2022-07-25 13:11:16
АЛЛОҲ МЕНИ КЎРИБ ТУРИБДИ
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен уч ёшимданамоз ўқир эдим. Тоғам Муҳаммад ибн Саввор мени кўриб қолсалар йиғлар эди.
Бир куни мен айтдим:
– Эй тоға, менда бошқача ҳолат юз бермоқда, кўнглим асло қарор тутмас! Нима қилайин?
Айтди:
– Эй Саҳл, бу ҳолатингни ҳеч кимга айтмагин, чунки ҳали болаликда ҳеч кимда бундай ҳолат юз бермаган.
Менга ўгит бериб, доим Аллоҳ билан бўлгин деб айтар эди. Кечалари уйғонганда, “АЛЛОҲ МЕН БИЛАН БИРГА”, “АЛЛОҲ МЕНИ КЎРИБ ТУРИБДИ”, “АЛЛОҲ МЕНГА ГУВОҲ БЎЛИБ ТУРИБДИ”, деб айтишга ўргатган эди.
Мен буни айтиб, жуда кўп фазилатлар топдим”. (Фаридуддин Аттор. Тазкиратул Авлиё).
Ота-она, бобо-бувилар, амаки-тоға ва фарзанд учун масъул бўлган барчага ушбу ривоят ибратдир. Болага ёшлигидан “АЛЛОҲ МЕН БИЛАН БИРГА”, “АЛЛОҲ МЕНИ КЎРИБ ТУРИБДИ”, “АЛЛОҲ МЕНГА ГУВОҲ БЎЛИБ ТУРИБДИ”, деб ўргатиш жуда катта самара беради. Орқасидан кузатиб юрмасангиз ҳам дарсларини қилади, ҳаромга қўл урмайди, зинога яқинлашмайди. Улғайганда ҳам Аллоҳ таоло тавфиқи билан барчага устоз, намуна бўладиган инсон бўлиб етишади. Чунки уни яхшилик қилишига ҳам, ёмонликдан тийилишига ҳам “АЛЛОҲНИНГ КЎРИБ ТУРГАНИ, АЛЛОҲНИНГ У БИЛАН БИРГА ЭКАНИ, АЛЛОҲ УНГА ГУВОҲ БЎЛИБ ТУРГАНИ”ни ҳис қилиши сабаб бўлади.
”Фазилатли амаллар” китобидан.
221 views10:11