2024-06-30 07:04:22
ЭРКАКНИНГ ЭРКАГИ
(Бўлган воқеа)
Турмуш ўртоғим вафот этганларидан кейин, уй-рўзғор ташвиши бутунлай менда қолди.
Катта қизимни қарз-ҳавола олиб, амаллаб узатиб, анча қийналиб қолдим. Ҳали яна етилиб келаётган уч қизим бор эди. Иккинчи қизимга совчи келишни бошлаганда, совчиларни қайтариб юборавердим. Чунки биринчи тўйимдан, қолган қарзларимни ҳали тўлаб қутилмаган эдим...
Бир куни иккинчи қизим билан Чорсуга бозор қилгани тушдик. Бозордан чиқиб, мошина тўхтатдим. Бир жигули келиб тўхтади. Кетарканмиз шофёр: "Қизингизни узатасизми?", деб сўради. Узатолмаслигимни, яқинда қарзга тўй қилганимни айтиб тушунтирдим. Шофёр бизни эшигимиз тагига ташлаб қўйди. Эртаси куни уйимизга совчи келди. Шофёрнинг аёли экан. Узатолмаслигимни, шароитим йўқлигини чиройли қилиб, тушунтирдим. Аёл чиқиб кетди...
Бир кун ўтмай шофёрнинг ўзи совчи бўлиб келди. Ва: "Кеча аёлимни жўнатиб юборибсиз. Бугун ўзим келдим. Мени келганимни ҳеч ким билмайди. Сиз ҳам ҳеч кимга айтманг. Қизингизни илтимос бизга беринг. Ҳамма нарсангизни ўзим қилиб бераман. Бу гаплар шу ерда қолсин", деди. Мен ҳижолатда қолгандим. Шофёр қайта-қайта келиб, охири бизни кўндирди. Ва аёлини яна совчи қилиб жўнатди. Совчиларга розилик бердик. Ҳамма нарсамизни шофёр қилиб берди. Ҳаттоки гугуртгача...
Мебель олиб, уйига жўнатганда ҳам мен жўнатгандек бўлиб кўриндим. Сир сирлилигича қолганди. Қудам иккимиздан бошқа ҳеч кимнинг бу ишлардан хабари бўлмади. Ҳаттоки куёвимни ҳам... Аллоҳнинг ишларини қарангда Ўзига осон экан. Қизимни тўйи чиройли ўтди. Ҳеч кимдан бир сўм қарз бўлмадим. Ҳозир қизимнинг 4 та фарзанди бор. Ҳар фарзандини туққанда, қайнотаси менга пул ташлаб кетарди.
"Совға-саломни шу пулга қилинг", дерди мени қийнамаслик учун. Ҳамма қизимни узатдим алҳамдулиллаҳ.
Шофёр қудам анча йил аввал вафот этдилар. Уларнинг ҳақларига ҳар қанча дуо қилсам ҳам оз. Роббим қудамни жойларини жаннат, қабрларини гулистон қилсин! Менинг оғиримни енгил қилган қудамнинг Қиёматдаги жавоблари ҳам енгил бўлсин!
Аллоҳим, ушбу ибратни ўқиётган хар бандангни Ўзинг қўллаб, мухтожларга кўмак беришга қодир - барокатли сахийлардан қилгин... Амин!
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Биз билан бирга бўлинг
https://telegram.me/joinchat/EBkeNT8wOXpAsSelKCAtIA
12.5K viewsedited 04:04