2021-07-16 19:48:35
Сўнгги ҳафталарда деярли барча халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари Афғонистондаги вазиятни ёритмоқда. Шу кунларда барчанинг диққат-эътибори Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юқори даражадаги халқаро анжуман ўтказилаётган Тошкентга қаратилган ва кўплаб экспертлар фикрича, бу ижобий ўзгаришлардан далолатдир. Президентимиз Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг бир қатор давлатлари раҳбарлари ва ташқи ишлар вазирларини минтақадаги инқирозни бартараф этиш режасини биргаликда тузиш, барчамизнинг тинч умумий келажагимизга замин яратиш учун тўплади.
Мамлакатимиз жанубий қўшнимизнинг кескин ва давомли фожиасини ҳал этиш борасида музокаралар олиб бориш учун платформа бўлиб чиқиб, барча мамлакатлар ва сиёсий кучларни тинчлик ўрнатиш имкониятларини топишга чақирди. Шахсан менда бу сафар ҳаммаси ижобий ечим топишига яна умид уйғонди. Чунки ҳар сафар бир хил йўл тутиб, турли натижаларга умид қилиб бўлмайди - Афғонистондаги вазиятни ҳарбий усулда изга солиб бўлмайди. Бу ҳақиқатни ҳамма англагани улкан ютуқдир.
Бизга бахтли, барқарор ва иқтисодий ривожланган қўшни керак. Биз деярли бир минтақада яшаймиз, сувимиз умумий, иқлим ва экологиягамиз умумий. Чегаранинг ҳар икки томонидаги барча иқтисодчилар ва муҳандисларнинг узоқ кутган орзуси - Транс-Осиё темир йўлининг ниҳоят қуриб, битказилишига умид қиламан, бу Марказий Осиёни денгиз йўлига олиб чиқади ҳамда Марказ билан Жанубни боғлайди.
Президент Мирзиёев ушбу йўналишда журналистлар «тинчлик сари 10 қадам» деб номлашга улгурган қуйидаги ўнта қадамни белгилаб берди: иқтисодиёт, транспорт, рақамлаштириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, трансчегаравий таҳдидларга қарши кураш, экология, туризм, илмий-гуманитар алмашинувлар, фан ва технология, экспертлар мулоқоти.
Тошкент ўзининг қатъий позициясини билдирди - тинчлик ўрнатилсин.
Ижобий натижаларни сабрсизлик билан кутиб қоламиз!
31.7K views16:48