Get Mystery Box with random crypto!

Таътил жадвалида қандай таътиллар акс эттирилади? Таътил жад | YURISTKADR

Таътил жадвалида қандай таътиллар акс эттирилади?

Таътил жадвали қуйидаги таътилларни ўз ичига олиши керак:
ҳақ тўланадиган йиллик асосий таътил;
ҳақ тўланадиган йиллик қўшимча таътил;
жорий йил давомида ходим томонидан фойдаланилмаган ва кейинги йилга кўчирилган таътил.

Йиллик асосий таътилнинг давомийлиги, одатда, 15 календарь кун (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 134-моддаси).

Шунингдек, ходимларнинг айрим тоифалари учун қонунчилик йиллик узайтирилган асосий таътилни ҳам назарда тутади. Масалан, Меҳнат кодексининг 135-моддасига мувофиқ ушбу тоифаларга қуйидагилар киради:
ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга — 30 календарь кун;
ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига — 30 календарь кун.

Айрим тоифадаги ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларининг ўзига хос жиҳатлари ва хусусиятларини ҳамда бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча таътиллар ҳам белгиланади. Масалан:
меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ишларда банд бўлган ходимларга (137-модда);
оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида иш бажараётган ходимларга (138-модда);
меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ходимларга йиллик қўшимча таътиллар берилади.

Йиллик меҳнат таътилининг умумий муддатини ҳисоблашда қўшимча таътиллар асосий таътил билан умумлаштирилади (МКнинг 140-моддаси). Мисол учун, ходим И.Б.Шарипов қуйидаги ҳуқуқларга эга:
узайтирилган асосий таътил (30 календарь кун);
кўп йиллик хизмати учун қўшимча таътил (8 календарь кун);
зарарли меҳнат шароитида ишлаш учун қўшимча таътил (7 календарь кун).

Шундай қилиб, таътил жадвалида сиз 45 календар кун давом этадиган таътилни режалаштиришингиз керак (тўлиқ 45 кун ёки ходим билан келишилган ҳолда, таътилни қисмларга бўлинган ҳолда).

Таътил жадвалини ишлаб чиқаётган вақтда иш берувчи ва кадрлар хизмати ходими, алоҳида имтиёзларга эга бўлган ходимларнинг ҳохиш-истакларини, уларнинг қайси вақтда таътилга чиқишни ҳохлашларини инобатга олишлари керак.

Яъни, Меҳнат кодексининг 144-моддасига асосан қуйидаги ходимларга таътил уларнинг хоҳишига кўра ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак:
14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига;
I ва II гуруҳ ногиронларига;
1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;
18 ёшга тўлмаган шахсларга;
таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга;
жамоа шартномаси, келишувида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

@yuristkadr