2023-06-06 20:58:40
Бугун кўплаб мамлакатларда дўст-биродарлар куни экан.
ДЎСТИМ
Дўстим, сенинг боринг не гўзал,
Не саодат менга дўстлигинг.
Дўст яратмиш бизларни азал,
Ўзлигимга ўхшар ўзлигинг.
Кўплар чертди қалбим дарчасин,
Сўз демай, дил эшигин ёпдим.
Менга ўхшамасди барчаси,
Қирқ йилдан сўнг мен сени топдим.
Қирқ йилдирки, ҳувилларди дил,
Хазон босган кеч кузаклардай.
Ва топишди иккита кўнгил
Айро тушган эгизаклардай.
Қисмат синовларга отса ҳам,
Барчасига тайёрман, шайман.
Сўнгги имкон қўлдан кетса ҳам,
“Дўстим бор-ку!” дея ўйлайман.
Кетсам – йиғла, элу юрт кўрсин,
Гарчи оғир дўстни кузатмоқ.
“Менинг дўстим кетди...” деб хўрсин,
Тобутимга елка тутган чоқ.
Не шарафдир сени дўст аташ,
Не ифтихор – турмоқ ёнингда.
Менинг руҳим – руҳингга адаш,
Менинг жоним – сенинг жонингда.
Бугун дунё савдога тўлди,
Қаҳат бўлмиш вафо, диёнат.
Сен ҳам мени сотмасанг, бўлди,
Қилмасанг, бас, менга хиёнат...
Абдунаби ҲАМРО
909 views17:58