2022-10-22 10:00:14
Савдода ваколат ва унга тегишли ҳукмлар
Савдо ва тадбиркорлик фаолияти жараёнида инсон турли ҳолатларда бошқа бир шахсни ўз вакили сифатида тайинлаши мумкин. Ушбу амалиёт шариатда “ваколат” деб аталади.
“Ваколат” сўзининг бир нечта маънолари мавжуд бўлиб, улар ичида “вакил”, “вакил қилмоқ”, “намоёнда қилмоқ” маънолари билан бир қаторда “муҳофаза қилиш” деган маъноси ҳам бор. Истилоҳда (амалда) ваколат тасарруф қилишни бошқа шахсга топшириш ҳисобланади.
Содда қилиб айтганда бир ишни бажаришни бошқага топшириш ёки ўша ишни бажариш учун ўз ўрнига бошқани тайинлашни вакил қилиш дейилади.
Савдода харид учун вакил қилиш ҳукмлари:
1) Бирор нарсани сотиб олиш учун бирон шахс вакил қилинса, сотиб олинадиган молнинг жинси (нима эканлиги), сифати, миқдори ва бошқа муҳим жиҳатлари баён қилиниши лозим. Агар муваккил (ишни топширган шахс) сотиб олинаётган нарсанинг фақат жинсини айтиб, қолган жиҳатларида вакилга ихтиёр берган бўлса, бу ҳолда муваккил, вакил ҳарид қилган маҳсулотнинг сифати каби бошқа жиҳатларига эътироз билдирмай қабул қилади.
2) Вакил муваккилнинг топшириғига қатъий риоя этиши, унинг шартларига хилоф қилмаслиги лозим. Бироқ, вакил муваккил баён қилган сифатдан яхшироғини сотиб олса, яъни муваккилнинг манфаатига бўлса, бу иш жоиздир.
3) Маълум бир молни сотиб олиш учун вакил қилинган шахс муваккилнинг ижозатисиз олинган молни сотиши мумкин эмас.
4) Бир шахс бир вақтнинг ўзида битта олди-сотди амалиёти учун икки тарафдан вакил бўлиши жоиз эмас (масалан ҳам сотувчи, ҳам харидорни).*
Савдода сотиш учун вакил қилиш ҳукмлари:
1) Сотиш учун вакил қилинган шахс муваккилнинг молини муносиб нархга сотиши зарур. Агар муваккил сотилаётган маҳсулотнинг нархини белгилаб берса-ю вакил айтилган нархдан паст нархга сотса ва муваккил бу нархни қабул қилмаса, вакил зарарни қоплаши керак;
2) Сотиш учун вакил қилинган шахс муваккилнинг молини ўзи сотиб олиши, шунингдек, гувоҳлиги қабул қилинмайдиган ота-она, фарзанд, эр-хотин каби кишиларга сотиши ҳам жоиз эмас. Илло белгиланган нархдан қимматроққа сотиши жоиз;
3) Муваккил молни нақдга сотишни тайинлаган бўлса, вакил уни насияга сотиши мумкин эмас.
Қўшимча равишда қуйидаги боғлама орқали вакилликка доир мақолани очиб ўқиб чиқишни маслаҳат берамиз https://islommoliyasi.uz/uz/vakala-bitimi/
*баъзилар кўчмас мулк бозорида ишлайдиган “маклерлар” битта уйни сотишда сотувчидан уйга харидор топгани учун хизмат ҳақи олади, ўша уйни ўзини харидорга “топиб бергани учун” ундан ҳам хизмат ҳақи оладику, бу бир пайтни ўзида ҳам сотувчини, ҳам харидорни вакили бўлиш эмасми деб савол беришлари мумкин. Аммо бу ҳолатда, маклер томонларга хизмат кўрсатиб ҳақ оляпти, вакил бўлгани учун эмас. Демак, бу бошқа ҳолат экан.@IslomMoliyasi
2.7K views07:00