Get Mystery Box with random crypto!

​​Зарари кўпроқ ёрдамчилар Деярли ҳар куни ҳоким ёрдамчиларин | Нугманов LIVE

​​Зарари кўпроқ ёрдамчилар

Деярли ҳар куни ҳоким ёрдамчиларининг ер олиб бериш ёки шунга ўхшаш сабаблар билан пора олиб қўлга тушгани ҳақида ўқияпмиз. Ўзбекистонда янги лавозим бўлган ушбу мансаб эгалари яхши ниятлар билан ишга олинган бўлса, бугун уларнинг аксари бу масъулиятни суиистеъмол қилиш билан банд.

Албатта, ҳоким ёрдамчиси ғояси кўзланган мақсадига қаралса, яхши лойиҳа эканини кўриш мумкин. Аммо тизимни ўзгартирмасдан, унда ҳақиқий ислоҳотларни амалга оширмасдан туриб, уларга масъул ишларни топшириб бўлмаслиги аён бўлиб қолмоқда. Бизнинг шароитда инсон омили бор жойда коррупция ҳолатлари кузатилиши тайин бўлиб қолди. Мисол учун, оддий имтиёзли кредит олиш учун ҳоким ёрдамчиси тавсия бериши керак экан. Бизда имтиёзли нимадир бор жойда, албатта, порага йўл очилади. Ҳукумат не умидлару яхши ниятлар билан қилган янгиликлари мана шундай ишёқмас, тамагир, порахўр ходимлар томонидан йўққа чиқариляпти. Бу яхшиликка эмас, навбатдаги бир порахўрлар жамоасининг шаклланишига хизмат қилмоқда, холос.

Бугун Учтепада терговчи 50 минг пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар чиқди. Олдинроқ ҳоким ёрдамчиси 35 минг билан ушлангани ёзилганди. Бир томондан бу кишини хурсанд қилади. Яъни ҳеч бўлмаса шу каби каттароқ суммада пора оладиганларни ҳам ушлай бошлашди. Ҳар тугул шунисига ҳам шукур. Бўлмаса, 200 минг сўм олган ҳамшира, 100 доллар олган мактаб раҳбари каби майда, маиший ишлар билан ҳисоботлар тўлдирилишидан нарига ўтишмасди.

Бугун 50 минглик порахўрларни ҳам ушлашаётган экан, эртага давлат миқёсида яна каттароқ коррупцияга аралашадиган каттароқ ўғриларга ҳам навбат келади, деб умид қиламиз. Ҳозирча эса боримиз шу.