Get Mystery Box with random crypto!

​​Бугунимиз фожиалари Сурхондарё вилоятида эркак хотини ва қа | Нугманов LIVE

​​Бугунимиз фожиалари

Сурхондарё вилоятида эркак хотини ва қайнанасини қийнаб ўлдирибди. Фарғонада бухгалтер катта пулни қиморга тикиб, ютқазибди. Бухорода чиқинди ташиш машинаси бир қиз ва ёш болани босиб кетибди. Охирги бир-икки кун мана шундай оғир хабарлар билан тўлди.

Шу каби хабарлар остига ёзилаётган комментарийларни ўқисангиз, асосан «қаққа қараб кетвомиз», «одамларимиз бузилиб кетган», уни ёки буни тақиқлаш керак, деган гапларни учратиш мумкин. Аммо бу ечим эмас. Бу каби вазиятларга бошқа томондан ёндашиш керак бўлади. Чунки бу каби воқеалар минг йил олдин ҳам бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади, давом этаверади.

Одамлар шунақа. Шунчаки илгари бу каби хабарларга кўзингиз кўп тушмаган бўлса, бу энди кўпайиб қолди дегани эмас, шунчаки ҳозир ахборот кўпайди. Ахборотни борича бериш имконияти ўсди. Илгари табудек қаралган масалани бугун ёзиш мумкин, камида ижтимоий тармоқларда ўзи тарқаб кетади.

Шахсан мени Нукусда тирик туғилган чақалоқни шифокорлар ёриб кўриб, ўлдириб қўйишгани кўпроқ ранжитди. Ўша воқеани ўқиган куним кечаси ухлолмадим. Туни бўйи фарзандимга тикилиб ўтирдим ва ўйладим: бошимизга тушаётган ҳамма балога уқувсизлик сабабчи бўлмоқда.

Ўзингиз айтинг, қандай қилиб янги бир вужуд дунёга келадиган туғуруқхонадек масъулиятли жойда чақалоқнинг тирик ёки ўлик туғилганини ажрата олмайдиган мутахассис (мутахассис дейиш ҳам нотўғри унақаларни) ишлаши мумкин? Қандай қилиб биз келажак авлодни шунақа чаласавод таълим олганларга ишониб қўйишимиз мумкин? Қандай қилиб? Отасининг жарақ-жарақ пулига ўқишга кириб, ўқишни ҳам жарақ-жарақ пулга битирган «отам манга клиника очиб беради»сифатларга тиббиёт қолиб кетаётгани фожиа. Минг лаънат бўлсин коррупцион тизим ва ундан ўз манфаати йўлида фойдаланиб келаётганларга...

Инсон қўлидан келадигани — бу сифатли таълим олиш, онгини кенгайтириш, маърифатли бўлиш. Масъулиятни ҳис қилган ҳолда ўқиш ва шунга яраша ўз вазифасини бажариш. Ана шундагина тепадаги воқеалар ҳам камаяди. Сифатли таълим эса коррупциясиз, порахўрликларсиз бўлиши мумкин.