2022-10-03 13:18:12
#Мулоҳаза
"БИР ҚИЗ СОЧИНИ ЁЙСА, ҚИРҚ ЙИГИТГА АЖАЛ ЧАҚИРАДИ" — ХАЛҚ МАҚОЛИ
Мактабда ўқувчи қизларнинг сочини ёйиб, сакраб, беҳаёларча рақсга тушаётгани видеосини кўрдим. Юрагим орзиқиб кетди. Бу ҳолатнинг чуқур-чуқур маъноларини ўйладим. Келинг, сизга бир гап айтай.
Халқимизда: "Бир қиз сочини ёйса, 40 йигитга ажал чақиради", деган гап бор. Пандемия, ижтимоий тармоқлар даври, қизиқарли шоулар олами авлодлар ва аждодлар ўртасидаги муносабатларни бузди. Ота билан ўғил, она билан қиз ўртасидаги фаол мулоқот йўқолди.
Сочлари қирқ ўрим жамалаксоч қизлар энди йўқ. Ёки узун-узун сочларини қалин қилиб, икки ўрим қилиб олган қизларни учратиш қийин бўлиб қолди. Нимадир ўзгарди. Нега соч ўрими мавзусини эсладик?
Аслида бу машғулот она билан қизнинг сирлашиш соатлари, меҳр улашиш онлари, ҳос тарбия ҳисобланади. Фарзанд онадан меҳр ва эътибор, энергия олади. Бу жараён ўзбекона мукаммал тарбиянинг бир қисми аслида. Қайдам, шу машғулотсиз ҳаёт жудаям рангсиз эмасдир, лекин турмушимизнинг бу ичкин, беназир маданиятини йўқотиб, унутиб нималар топдик биз?
Менинг момом сочларини ўрим-ўрим қилиб юрардилар. Уйларига меҳмонга борсак, ётар чоғимизда бизнинг пойимизга ҳокисоргина бўлиб жой солиб ётардилар. Сабабини сўраганимда, "Йигит кишининг ҳурмати бўлади, болам. Аёл доим ҳаддини билгани дуруст", дердилар. Бу 80 ёшни қоралаган кампирнинг 6-7 яшарлик набирасига айтганлари.
Фарзандингиз билан гаплашинг. Унга вақт топинг. Эътибор беринг. Қизларингизни сочларини ўзингиз меҳр билан ўриб қўйинг, шу чоғда она ва бола дилдан сирлашинг. Илтимос.
Ҳорун Бобоев,
Yoshlar kundaligi
1.8K views10:18