2023-10-10 16:04:09
Гувоҳ суд мажлиси баённомаси билан танишиб чиқишга ҳақлими?
Бир гувоҳ тилидан: Апелляция судида раислик этувчи судья менга “Сиз биринчи босқич судида берган кўрсатувларингизни ҳозир ўзгартиряпсиз. Бунинг сабаби нима?” - деб савол берди. Шунда мен “Йўқ, мен биринчи босқичда қандай кўрсатув берган бўлсам, ҳозир ҳам шундай бермоқдаман”, - дедим. Кейин, ўша биринчи босқич судида менинг номимдан қайд этилган кўрсатувларимни ўқиб эшиттиришди. Ҳақиқатдан ҳам биринчи босқич суди мажлиси баённомасида кўрсатувларим ўзгартириб, қайд этилган экан. Дастлабки терговда кўрсатувимни ўқиб чиқиб, танишган эдим. Судда эса таништирилмадим. Таништирилганимда эди, эътироз билдирган бўлардим. Наҳотки, суд мажлиси баённомаси билан танишишга ҳақли бўлмасам?
Тўғри, амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 66-моддасида Сизнинг гувоҳ сифатида суд мажлиси баённомаси билан танишиб чиқиш ҳуқуқингиз назарда тутилмаган. Буни қонуннинг камчилиги, деб ҳисоблаймиз. Лекин Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бундай ҳуқуққа эга эканлигингиз аниқ ва тиниқ кўрсатиб қўйилган.
Яъни, унинг 34-моддасига кўра, давлат органлари ва ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари ҳар кимга ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шартдир.
Биринчидан, мазкур нормада фақатгина айбланувчи ёки жабрланувчи мақомидаги шахс ҳақида гап кетмасдан, балки ҳар ким назарда тутилган.
Иккинчидан, унда ҳар қандай жараён назарда тутилган. Яъни, шу жумладан, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, шунингдек суд жараёнлари кабилар ҳам.
Бунда танишиш талаб этилаётган хужжат талабгорнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлиши кифоя.
Учинчидан, давлат органларининг мансабдор шахсларига танишиш имкониятини таъминлаш мажбурияти юклатилган бўлиб, судья ҳам давлат органинг мансабдор шахси ҳисобланади.
Демак, Сиз ҳар қандай суд инстанциясида юритилган суд мажлиси баённомасининг ўзингизга дахлдор қисми билан танишиб чиқишга тўлақонли ҳақлисиз.
Эслатиб ўтамиз: суд мажлиси баённомасининг гувоҳ кўрсатувлари қайд этилган қисми, бу ҳужжатнинг айнан шу гувоҳ ҳуқуқлари ва қонуний манфааатларига дахлдор қисми ҳисобланади.
Каналга уланиш:
@Advokat_Abdullayev
16.4K views13:04