2022-12-29 12:10:51
Хонадон ва ҳокимият “обрўйи” учун судланган блогерлар
Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий судида блогерлар Жамшид Исматов, Насим Холов ва Сирожиддин Адилов (“Эзгулик” фаоли)нинг кассация шикояти кўриб чиқилди. Уларнинг ҳар бири шу йилнинг 28 июлида Пастдарғом тумани суди қарори билан 13,5 миллион сўмдан жаримага тортилган. Аппеляция суди қарорни қувватлаган.
Маъмурий иш материалларига кўра, пастарғомлик фуқаро Навбаҳор Улуғмуродова маҳаллий блогер Жамшид Исматовга эри вафот этганидан сўнг кўчада қолгани, ота уйидаги оғилхонада яшаётганидан шикоят қилган. Блогер 3 фарзандли беванинг яшаш оғилхонадаги яшаш шароитларини видеога олиб, кўрсатув тайёрлаган ва халқдан унга бошпана қуриб беришга кўмак сўраган. Энг муҳими, бу ҳол уй қурилгунча ҳокимиятни ҳам, беванинг ориятли қариндошларини ҳам ташвишга солмаганди.
Дастлаб Навбаҳорнинг қариндошлари бу ташаббусни қўллаб-қувватлашган. Навбаҳорнинг тоғаси ҳадя қилган ерга ҳашар йўли билан уй қурила бошлаган. 23 июлга келиб, уй битиши арафасида маблағ етмай қолади. Шунда Жамшид Исматов ҳамкасблари Насим Холов ҳамда Сирожиддин Адиловларни чақириб, бева яшаётган оғилхонадан видеолавҳа тайёрлатади. Муҳими, аёлнинг уч гўдаги билан оғихонада яшагани мутлақ ҳақиқат.
Салкам 1,5 миллион обуначилари бўлган блогерларнинг шов-шувли лавҳаларидан сўнг яна маблағ йиғилади. Шунда уй қурилишига мутлақо кўмак бермаган Пастдарғом ҳокими ва милициясининг орияти уйғонади. Навбаҳорнинг акаси, аммаси ва ота-онасига блогерларни шахсий сирларни ошкор қилиш, обрўсизлантиришда айблаб, ариза ёздиришади. Иш бўйича юмалоқ-ёстиқ қилиб, маъмурий иш тайёрлаган туман милицияси судда блоггерларни жаримага торттиради.
Қизиғи, блогерлар аввал ҳам 4 нафар бошпанасиз оилага уй қурдириб берган экан...
Навбаҳор блогерлар ташаббуси билан ҳашар орқали қурилган янги уйда яшамоқда. Блогерлар ўзларининг ҳуқуқбузар эмасликларини исботлаш учун судма-суд юрибди. Бечора Навбаҳор ҳам блогерларни оқлаш учун улар билан бирга. Олий суд судьяси бу ҳолни тушунгандек бўлди, жабрланувчиларни ҳам бир сўрай, деб танаффус эълон қилди.
Кўрамиз нима бўлади: суд импотент ҳокимлик шаънини ҳимоя қилиб, ўзининг “адолатли” юришини давом эттирадими ёки замонамиз партизанларни оқлайдими?..
А.Ташанов
https://t.me/Hurfikruznews
85 views09:10