2022-12-31 08:47:47
МАМАТҚУЛ ҚУРБОНОВИЧ, БОШИНГИЗНИ БАЛАНД ТУТИНГ, ЎКСИМАНГ! КИМЛИГИНГИЗНИ ХАЛҚИМИЗ ЯХШИ БИЛИШИ КУНДЕК РАВШАН БЎЛДИ.
Вақти келса, кимнинг ким эканлиги маълум бўлади. Охирги кунларгача Маматқул Қурбонович Азизов номи фақат яқинларига, шогирду ҳамкасбларига ва у кишига иши тушганларга маълум эди. Эндиликда, бир томондан, бу фозил Инсон ҳақида у кишини билмаганлар ҳам маълумотга эга бўлди, номи жаҳонга таралди, десак муболаға бўлмайди. Бошқа томондан, ўз дил сўзларини Маматқул Қурбонович Азизовга айтишга вақт, фурсат ёки имкон тополмаганлар шундай имкониятга эга бўлди ва у кишининг қандай ажойиб Инсон, қўли эм ва меҳрибон шифокор, зўр ташкилотчи, талабчан ва шу билан бирга адолатли раҳбар эканлиги ҳақида ажойиб фиклар баён қилшди.
Ижтимоий тармоқларда Маматқул Қурбоновичнинг ноҳақ ишдан олинганлиги ҳақида эълон қилинган мақолаю постларга ёзилган шарҳларни ўқиган одам домланинг ҳурмати қанчалик баландлигига имон келтириши турган гап. Кўрамиз, вазир, ҳоким, сенатор ёки турли унвону орденлар олганлар ишдан четлаштирилсин-чи, неча киши “яхши инсон эди, халқпарвар раҳбар эди” деб, кўнгли ачиганча ўз жойига қайтаришни талаб қилиб чиқар экан.
Аммо бу талотўпли дунёда, тобора пул, носамимийлик, ошна-оғайнигарчилик устун бориб бўлаётган жамиятимизда мен М.Азизовдек катта эътиборга, оддий одамларнинг самимий ҳурматига сазовор бўлган комил инсонни биламан. Бу - Yusuf Abdullayev . Ҳа, профессор Юсуф Негматович Абдуллаев ҳақида гап кетмоқда. Балки бошқалар яна бундай инсонларни билар? Илоҳо, улар сони кўпайсин! Фақат улар туфайли жамиятнинг маънавий-ахлоқий, руҳий-тарбиявий савияси юксалиши мумкин.
Ўксинманг, Маматқул Қурбонович, бошингизни баланд тутинг, Сизнинг кимлигингизни халқ билади. Сизга нисбатан ноҳақлик қилинганлиги ҳали мамлакатимизда ижтимоий, маънавий ва ахлоқий муаммолар анча чуқур илдиз отганлигидан далолатдир. Сизга ўхшаганлар тиббиёт соҳасининг олтин фонди сифатида эҳтиёт қилиниши ва ёшларга намуна қилиб кўрсатилиши лозим, аслида...
Олтин зангламас. Шундай эмасми?..
Тошпўлат Раҳматуллаев
https://t.me/Hurfikruznews
86 views05:47