2021-05-30 08:10:38
ҲАЗРАТИ УМАР КЕЛИНИ
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Мадина кўчаларини бир-бир айланиб чиқар эди. Кунларнинг бирида қулоғига бир товуш эшитилди. Товуш келаётган томонга бориб яқинлашди. Ичкаридан бир хотиннинг товуши келар эди:
— Қизим! Озроқ сув олиб келсанг, сутга қўшар эдик, бугун сут кўзимга оз кўринаяпти.
Қиз ҳайратланиб:
— Вой, онажон! Нималар деяпсиз? Амирал мўъминийн сутга сув қўшманг, деб буюрган эди-ку, - деди.
Онаси унга жавоб бериб:
— Қизим, биласанки, тирикчилигимиз сут билан ўтади. Мен бир бева аёлман, ҳеч даромадимиз йўқ. Сутга бироз сув қўшсак кўпаяди, эҳтиёжимизга ишлатамиз, - деди.
Аллоҳдан қўрқиш қалбига жо бўлган одобли қиз:
— Онажоним, бугун сизга нима бўлди? Сизнинг бундай деганингизни Халифа эшитса нима бўлади? – деди.
— Қизим, кечаси бу вақт Халифа ухлаб ётибди. Бизнинг бу ерда сутга сув қўшганимизни қандай билади, қандай кўради? – деди.
Ул муборак қиз онасини гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилиб:
— Онажон! Бугун сизга бир нарса бўлибди! Сиз шундай сўзларни айтмоқдасиз! Сиз айтган ҳийлани Халифа агар кўрмаса, ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ билади ва кўради! Сутга сув қўшиш гуноҳдир! – деб онасини гуноҳдан сақлаб қолди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бу суҳбатни охиригача эшитдилар. Эртасига эрталаб у ерга келиб Аллоҳдан қўрқувчи, гўзал ахлоқли, яхши фазилатли, иффатли ва тарбияли қизни ўғилларига сўрадилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ўша муборак келинидан шундай авлодлар – фарзандлар дунёга келдики, улардан бири Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу каби адолатли бўлиб, тарихда иккинчи Умар деб номланган: Умар ибн АбдулАзиздир.
http://t.me/Mehrob_uz
55.6K viewsedited 05:10