиб қолмоқда. Бизнинг шароитда инсон омили бор жойда коррупция ҳолатлари кузатилиши тайин бўлиб қолди. Мисол учун, оддий имтиёзли кредит олиш учун ҳоким ёрдамчиси тавсия бериши керак экан. Бизда имтиёзли нимадир бор жойда, албатта, порага йўл очилади. Ҳукумат не умидлару яхши ниятлар билан қилган янгиликлари мана шундай ишёқмас, тамагир, порахўр ходимлар томонидан йўққа чиқариляпти. Бу яхшиликка эмас, навбатдаги бир порахўрлар жамоасининг шаклланишига хизмат қилмоқда, холос.

Бугун Учтепада терговчи 50 минг пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар чиқди. Олдинроқ ҳоким ёрдамчиси 35 минг билан ушлангани ёзилганди. Бир томондан бу кишини хурсанд қилади. Яъни ҳеч бўлмаса шу каби каттароқ суммада пора оладиганларни ҳам ушлай бошлашди. Ҳар тугул шунисига ҳам шукур. Бўлмаса, 200 минг сўм олган ҳамшира, 100 доллар олган мактаб раҳбари каби майда, маиший ишлар билан ҳисоботлар тўлдирилишидан нарига ўтишмасди.

Бугун 50 минглик порахўрларни ҳам ушлашаётган экан, эртага давлат миқёсида яна каттароқ коррупцияга аралашадиган каттароқ ўғриларга ҳам навбат келади, деб умид қиламиз. Ҳозирча эса боримиз шу.
1.1K views12:14
Ochish/sharhlash
2022-05-06 13:51:51 ​​Қонли байрам

Ҳар йили 9 май арафасида бу куннинг аҳамияти, ўрни ҳақида ҳар хил қарашлар кўпая бошлайди. Кимдир бу кунни байрам сифатида нишонлаш кераклигини айтса, ким учундир бу аксинча — ҳеч қандай байрам эмас. Шунчаки қонли ўтмишнинг интиҳоси, холос.

Менимча ҳам шундай. Миллионлаб инсонларнинг ёстиғини қуритган, миллионларнинг ўлимига сабабчи бўлган урушнинг якунини ғалаба сингари байрам қилиш, ўйлашимча, нотўғри. Чунки урушда ғолиблар бўлмайди. Урушда ҳеч қачон ҳеч бир томон ғалаба қозонмайди. Уруш фақат йўқотишлари билан тарихда из қолдиради. Биз учун, келажак авлод учун хулоса бериш мумкин бўлган воқеа сифатида қолади.

Бу куни миллионлаб одамлар, жумладан, ўзбекистонликлар шунчаки, икки ўта қайсар ва каллакесар диктаторнинг манфаатлари ортидан юзага келган қонли тўқнашувнинг қурбонига айланган. Миллионлаб оилалар отасиз, фарзандсиз, ака-укасиз қолган. Маълумотларга кўра, Иккинчи жаҳон уруши вақтида Ўзбекистон аҳолиси сони 6,5 млн бўлган, шундан 1 млн 433 минг нафари (меҳнатга лаёқатли аҳолининг 60 фоизи) жанговар ҳаракатларга жалб этилган. Агар бугунги кунга тўғри келганида, бу салкам 8 млн ўзбекистонлик тақдири номаълум бўлган қонли манзилга кетишини англатарди.

9 май айнан шу каби тинчлик йўлида фидо бўлган боболаримизни қадрлаш, бугунги кунимиз учун хулосалар чиқариш, тинчликнинг қадрига етиш учун эсланадиган кун сифатида қолиши керак. Бугун санага сиёсий тус бериб, кундан ўз мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлаётганларнинг мақсади эса аниқ. Улар учун аслида бу ғалаба куни ёки урушда ҳалок бўлган боболарига плакат кўтариб ҳурмат кўрсатиш эмас. Буни тушуниш унчалик қийинмас.

9 май бу байрам эмас! Бу хурсандчилик куни ҳам эмас. Уни сиёсийлаштириб, фетиш қилиб олиб, кўчада расмларни кўтариб юриш орқали нишонланадиган кун ҳам эмас. Бу худди ўлиб кетган додасини уйга олиб кириб қўйиб, унга сиғингандай гап, аслида.
924 views10:51
Ochish/sharhlash
2022-04-26 16:16:16 ​​Раққос амалдорлар

Андижон вилояти ҳокимининг қарорини ўқигандирсиз. «Андижон полка» юбилейи муносабати билан вилоятда «Андижон полка ойлиги» эълон қилинибди. Бу вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг биринчи ноодатий қарори эмас. Илгари ҳам унинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли гаплари, қилиқлари, қарорлари ҳақида эшитганмиз, ўқиганмиз. Балки шунақа «ўхшаши йўқлиги» учун Андижон халқи уни яхши кўрар...

Лекин, жиддий айтадиган бўлсак, бизда бунақа кулгига, истеҳзога сабаб бўладиган гапларни гапирадиган, қарорлар чиқарадиган мансабдорларимиз, чиновникларимиз кам эмас. Шуҳрат Абдураҳмоновга ўхшаганларни ўзбек амалдорлари ичида жуда кўп топиш мумкин. Илгари ўта ёпиқ сиёсат туфайли улар бизга кўринмаган бўлса, бугунги даврда уларни яхшироқ танияпмиз.

Тажрибамдан келиб чиқиб айтай, жуда кўп мажлис, йиғилишларда иштирок этишимига тўғри келган. У ерда ўтирган чиновникларимизнинг гапларини эшитсангиз, «қандай қилиб бу одам бунақа фикрлаши билан ҳозирги ўрнида ўтирибди», деган савол келади. Бу каби йиғилиш, тадбирларда шунчалик кўп қовун тушириладики, уларнинг аксари оммага тарқалмай қолади. 5600 сўм ёки «кўп гўшт еяпмиз» деган айрим «хитлар»нигина халқ биляпти.

Албатта, бу ўринда журналистларга ҳам кўп нарса боғлиқ. Шу каби тадбир-анжуманларда қатнашган, гапирган, саволларга жавоб берган чиновникларнинг «қовун»ларини ҳар доим ҳам матбуотга олиб чиқаверишмайди. Катта эҳтимолки, улар андиша қилишади. Катта мансабдор шахсларнинг ақлини худди кийими каби салобатлироқ қилиб кўрсатгиси келса керак.

Ҳурматли журналистлар, келинглар, барчасини борича кўрсатишга ўрганайлик. Биргина Абдураҳмонов эмас, яна ўнлаб, балки юзлаб қовун туширадиган чиновникларимизни борича, аслича, улар қандай бўлса, шундайлигича кўрсатишга ўрганайлик. Балки шундагина қандайдир хулосалар чиқарар, калласи етгани ўзгаришга ҳам ҳаракат қилар. Балки шунда «қовунлар» камаяр?
861 views13:16
Ochish/sharhlash
2022-04-22 07:35:02 ​​Ёпиқ қозонимиз қачон очилади?

Ташқи ишлар вазири лавозимидан расман истеъфога чиқмаган, касаллиги учун даволанишга кетгани айтилган Абдулазиз Комиловнинг ҳозир қаерда экани ҳақидаги савол билан вазирликка мурожаат қилишганида, Комиловнинг қаерда эканини билмасликларини айтишибди. Тасаввур қиляпсизми, ҳали бўшатилмаган вазирнинг ишхонасидагилар ҳам унинг қаерда эканини билмайди. Агар ишдан бўшатилган бўлса, бу ҳақда расмий хабар беришса, олам гулистон эди.

Кеча Толибон расмийлари ИШИД террорчилик ташкилотининг Хуросон бўлими Ўзбекистон ҳудудини ракеталар ёрдамида ўққа тутишга урингани, бироқ снарядлар ўзбек чегарасигача етиб бормаганини маълум қилди. Бир кун олдин эса бизникилар чегарада умуман ҳеч нарса содир бўлмагани ҳақида ёзишганди. Толибон баёнотида вазият сал бошқачароқ бўлганини кўриш мумкин.

2 кун илгари Самарқанд ва Жиззахда кучли ёмғир сабаб ҳудудларга сел келиши кузатилди. Айниқса, Жиззахнинг Фориш туманидаги сел жиддий талафотлар келтирди ва ФВВ хабарига кўра, бу офат 4 кишининг ҳаётига зомин бўлди.

Юқорида учта хабар. Уч хил манба, уч хил манзил, йўналиш. Тепада эсланган иккитаси бўйича шу қадар кўп миш-мишлар урчидики, қайси бирига ишонишни ҳам билмайсан, қайси ҳақиқат, қайси уйдирма ажратиб бўлмай қолди. Сел мавзусида ҳам аслида миш-мишлар болалаши мумкин эди, аммо ФВВнинг вақтида берган маълумотлари, қурбонлар ҳақидаги хабарлари ортидан бу борада миш-мишлар ўша заҳоти тўхтади. Ҳа, ростан ҳам офат оқибатида одамлар ўлибди, дейилди, бўлди.

Очиқлик ҳақида кўп гапирамиз, давлат раҳбари ҳам очиқлик бугунги давр талаби эканини айтади. Бутун Ўзбекистонда чироқ ўчганида эсланг, бирламчи вазифалардан бири вазият ҳақида тинимсиз ахборот бериб бориш бўлганди. Бу қайсидир маънода ҳар хил гап-сўзлар тарқалиб кетишининг олдини олган. Аслида, бошқа йўл ҳам йўқ. Сиз бирор воқеани қанчалик беркитишга уринманг, бугунги ривожланган интернет замонида барибир унинг иситмаси чиқиб келаверади. Миш-мишлар, бунинг ортидан эса ваҳималар уйғонаверади. Одатий поезд йўли орқали ташиладиган техникалар ҳам катта ваҳима билан қабул қилинади. Биздан унча узоқ бўлмаган ҳудудларда содир бўлаётган воқеалар фонида эса ваҳима янада катталашиб боради.

Албатта, берилган маълумотлар, хабар ёки статистикалар ёлғондан иборат бўлмаслиги ҳам муҳим. Статқўм берган қайсидир кўрсаткич билан эртаси куни Марказий банк берган худди шу маълумот бўйича рақамлар бутунлай фарқ қиладиган бўлса, уларнинг ҳам фойдадан зарари кўпроқ бўлади. Икки давлат ташкилоти бир-бирини ёлғон статистикаю, «чизилган» ҳисоботлар билан алдаб юрса, ҳеч нарса ўзгармайди. Тайинли, ишончли инфолар йўқ жойда эса биз ҳар куни ўқиётган порахўр, коррупционер ёки одамлар пулини осон ўзлаштирадиган фирибгарлар кўпаяверади.
1.2K views04:35
Ochish/sharhlash
2022-04-18 15:02:12 ​​Алданиб тўймайдиган халқимиз ҳақида

Халқимиз жуда ажойиб. Турли эртакларга ишониб, алданишни яхши кўради. Хотираси қисқалигидан бу ишни қайта ва қайта содир этаверади. Энг алам қиладигани Ўзбекистонда ҳаддан ортиқ даражада қадрланадиган ва кўкларга кўтариладиган хонандалар шу каби фирибгарларнинг «бизнес»ларини реклама қилиб бериш орқали уларга ёрдам беришади.

90-йиллар, 2000-йиллардаги пирамидалар ўтиб кетди, деб ўйлагандик. QuestNet ва яна алламбало номли мақсади бошида турган одамнинг бойишига, осон пул топишига мўлжалланган бундай пирамидалар бизга сабоқ бўлди, одамларимиз ўзгарган, энди унақа содда эмас, деб ўйлардик. Йўқ, бекор гап экан.

Ўртада Аҳмадбой чиқди. Атрофида халқимиз кўкка кўтаришни яхши кўрадиган санъаткорлар дарров унинг атрофида гирдикапалак бўлиб реклама қилишди. Одамлар уларга ишониб, борини топширди. Аҳмадбой қамалди, одамлар эса пулсиз қолди. Ўртада бошқачароқ форматдаги Straus House деган бир бизнес тури чиқди. Бунда ҳам худди шу аҳвол. Охирида яна ишонувчан халқ жабр кўрди.

Мана энди эса Realnaya Investitsiya деган фирибгарликнинг янгича тури билан пул қилган компаниянинг эгалари ҳам қамалибди. Кўзингиз тушмаган бўлса, эслатаман: бу фирма сизга пулингизни халқаро биржаларга тикиб, ойига 10 фоиздан даромад қилишингизни айтади ва сизга ўша пулни олдин пул тиккан одамларнинг пулидан чиқариб бераверади. Хуллас, шунчаки бир кишининг пулини ўнга бўлиб тарқатиб, қолганини қимматбаҳо машиналар, уйлар — умуман, ўз эҳтиёжига сарфлаб юраверган.

Бундай одамларга қандай ишониш мумкин, ҳайрон қоласан киши. Хўжайини — институтни тамомламаган бир йигит. Реклама интервьюларида олий маълумоти йўқлиги, аммо олий маълумотлиларни бошқараётганини айтиб, кулган. Instagram’ига кирсангиз, ҳаммаёқ диний иқтибослару, тиловатлар билан тўла. Шунга яраша иймони ва виждони бор деб алданиш ҳеч гап эмас. Ва ҳар доимгидек ҳамма жойда тайёр шоу-бизнес юлдузлари шу одамни реклама қилган.

Бугун бизга молиявий саводхонлик жуда зарурлиги кўриниб турибди. Чунки билимсизлик, шунчаки кўр-кўрона ишонувчанлик ортидан оддий одамлар зарар кўряпти ва юқорида айтганимдек бу биринчи марта эмас. Нечанчи марта такрорланяпти. Бошқа йўлимиз йўқ. Бошқачасига одам бўлмасак керак.
959 views12:02
Ochish/sharhlash
2022-04-15 18:06:16 ​​Қўшнингни иркит тутма

Охирги вақтларда Telegram каналларда «чақимчилик қилманг, йўл қоидаларини бузганларни ЙПХга чақманг, бу мусулмончиликка тўғри келмайди» деган муллалар кўпайиб кетди.

Бу борада ким ҳақ, ким ноҳақ экани бўйича фатво бермоқчи эмасман, бу менинг ишим ҳам эмас. Лекин менда шунчаки бир савол бор: сиз Германия каби тоза-озода, тўқ ва тартибли мамлакатда яшашни истармидингиз? Ўзбекистонимиз Германияга ўхшаган ўта тартибли мамлакат бўлишини хоҳлармидингиз? Унда мана буни ўқинг:

Германияда тозалик «туғма» эмас, балки мажбурийликдан пайдо бўлган.

Узоқ йиллар давомида немислар ошхонадаги чиқинди, кул, ўлган уй ҳайвонлари, суяклар ва овқат қолдиқларини аҳмоқона равишда шунчаки девор, панжаралар ёки исталган жойга ташлаб кетадиган аҳоли бўлишган. Антисанитария оқибатида уларда касалликлар кўпайган, қишлоқ ва шаҳарлар имконсиз даражада ифлосланган бўлган.

XV асрда Вюртемберг графи айнан шу каби қўланса ҳидлардан касал бўлиб қолади ва шундан сўнг махсус фармон чиқаради, бунинг натижасида шаҳарлар кескин ТОЗА бўлиб қолади. Фармоннинг моҳияти шундай эдики, агар қўшнингиз бир неча ҳафта давомида ахлатни олиб чиқиб ташламаганини кўрсангиз ва бу ҳақда хабар бермасангиз, нафақат у, балки сиз ҳам жазоланасиз.

Агар сиз унинг бу иши ҳақида хабар берсангиз, унда сиз ўша қўшнингиз ерининг бир қисмига эга бўлишингиз мумкин бўлган. Натижада ҳар шанба куни қўшниларнинг таъна-дашномларига дучор бўлмаслик учун ҳамма ўз эшиги олдидаги чиқиндини тозалаб чиққан. Мажбурий тартиб кейинчалик бу миллатнинг қон-қонига сингиб кетган.

Жамоатчилик назорати, инсонлар ўзини ўзи назорат қилиши, қўшнингни сен, сени қўшнинг назорат қилиши, қоидаларга таяниб яшашга ўргатади. Кўчадаги ҳайдовчи сизни суратга олиб, қанчадир пул ишлар, лекин, энг асосийси, сиз кейинги сафар ўша қоидани бузмасликни ўрганасиз, у ўрганади, биз ўрганамиз.

Аста-секин бу ҳақиқий тизимли, одатий ҳаёт тарзимизга айланади. Сиз қоидани бузмай қўйсангиз, ўша бугун чақимчи «эчки» деяётган одамларингнинг ўзига ҳам ҳеч иш қолмайди. Сиз шунчаки қоидани бузмай яшайсиз, ҳеч ким бузмайди ва бугунгидек гап-сўзларга ҳам ҳожат қолмайди.

Идеалга яқин жамиятни яратишда ҳамманинг улуши бўлади. Сизнинг ҳам улушингиз бўлиши учун тўғри яшашга ўрганишингиз, имкон бор жойда одамларни тўғри яшашга ўргатишингиз керак бўлади. Бошқа йўл йўқ.
825 views15:06
Ochish/sharhlash
2022-04-14 16:10:46 ​​Бугунимиз фожиалари

Сурхондарё вилоятида эркак хотини ва қайнанасини қийнаб ўлдирибди. Фарғонада бухгалтер катта пулни қиморга тикиб, ютқазибди. Бухорода чиқинди ташиш машинаси бир қиз ва ёш болани босиб кетибди. Охирги бир-икки кун мана шундай оғир хабарлар билан тўлди.

Шу каби хабарлар остига ёзилаётган комментарийларни ўқисангиз, асосан «қаққа қараб кетвомиз», «одамларимиз бузилиб кетган», уни ёки буни тақиқлаш керак, деган гапларни учратиш мумкин. Аммо бу ечим эмас. Бу каби вазиятларга бошқа томондан ёндашиш керак бўлади. Чунки бу каби воқеалар минг йил олдин ҳам бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади, давом этаверади.

Одамлар шунақа. Шунчаки илгари бу каби хабарларга кўзингиз кўп тушмаган бўлса, бу энди кўпайиб қолди дегани эмас, шунчаки ҳозир ахборот кўпайди. Ахборотни борича бериш имконияти ўсди. Илгари табудек қаралган масалани бугун ёзиш мумкин, камида ижтимоий тармоқларда ўзи тарқаб кетади.

Шахсан мени Нукусда тирик туғилган чақалоқни шифокорлар ёриб кўриб, ўлдириб қўйишгани кўпроқ ранжитди. Ўша воқеани ўқиган куним кечаси ухлолмадим. Туни бўйи фарзандимга тикилиб ўтирдим ва ўйладим: бошимизга тушаётган ҳамма балога уқувсизлик сабабчи бўлмоқда.

Ўзингиз айтинг, қандай қилиб янги бир вужуд дунёга келадиган туғуруқхонадек масъулиятли жойда чақалоқнинг тирик ёки ўлик туғилганини ажрата олмайдиган мутахассис (мутахассис дейиш ҳам нотўғри унақаларни) ишлаши мумкин? Қандай қилиб биз келажак авлодни шунақа чаласавод таълим олганларга ишониб қўйишимиз мумкин? Қандай қилиб? Отасининг жарақ-жарақ пулига ўқишга кириб, ўқишни ҳам жарақ-жарақ пулга битирган «отам манга клиника очиб беради»сифатларга тиббиёт қолиб кетаётгани фожиа. Минг лаънат бўлсин коррупцион тизим ва ундан ўз манфаати йўлида фойдаланиб келаётганларга...

Инсон қўлидан келадигани — бу сифатли таълим олиш, онгини кенгайтириш, маърифатли бўлиш. Масъулиятни ҳис қилган ҳолда ўқиш ва шунга яраша ўз вазифасини бажариш. Ана шундагина тепадаги воқеалар ҳам камаяди. Сифатли таълим эса коррупциясиз, порахўрликларсиз бўлиши мумкин.
599 views13:10
Ochish/sharhlash
2022-04-12 15:57:47 ​​Томошабин жамият

Айтишларича, Келес йўли кўчасини худди бошқа йўлларимиз сингари кенгайтириб, ўнлаб полосали катта трассага айлантиришмоқчи экан.

Шаҳарда одамга шароит яратишдан кўра йўлларни тинимсиз, қўрқинчли ва ҳаёт учун хавфли қилиб кенгайтиришларига ўрганиб ҳам қолдик. Олмазор туманидан ўтувчи бу йўл-ку майли, вилоятни пойтахт билан боғлайди, шаҳар марказидаги йўлларни трассага айлантиришаётгани олдида бу кичик муаммодек кўринади.

Муаммо шу билан тугаса ҳам майли эди. Маълум бўлишича, ўша йўлни кенгайтириш мақсадида йўл четида бўлган жуда кўплаб дарахтлар шунчаки ўзбошимчалик билан кесиб ташланибди. Юқори минбарларда деярли ҳар куни экологияни асраш, «яшил макон» дастурини бажариш, кўпроқ дарахт экиш, кесишларга мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларга нисбатан қотиллик камайгани йўқ. Бунга ҳам ажабланмай қўйдик.

Шу кўчага яқин турадиган маҳаллий аҳоли вакилининг сўзларига кўра, дарахтлар кесилаётганда шу ерда яшаётган бирор киши «ҳой, нима қиляпсанлар?» дея сўрамаган. Маҳаллабоши, фаоллар шунчаки эътиборсиз қолдирган.

Мени энг кўп ўйлантирадиган нарса шу — эътиборсизлик. Қачондан биз шунақа бўлиб қолдик? Уйимиздан бир неча метр нарида бўлаётган ишларга нега қизиқмай қўйдик? Болаларимиз, келажак авлод учун зарар келтираётганлардан, ҳеч бўлмаса, бу ишни нега қилаётганини сўраб, савол бермаймиз. Нега?

Ўзимиздан бошқа нарсани ўйламай қўйдик, ҳовлимизда, уй ичида бўладиган нарсагина қизиқ бизга. Лекин ҳовлимиз учун алоҳида осмон йўқ-ку. Шу маҳалла, шу туман, шу ҳудуднинг ободлиги, соя-салқинлиги, чанг-тўзондан иҳоталангани биз учун, болаларимиз учун, келажак авлод учун фойда-ку! Нега фақат бугунни ва фақат ўзимизни ўйлаймиз?

Мораторий эълон қилинибди, хўп. Лекин ўша қоидалар ишлаши учун жамоатчилик назорати ҳам бўлиши керак-ку. Бугун сиз, қўшнилар чиқиб савол берса, видеога олиб тарқатса, масъул ташкилотларга юборса, шунақа ҳолатларда натижа бўляпти-ку, тўғрими?

Шунчаки томошабин бўлиш билан ўз фарзандларимизга хиёнат қилаётганимизни биламизми? Қачон ўзгарамиз? Қачон бизда ҳам ҳақиқий жамоатчилик назорати асосий «план»да бўлган давлатга айланамиз?

Ҳозирча саволлардан бошқа ҳеч нарса йўқ менда. Умид ҳам…
432 views12:57
Ochish/sharhlash