2022-05-20 16:09:31
ФУТБОЛДАН КЕЙИН
Ҳеч қачон ўлмайди даҳолик ҳисси,
Гарчи минг тусланиб турса-да замон.
Барибир юлдуздир ҳамиша Месси,
Барибир қиролдир Роналдо ҳамон!
Шунчаки тутмаган улар бахт қушин,
Ҳар голи ҳаётга битта сармоя.
Улар – бир одамдан иборат қўшин,
Улар – бир кишилик терма жамоа.
Аббос гердаяди: “Месси зўр, Месси”
“Роналдо кучлироқ”. Бўш келмас Актам.
Тобора юксалар мухлислик ҳисси,
Қанча олқишласанг, гўё шунча кам.
Роналдо билмайди, олис бир юртда,
Унга ғойибона қанча издош бор?
Месси ҳам бехабар.
Аммо сукутда,
Юлдузлар туғишни унутган диёр.
Бизнинг Роналдолар ҳозир далада,
Хом ғишт қуяётир бизнинг Мессилар.
Сув тараб турибди бири ғаллага,
Бири қўй-қўзисин ўтлатиб юрар.
Улар ишни қилсин! Шартдир айни пайт,
“К.Р.ми ё Л.М.?”: бирини танлаш.
Бизнинг мақомимиз мухлислик фақат,
Ютса олқишлашу ютқазса йиғлаш!
Аммо туриб-туриб ўйлаб қоламан,
Сўрашга бор ахир ҳуқуқим, ҳаққим.
“Сен қачон Мессини катта қиласан,
Сен қачон Роналдо туғасан, халқим?”
@xurshidabdurashid
1.8K viewsedited 13:09