Get Mystery Box with random crypto!

*** Ўтиб бораётган ҳар бир кунимнинг Ортидан боқарман ҳорғин | Xurshid Abdurashid

***

Ўтиб бораётган ҳар бир кунимнинг
Ортидан боқарман ҳорғин қўл силкиб.
Қараркан, юраги оғримас кимнинг:
Қайтмайди ғам-қувонч, қайтмайди севги.

Кўзга муҳрланган лаҳзаларни сўнг
Хаёлда тиклайман минг бор уриниб.
Тасаввур етмайди – тасвир жуда жўн,
Излайман эслашнинг ўзга турини.

Кунлар соғинч ташлаб чопаверади,
У билан баҳсма-баҳс чопар юрагим.
Гоҳ қувонч, гоҳ оғриқ топаверади,
Бесамар курашда ярим бўлагим.

Биламан, кунларни бўлмас тўхтатиб,
Биламан, бу баҳсда ниҳоя йўқдир.
Битта хулосага келаман қайтиб:
“Инсон ўз қалбини ўзи ўқийди...”

"Фақат у қолди" китобига кирган шеърлардан

@xurshidabdurashid