Get Mystery Box with random crypto!

​​Томошабин жамият Айтишларича, Келес йўли кўчасини худди бош | Нугманов LIVE

​​Томошабин жамият

Айтишларича, Келес йўли кўчасини худди бошқа йўлларимиз сингари кенгайтириб, ўнлаб полосали катта трассага айлантиришмоқчи экан.

Шаҳарда одамга шароит яратишдан кўра йўлларни тинимсиз, қўрқинчли ва ҳаёт учун хавфли қилиб кенгайтиришларига ўрганиб ҳам қолдик. Олмазор туманидан ўтувчи бу йўл-ку майли, вилоятни пойтахт билан боғлайди, шаҳар марказидаги йўлларни трассага айлантиришаётгани олдида бу кичик муаммодек кўринади.

Муаммо шу билан тугаса ҳам майли эди. Маълум бўлишича, ўша йўлни кенгайтириш мақсадида йўл четида бўлган жуда кўплаб дарахтлар шунчаки ўзбошимчалик билан кесиб ташланибди. Юқори минбарларда деярли ҳар куни экологияни асраш, «яшил макон» дастурини бажариш, кўпроқ дарахт экиш, кесишларга мораторий эълон қилинганига қарамасдан, дарахтларга нисбатан қотиллик камайгани йўқ. Бунга ҳам ажабланмай қўйдик.

Шу кўчага яқин турадиган маҳаллий аҳоли вакилининг сўзларига кўра, дарахтлар кесилаётганда шу ерда яшаётган бирор киши «ҳой, нима қиляпсанлар?» дея сўрамаган. Маҳаллабоши, фаоллар шунчаки эътиборсиз қолдирган.

Мени энг кўп ўйлантирадиган нарса шу — эътиборсизлик. Қачондан биз шунақа бўлиб қолдик? Уйимиздан бир неча метр нарида бўлаётган ишларга нега қизиқмай қўйдик? Болаларимиз, келажак авлод учун зарар келтираётганлардан, ҳеч бўлмаса, бу ишни нега қилаётганини сўраб, савол бермаймиз. Нега?

Ўзимиздан бошқа нарсани ўйламай қўйдик, ҳовлимизда, уй ичида бўладиган нарсагина қизиқ бизга. Лекин ҳовлимиз учун алоҳида осмон йўқ-ку. Шу маҳалла, шу туман, шу ҳудуднинг ободлиги, соя-салқинлиги, чанг-тўзондан иҳоталангани биз учун, болаларимиз учун, келажак авлод учун фойда-ку! Нега фақат бугунни ва фақат ўзимизни ўйлаймиз?

Мораторий эълон қилинибди, хўп. Лекин ўша қоидалар ишлаши учун жамоатчилик назорати ҳам бўлиши керак-ку. Бугун сиз, қўшнилар чиқиб савол берса, видеога олиб тарқатса, масъул ташкилотларга юборса, шунақа ҳолатларда натижа бўляпти-ку, тўғрими?

Шунчаки томошабин бўлиш билан ўз фарзандларимизга хиёнат қилаётганимизни биламизми? Қачон ўзгарамиз? Қачон бизда ҳам ҳақиқий жамоатчилик назорати асосий «план»да бўлган давлатга айланамиз?

Ҳозирча саволлардан бошқа ҳеч нарса йўқ менда. Умид ҳам…