Get Mystery Box with random crypto!

Сен мусиқа бўлсанг, тингласам, орзу бўлсанг, сени орзу қилсам | Xurshid Abdurashid

Сен мусиқа бўлсанг, тингласам,
орзу бўлсанг, сени орзу қилсам мен.
Гул бўлсанг, авайласам, узмасинлар деб,
кулги бўлсанг, кўзимга муҳрласам сени.

Туш бўлсанг, сени кўриш учун ухласам,
тонг бўлсанг, сени деб уйғонсам фақат.
Сўз бўлсанг... гапирмасам сени,
секин шивирласам ўзимга ўзим.

Китоб бўлсанг, ўқиб ўтирсам сени,
саҳифалар оралаб муҳаббат изласам.
Топсам, ҳеч кимга айтмайин шодлансам,
сақласам сени энг яширин сир каби.

Кулсанг қувонсам мен, сўзласанг эшитсам,
овозингда қайғу гўзал,
ғам пинҳон табассумингда.

Бахт бўлсанг ярашар сенга, ёки муҳаббат бўл,
бари ярашади сенга гўзал туйғуларнинг.


@xurshidabdurashid