Get Mystery Box with random crypto!

СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ Омонмисан, синфдош дўстим? Ёдга солди сени қў | Xurshid Abdurashid

СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ

Омонмисан, синфдош дўстим?
Ёдга солди сени қўнғироқ.
Бир партада ўтирардик-ку,
Энди эса партамиз йироқ.

Тўққиз йилдан тўққиз умрнинг
Роҳатини туйгандек эдим.
Аммо андак оқибатсизман,
Сал унутиб қўйгандек эдим.

Ёдимдадир... Қадрдон мактаб
Ва қаттиққўл ўқитувчилар.
Уришса-да ўша вақтлари
Кўнгиллар кўп юмшоқ улар.

Аммо буни кейинроқ билдим,
Бошим тошни олганда нишон.
Мана энди ўйга тутилдим,
Бўлмоқдаман хотирпаришон.

Кетар чоғи... эсла мактабдан
Тўкиб солдик ғам-афсусларни.
Тўққиз йилда тўполон билан
Еб битирдик танаффусларни.

Афсусдаман... Ҳаммадан бурун
Қўл силкидим ва хайр дедим.
Ўша сўнгги қўнғироқни ҳам
Қўлим синсин... Мен чалган эдим.

Ўйин битди, тугади деркан,
Чалинганда унинг зарблари.
Қолар экан партага ўйиб
Битилган ул севги хатлари.

Мана, тағин сўнгги қўнғироқ
Садолари янграр хотиржам.
Бўлак қилди йўлларимизни
Бўлак қилди партамизни ҳам...

2017

@xurshidabdurashid