Get Mystery Box with random crypto!

Яна қанча одам ўлиши керак? Охирги кунларда энг кўп ўқиётгани | Нугманов LIVE

Яна қанча одам ўлиши керак?

Охирги кунларда энг кўп ўқиётганим авариялар, уларнинг оқибатида одамларнинг ўлиб кетаётгани ҳақида хабарлар бўлмоқда. Уларнинг аксарида ҳайдовчилар тезликни ошириши, бунинг оқибатида бошқарувни йўқотиши, қоидаларга амал қимаслиги нохуш ҳолатга сабаб бўлган.

Ҳар куни оддий бир хатони деб йўлларда одамлар ўлиб кетмоқда. Кимлардир бутун умр ногирон бўлиб қолмоқда. Шошма-шошарлик, қоидаларни менсимаслик ва бошқа қилиш шарт бўлмаган ҳаракатлар бир оилани фарзанддан ёки отадан, онадан айирмоқда. Бу жуда ачинарли, аммо аччиқ ҳақиқат.

Автомобиль 1 тонна металлдан иборат техника бўлса. Биз эса уни қўрқмасдан, ўйламасдан соатига 100 км тезликда ҳайдаймиз. Қони қайнаган ёшларимиз понт учун гўёки пойга ўйнагандек машинани тест қилиб кўрамиз, аслида бу бутун бошли ҳаётга нуқта қўяётган тест бўлиб чиқади... Рулга ўтирганимизда инсон эмас, гўёки қутурган одамларга ўхшаб қоламиз: оқибатларни ўйламаймиз, ўзимизни худдики Шумахердек ҳис қиламиз.

Етар энди. Қачон хулоса чиқарамиз? Ўзимизга келиб олишимиз учун яна нечта одам ўлиши керак? Нега авариялар биз билан содир бўлмайди деб ҳисоблаймиз? Вируслар, эпидемиялар эмас, авариялар кўпроқ одам ўлдирадиган жамият номидан қачон қутуламиз?