2022-10-04 21:28:56
Фалсафий матн юқори даражадаги абстракция ҳисобланади. Классик фалсафий китобларни ўқисангиз, асосан тушунчалар, концепциялар, уларнинг таърифлари, ўзаро алоқалари, мантиқий ривожланиш, изчиллик ва хулосаларни кўрасиз. Уларда кундалик ҳаётдан мисоллар жуда кам учрайди.
Шунгами, фалсафий асарни ўқиш кўпчилик учун зерикарли, камига кучли диққат талаб қилувчи машғулотдир. Ана шу жиҳати билан фалсафий матн метаматикага ўхшайди. Биринчидан, абстракция, иккинчидан, қаерда қўлланиши китобнинг ўзида мисоллар билан тушунтирилмайди. Математика дарсларида, айниқса, чуқур кириб борганингиз сари кўплаб формулалар, тенгламалар, масалалар қаерда, нима учун қўлланиши айтилмайди. Математикнинг ўзи ҳам билмайди баъзида. Аммо ҳисоб китоблар тўғрилигини билади. (Математиклар орасида файласуфлар кўп бўлгани бежиз эмас.) Фалсафий асар ҳам шунга ўхшаш мисолларсиз абстракциялардир. Аммо тушунган одам қаерда қўлланишини, дунёқарашнинг қайси жиҳатларини тартибга солишини билади.
Аксар классик фалсафий асарлар бир бутун ва изчил бўлгани учун орасидан алоҳида бир гапни ажратиб афоризм сифатида олиш қийин. Контекстдан юлингани учун унинг маъносини кўпчилик нотўғри тушуниб қолади. Масалан, Декартнинг “Фикрлаяпман демак мавжудман” деган ўша машҳур гапини фикрлаб яшашимиз керак экан, деган маънода талқин қилишади. Ваҳоланки, буни Декарт ўзидаги скептикликка қарши аргументларининг хулосаси сифатида айтган ва китобни ўқимаган одам буни тушунмайди. Ёки Кантнинг “Тажрибасиз ақл бўшдир, ақлсиз тажриба кўрдир” мазмунидаги гапини ҳаётий тажриба ақлни бойитади маъносида жўнгина талқин қилишганига гувоҳ бўлганман. Ваҳоланки бу гапнинг ҳаётий тажрибага алоқаси йўқ, балки эмпирицизм ва рационализм ўртасидаги баҳс контекстида тушунилиши керак ва буни ҳам китобини ўқимасдан англаш қийин. “Соф ақлнинг танқиди”ни тушуниб ўқиш эса кўпчилик учун гўр азоби. Аммо бу асар охирги икки асарда Ғарбда пайдо бўлган кўплаб турфа хил фалсафий таълимотларнинг бошида туради. Ҳатто бир-бири билан чиқишмайдиган позитивизм ва постмодернизм учун ҳам.
Ницше, Спиноза каби бир қарашда афоризмлар йиғиндисидек кўринадиган китоблар ёзган файласуфлар ҳам бўлган. Аммо, дейлик, Ницшенинг умумий қарашлари манзарасини билмаган одам ўша алоҳида афоризмларни тўғри тушуниши қийин. Сабаби яна ўша гап – бу китобларда мисоллар жуда оз келтирилган.
Шунинг учун жиддий фалсафий асар ўқишга аввало қизиқиш, сабр ва диққат керак бўлади. (Эҳтимол, қобилият ҳам керакдир.) Аввал-бошда кўп нарса тушунарсиз туюлади ёки хато тушунилади. Аммо бир калити топиб олинса, эврика лаҳзаси келади. Асардан асарга ўтганингиз сари инсоният тафаккурининг нақ 2.5–3 минг йиллик тафаккури ландшафти намоён бўла бошлайди. Ўзингиз ва дунёқарашингиз, қадриятларингизу эътиқодингиз ушбу ландшафтнинг қай бир пучмоғида турганини, ким сизга қўшни, ким узоқ, ким яқинлиги, ким қариндошлиги, ким аждодингиз эканлиги, ким амакиваччаю холаваччангиз экани намоён бўлади. (Марксизм ва нацизм амакивачча эканини тушуниш учун немис классикларини ўқиш керак. Баъзида битта фалсафий таълимотнинг икки жиҳати ёки талқини алоҳида ривожланади ва ўзаро рақиб таълимотларга айланади.) Аввал бошда навигациянгиз хато ишлаши мумкин, аммо борган сари аниқлашиб боради. Баъзилар дунёқараши ушбу ландшафтнинг аниқ бир жойида эмаслиги, балки тарқоқ, ҳатто қарама-қарши қутбларга туриб қолганини кўради, диссонанслар қизил чироқ бўлиб ўзидан белги бера бошлайди.
Мен ҳақиқий фалсафий асарлар ва уларнинг сифатли ёзилган тафсирларини назарда тутяпман. Ҳозир аслида псевдодиний ва псевдоилмий бўлган, аммо фалсафий деб аталган китоблар ҳам кўпайган. Қандайдир чўпчаклар, мифларни ҳам метафизика деб аташ урф бўлди.
477 viewsedited 18:28